Чоршанба, 20 Июнь 2018

Киндик қисмида оғриқ бошланса…

Савол: Бир неча йил кўп қаватли уйда яшадик. Икки йил олдин ҳовлига кўчиб чиқдик. 14 яшар ўғлим отаси билан дам олиш кунлари ҳовлида турли юмушлар қилишади. Баъзида қум, цемент, оғир тошларни ҳам ташишга тўғри келади. Тўсатдан ўғлимнинг киндик қисмида оғриқ бошланди. Шифокор киндик чурраси  ташхисини қўйди. Бу касалликнинг олдини олиш учун нималарга эътибор бериш керак?

Жавоб: — Бизни оналаримиз кўпинча фарзандларини, айниқса ўғил болаларни ёшликдан оғир меҳнатда катта бўлишларини исташмайди. Она меҳри кучлилиги сабабли уларни ишга бўйин эгмайдиган, дангаса бўлиб қолишига ўзлари сабабчи.  Баъзи бир оилаларда ўғил болаларни ёшликдан меҳнатга пишиқ пухта қилиб тарбиялашади. Ундай болалар ҳам соғлом, чайир бўлиб ўсишади. Беш ўн килограмм юк кўтарса, бели қайишадиган болаларда эса юқоридаги каби киндик чурраси ривожланиши мумкин. Агар бола ёшлигидан оз-оздан оғир юк кўтаришга ўрганиб борса, унинг организмини ҳеч қандай касаллик безовта қилмайди. Акси бўлса, бирданига оғир юк кўтариш натижасида кутилмаган касалликлар бошланиш эҳтимоли кучаяди. Юқоридаги онанинг ўғли ҳам худди шундек оғир меҳнат қилмай, тўсатдан юк кўтариши натижасида киндик чурраси бошланган.

Болаларда кўпинча қорин олди деворлари мушакларининг бўшашиши ҳисобига келиб чиқади. Бу асосан кам ҳаракатлилик, жисмоний машқларни бажармаслик, тўсатдан оғир меҳнат қилиш натижасида бошланади. Мисол учун, тош кўтарувчи спортчилар энг даставвал 5 кг тош кўтаришдан бошлашади. Кейин 10 кг, секин-аста вазн қўшиб бораверади. Киндик чурраси 0.5 сантиметрдан ўсишдан бошланиб, секин-аста катталашиб, ҳатто қорин билан тенглашиб қолиши мумкин. Чурранинг олдини олиш учун ёшликдан мушакларни бақувват қилишга ҳаракат қилиш керак. Чуррага мойиллик бошланган одамлар сигарет чекиши умуман мумкин эмас. Киндик чуррасини фақатгина жарроҳи қилиш, қорин қисмига жарроҳлик сеткасини қўйиш орқали унинг ривожланишига тўсқинлик қилиш мумкин.

 

Дилшод УМАРОВ,

олий тоифали шифокор,

тиббиёт фанлари номзоди.