Жума, 14 Декабрь 2018

Иймонани пуллаган Солиҳа

2017 йил 3 август куни Навоий вилояти божхона бошқармаси ҳодимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида яқиндагина туғилган ва шахсини тасдиқловчи бирорта ҳужжати бўлмаган қизалоғини 5 млн. сўмга сотаётган пайтда — жиноят устида қўлга олинган аёл ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Иймона исмли қизалоқнинг онаси Солиҳа Мирзаевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Яқинда Жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди томонидан аёлнинг чин кўнгилдан пушаймонлиги ва маҳалланинг кафиллиги остида ушбу қизалоқни тарбиялашига шароит яратиш мақсадида Солиҳа Мирзаева 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси билан жазоланди.

Навоий вилояти божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда шунга ўхшаш яна бир қонунбузарлик ҳолатига чек қўйишди.

Фуқаро Бозоров (исм, фамилиялар ўзгартирилган) ўзининг жиноий фаолиятини амалга ошириш учун фуқаро Сотволдиева билан жиноий тил бириктириб, унинг 5 кунлик фарзандини нотаниш шахсга 4 600 000 сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” бандидага кўра жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навоий вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.