Душанба, 15 Oktabr 2018

Кўнгил равшанлигига қандай эришиш мумкин?

— Нега кимдир ҳақида гапирганда, кўнгли очиқ деймиз, баъзиларни эса ичи қора деймиз? — сўради қиз онасидан. — Ахир инсоннинг ичини кўриб бўлмайди-ку, буни қаердан билиш мумкин?

— Кўнгли тоза одам билан учрашганингда, бутун қалбинг ёришиб кетади, — жавоб қилди она. — Агар қалбингда бирон оғриқ бўлса, ёнингда бунақа одам борлигида у босилади. Бу тоифадаги инсонлар билан суҳбатлашиб, Яратган сени шу қадар яхши инсонлар билан учраштирганидан севиниб кетасан, қалбингда ўзингга, бахтли келажакка ишонч уйғонади. Ўзинг ҳам ҳам ўшалардек ҳаммага яхшилик қилгинг, ҳаммани яхши кўргинг келади.

— Агар инсон тўғрисини айтса-ю, бу ҳақиқатдан менинг дилим оғриса-чи? Кайфиятим тушиб, умидсизлана бошласам… Бу ўша инсоннинг ёмонлигини ва иккиюзламачилигини билдирадими?

— Йўқ, қизалоғим, бу ўша инсоннинг қалбига ёруғлик етишмаётганидан дарак. Шунингдек, бу унинг бахтсизлигини ва ўша туйғуларини ўзи билмаган ҳолда сен билан бўлишаётганини билдиради.

— Бу вазиятда қандай йўл тутишим керак?

— Ўша инсоннинг қалбини ёритишга ҳаракат қилишинг зарур. Уни ёритишга қанча кўп куч сарфласанг, сенинг қалбингга Яратган яна шунча ёруғлик беради.

Аслида ўйлаб қарасак, шунчаки илиқ табассум, яхши муомала ҳам суҳбатдошимизнинг қалбига бир олам ёруғлик бағишлайди. Уни қўллаб-қувватлаётганингизни билдириш ёки амалий ёрдамнинг қудратини эса тасаввур қилаверинг! Шундай экан, атрофингиздагилардан ана шу оддий неъмат — ширин сўзингизни қизғанманг, азизлар!

Муҳаббат ШАРИФОВА тайёрлади.