Жума, 20 Aprel 2018

Кулгига нима етсин! (Хандалар)

Байрам дастурхони атрофида ширакайф уч йигит тортиша бошлашди:

— Дунёдаги энг аҳмоқона ўғирлик, троллейбусни ўғирлаш!

— Ундан ҳам аҳмоқонаси, трамвайни ўғирлаш!

— Биродарлар, биродарлар, тортишманглар! Сизлар лифтни ўғирлашга ҳаракат қилиб кўрмаганга ўхшайсизлар?!

***

Эр хотинига:

— Гап шу! Янги йилдан бошлаб оилада менинг айтганим айтган, деганим, деган бўлади! Мана, ҳозир ҳам кўриб турибман, менинг айтганимга қарши бормоқчисан!

— Қаршилик қилиш хаёлимгаям келгани йўқ! Жим турибман-ку?

— Ундай бўлса, юзингдаги норозилик оҳангини тезда ўчир!

***

Мактабда:

— Қани болалар, смартфон, планшетларни олиб қўямиз! Бугун ҳаммамиз биргаликда “А” ҳарфини ёзишни ўрганамиз!

***

Қуён кенгуруга мақтанди:

— Болаларимни кўр! Нега сенинг болаларинг бунча кам?

— Чўнтагим кўтармайди!

***

У ўзига ўзи тавсифнома ёзгунига қадар, бунчалар ажойиб ходим эканлигини билмаганди.

***

УФФФФ! Фитнес, салон, парҳезлар… Ҳаммаси жонга тегди! Тезроқ эрга тега қолсайдим!

***

— Азизам, бугун жудаям чиройлисан…

— Нима, кеча хунукмидим?!

***

— Сочларим тўкилиб кетаяпти.

— Кўрдингми, ҳатто улар ҳам сен билан яшашдан чарчабди!

***

Қуён билан илон учрашиб қолишди. Қуён билағонлик қилиб деди:

— Янги қонунга кўра олтидан кейин таом ейиш тақиқланади.

— Сен олтинчисан!

***

— Тавба, бугун қўшним қоқ ярим кечаси эшигимни тақиллатиб чиқса бўладими? Қўрқувдан дрелим қўлимдан тушиб кетай деди-я?!

***

— Кечирасиз, ёшингиз нечада?

— Ўттизга тўлдим.

— Тўлиқроқ гапиринг, нечанчи йилда тўлдингиз?

***

Ўз гўзаллигингга доим ишон! Ёдингда тут, тарози алдайди, одамлар кўролмайди, кўзгу эса умуман қийшиқ!

***

— Э, ошна, мен ичмайман, чекмайман, аёллардан умуман нари юраман. Бекорчи гапларга аралашмайман. Кино, театрга бормайман, барвақт уйқуга ётиб ҳеч қачон парҳезни бузмасликка ҳаракат қиламан. Кам бўлганим йўқ. Мана, эртага 80 ёшимни нишонлайман.

— Ё тавбангдан кетай, бунақа ҳаётнинг нимасини нишонлайсан?

***

— Болтабоев сен нега дарсда эмассан?

— Директорга интервью бергани кетаяпман.

— Қанақа интервью?

— Ошхонанинг ойнасини қандай синдирганим тўғрисида.

***

Шифокор қабулида:

— Доктор, мана биз ҳам келдик.

— Биз деганда кимни назарда тутаяпсиз?

— Мен ва вирус!

 Дилдора НАЗАРОВА.