Жума, 14 Декабрь 2018

Қиз боланинг чин уйи

– Ким бор, аяжо-он? — Дилсўз қия очиқ дарвозадан ичкарига қадам қўя туриб овоз берди. — Аяжон, келинпошша…

– Келавер, қизим, бу ердаман!.. — Дилором ҳовли бурчагида жойлашган ҳаммомдан бошини чиқариб жавоб қилди. — Эрталабдан келишларингдан айланай-да, ўзимнинг она қизим… — Қўлини сочиққа артганча уст-бошини тўғрилаб қизига пешвоз чиқди. Дилсўз онасини қучди:

– Ассалому алайкум, аяжон. Яхшимисиз? Дадам яхшимилар? Укам, келинпошша…

– Шукр, қизим. Ҳаммамиз яхшимиз. Ўзинг, куёв, болалар, қайнота-қайнонанг яхшими? Соғ-саломат ишлаб юрибсанми?

– Ҳа, шукур, ҳаммамиз яхшимиз. Бугун дарсим тушдан кейин бошланади. Куёвингизни ишга, болаларни мактаб–боғчасига кузатиб, сизга иссиқ нон билан кабоб олиб келдим, аяжон. Келин чой қўйворса, аёллар ўтириб бир кабобхўрлик қилардик…

– Ўзим чой қўяман, жоним. Келин кеча онасиникига кетганди…

– Онасиникига?! Тинчликми, нега? Беш кун олдин келганимда ҳам уйда йўқ эди, онасиникига кетганди, тинчликми, аяжон? Мен билмайдиган бирор гап борми ёки?!

– Болам-эй, — қизининг қўлидагиларини олиб уйга бошлади Дилором. — Янги келин ахир, уям сенга ўхшаб онасининг ёлғиз қизи, тез-тез хабар олиши керак. Онасини соғинади-да, болам.

– Аяяя!.. — Дилсўз қизишиб кетди. — Мен ҳам келин бўлганман, мен ҳам сизни соғинганман, айтганингиздай сизларнинг ёлғиз қизингизман. Бунинг устига келинингизга ўхшаб етти маҳалла нарига эмас, шундоқ кўчамизнинг бошига келин бўлиб тушганман. Тўйдан кейин бир ой деганда, “Чорлар” қилганингизда келгандим. Удумларимизга кўра узатилган қиз онасиникига “Чорлар”га келганида ётиб қолиши керак. Лекин сиз ётиб қолишимга рухсат бермагандингиз. “Сен энди бу уйга фақат меҳмонсан, чин уйинг — эрингнинг уй. Ота уйингдан сенга наф йўқ” дегандингиз. Уч болали бўлибманки, шу гапингиз эсимдан чиқмайди…

– Тўғрисиям шу-да қизим. — Дилором хижолат чеккандай кулимсиради: — Ичкарига кир, қизим, остонада туравермай.

– Тўғрисиям шу бўлса, аяжон, келинингизга ҳам айтсангиз-чи? Келин бўлиб тушганига уч ой бўлгани йўқ, қачон келсам онасиникида бўлади. Эҳ, укагинам-а, қандай қизлар тегмасди укамга…

– Яна бошладингми? — Дилором ҳам қаҳр, ҳам ранжиш оҳангида эътироз қилди. — Жон қизим, тинч келиб, тинч кетгин! Биламан, ишинг қийин, ўқитувчилик доимий асабийлашишни тақозо қилади. Лекин уйга келганингда инжиқлигингни олиб келма…

– Инжиқлик қилмаяпман, аяжон… — Дилсўз қўлини ювгани ҳаммомга ўтиб, тағин жиғибийрон бўлди: — Ая, ҳали ўзингиз кир юваётганмидингиз?!

– Оббо… — Дилоромхон айб иш устида қўлга тушгандай талмовсиради. — Бир- иккита қўл сочиқчалар, дастурхонлар… Одам ҳаракат ҳам қилиб туриши керак-ку?..

– Дадамнинг кўйлаклари, Фарҳоднинг шими, свитери… Дастурхон билан сочиқчалар, денг…

– Қизим…

Дилсўзнинг кўзи ёшга тўлди.

– Одам нима учун келин қилади, ая? Бошқаларнинг келинини қаранг, ая, сочи — супурги, қўли — косов. Мен уни хизматкор қилинг демаяпман, ҳеч бўлмаса келинлик вазифасини бажарсин!

– Бўлди! Бу уйнинг бекаси битта, Дилсўз, мен! Сен чиққан қизсан, ўрнингни билиб келиб-кетгин! Келин хизматкор эмас, ўғлимнинг хотини, уқдингми?!

Дилсўз индамади. Чой дамлади. Дастурхон ёзди. Таом устида она-қизнинг гапи қовушмади. Бир оздан кейин онаси билан хайрлашиб, уйдан кўнгли хира чиқди. Онаси ҳам аслида ўзидан ўтганини ўзи билади. Ўғлини ўйлайди. Яна икки ўғли бор уйланадиган. Одамлар нима дейди, ҳар доим қайноналарни айбдор қилиб ўрганган ғийбатчилар “битта келин билан чиқишолмади”, деб маломат қилади. Гап-сўз…

***

– Ойижон, бунча оғир бу халталарингиз, нима солдингиз? — Нигина онаси қўлига берган халталарнинг оғирлигидан малолланди.

– Оғир эмас, болам, тўртта патир, аканг Россиядан юборган шоколадлардан оз-оздан солдим… Қайнатилган гўшт, олма-анор…

– Ойижон, уйимизда ҳам бор бу нарсалар. Куёвингиз хафа бўладилар. Қайнонамнинг ҳам кўнгилларига ҳар гап келиши мумкин.

– Ёлғиз қизимсан-да, нима қилай, илинаман. Сенсиз томоғимдан ўтмайди.

– Тушунаман. Лекин мен ҳар доим уйдан нарса ташисам, куёвингиз хафа бўладими, дейман…

Нигина онаси билан хайрлашиб, такси тўхтатиб ўтирди. Юраги харсанг тош осилгандек юкли эди. Ўн кун ичида икки марта ота уйига келиб кетди. Тўйига уч ой тўлди, уч ойдан бери онаси кунда тўрт марта қўнғироқ қилади. Икки гапнинг бирида “Чарчамадингми? Иш кўпми? Яхши овқатланаяпсанми? Ҳеч ким сени хафа қилмаяптими?”… Бу саволлар аввалига Нигинага ғамхўрликдай туюлар, хуш ёқарди. Кейинчалик онасининг сўроқ-саволлари  ғашига тегадиган, янги уйга ўрганиб-кўниб кетишига халақит бераётганини ўйлаб, кўнгли хижил тортадиган бўлди. Бирор тансиқроқ овқат қиладиган бўлса ҳам, онаси Нигинага қўнғироқ қилади. Уйига меҳмон келса, Россияда ишлаётган акалари қўнғироқ қилса, пул жўнатса ҳам, онасини уни чақириб олаверади. Тағинам қайнонаси яхши, кулибгина қўяди: “Майли, қизим, бориб кела қолинг, онангиз соғингандир”, деб. Янгалари уч-тўрт ойлаб онасиникига бормайди. Бечоралар эри узоқда, қайнонасидан рухсат олиш учун минг истиҳола билан гап очса, онаси қовоқ-тумшуқ билан рухсат беради. Сўнг буни гапириб ҳам юради, “Уйда шунча иш турибди, қўғирчоқдай кийинди-ю, она уйнинг йўлини тутди”, деб.

Нигина йўл бўйи шуларни ўйлаб келаркан, келинлик уйи остонасидан хижолатлик билан ичкарига қадам қўйди. “Агар бирор ишни қилганингда ичингда, ўзингдан, виждонингдан уялиш ҳиссини туйсанг, демак хато қилаяпсан”. Бир китобда шундай фикрни ўқиган эди. Ҳа, у хато қилаяпти. Меҳрибон қайнонаси, ғамхўр қайнотаси, севимли жуфти, қайнбўйинлари уни ҳурмат қилишади, яхши кўришади. Нигина уларнинг меҳр-муҳаббатини қадрламаётгандек ҳис этди ўзини. Уйида иш қайнаб ётгани ҳам йўқ. Ҳафтада бир-икки уй тозалаш, ҳар куни бир марта ҳовли супуришни айтмаса, кун бўйи китоб, газета-журнал ўқиб вақтини ўтказади. Тўйдан кейин куёви ишга ҳам қўймади.

– Бир оилага ҳамшира керак, ўзимизга, қўни-қўшнига ҳамширалик қиласиз, — деди Фарруҳ. — Туман марказига қатнаб ишлаш осон эмас, ёзнинг жазирамаси, қишнинг совуғи бор. Қийналиб юришингизни истамайман. Сиз менинг жуфти ҳалолимсиз. Опам, укаларимни ўз жигарларингиздай кўриб, ота-онамнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, хизмат қилсангиз бўлгани. Сиздан бошқа ҳеч нарса талаб қилмайман…

Унаштирилганларида Фарруҳдан бу гапларни эшитганида, Нигинанинг юраги  қувонч ва саодатдан ҳапқириб кетганди. Онасига уйда ўтириши ҳам ёқмаяпти:

– Уйда ўтириб қоласанми? Чўри бўласан-да! Эрта-индин қайнингга ўқиган, ишлайдиган келин туширишса, кўнглинг кемтик бўлиб ўтирасанми?..

– Қайтага менга уйда ўтириш ёқади, ойижон. Мен ишсиз эмасман. Ҳамшираман. Чеварман. Уйда ўтириб ҳам ишласам бўлаверади… — Нигина куёвнинг талаби ўзига маъқул келганини яширмади…

… — Келдингизми, келинжон?.. — Нигина ошхонадан чиқиб келган қайнонасини кўриб хижолатданми, хаёлга берилганиданми, талмовсираб қолди. Бир лаҳзалик тараддуддан сўнг салом бериш кераклигини эслади:

– Ассалому алайкум, ойижон! Яхшимисиз? Яхши ўтирибсизларми?..

– Шукур, келинжон. Биз яхшимиз. Онангиз, дадангиз яхши эканларми?

– Шукур… — Нигина юзини яширишга уринди. — Салом айтиб юборишди.

– Саломат бўлишсин. Энди овқатни сузмоқчи бўлиб тургандим. Фарруҳбек ҳам ишдан қайтди. Дадангиз, укаларингиз ҳам бугун эртароқ қайтишди. Қайнатма солиб қўйгандим. Ҳаммамиз йиғилишдик, энди овқатни сузсам ҳам бўлади…

Қайнонасининг овозида зарда ёки пичинг оҳанги сезилмасди. Қўлидагиларни ошхона қўйиб, ўзларининг уйига кирди. Эри ётоқда чўзилиб ётган экан. Саломига ўрнидан қўзғалмай алик олди.

– Нигина, — Фарруҳ ўрнидан турди. — Кеча менга қўнғироқ қилиб онангникига бормоқчилигингни айтганингда, рухсат бермагандим, онамга айтиб кетибсанми?

Нигина талмовсираб қолди.

– Онамнинг кўнгли бўш, сени хафа қилишни хоҳламаган. Лекин мен хафа бўлдим. Сенга айтган эдим-а, онангнинг уйидан егулик олиб келма, нима егинг келса, ўзимга айт, олиб келаман, деб. Ҳозир яна оғир халта кўтариб келдинг. Ойда икки марта онангни кўриб келишингга рухсат беришимни айтгандим, бир ой ичида бу бешинчи бора ота уйингга бориб келишинг. Шунақами?

– Онам соғинганларини айтиб, чақиртирдилар…

– Нигина, Дилсўз опам узатилганида биз ўсмир бола эдик. Онам “Чиққан қиз чиғириқдан нари, қиз боланинг чин уйи — эр уйи” деб опамга ҳар келишида уқтирардилар. Бирор тансиқ овқат пиширсалар, биздан бериб юборардилар. Узатилган қиз ҳадеб ота уйининг йўлини тутаверса, янги уйга кўникиши қийин бўлади. Сенга гапларим ғалати туюлаяптими? “Аёлларга ўхшаб гапиряптилар?” деб ўйлаётгандирсан. Лекин мен бу гапларни сенга айтганим бошқача, онам ё опамдан эшитганинг оғир ботади. Онам гапирмайдилар, сенга озор беришни истамайдилар. Опамда ҳам бизнинг оиламизга аралашиш ҳуқуқи йўқ. Шунинг учун ўзим айтаяпман, агар оила қилишни, бахтли хонадон бекаси бўлишни истасанг, икки куннинг бирида ота уйингнинг йўлини тутишни тўхтат. Сен энди оилали аёлсан. Ўз уйинг, рўзғоринг, ўз ташвишларинг бор. Бугун-эрта укам уйланса, қозонимиз бўлак бўлади. Мен “Қачон онасиникидан қайтиб, менга бир қошиқ ёвғон тутади?” деб кутиб ўтираманми? Ота уйинг ортда қолди. Уйланишимдан олдин тоғам: “Бир пайтлар никоҳ кечасида куёв келинчакни остона олдига олиб келиб урмоқчи бўлган, келин қочиб уйга кирса, хосиятли, уйим-жойим дейдиган бўлади, остона ҳатлаб чиқиб қочса, ҳар куни тугунини кўтариб, “Онамникига кетаман!”чи бўлади, деб ирим қилишган” дегандилар. Мен бир аёл билан икки дунёда бахтиёр бўлиш учун уйланганман, Нигина. Шуни ёдингда тут! Илтимос, сендан, бошқа бу мавзуда гаплашмайлик!..

Нигина хижолатликдан йиғлаб юборгулик ҳолатда ётоққа чўкди. Эри ҳақ. Пешонаси ярқираган экан, шундай хонадон, қайнота-қайнона, Фарруҳдай йигит учради. Бу бахтни  қадрлаб, авайлаши керак…

Кечки овқат устида Дилором келини, қудаларини алқаб, дуо қилиб қудағай бериб юборган егуликларни дастурхонга тортар экан, Нигинанинг кўнглидаги ғашлик тумандай тарқаб кетди…

 Умида АДИЗОВА.