Чоршанба, 21 Fevral 2018

Исмига монанд гўзал актриса

Болливуд кино оламининг энг ёрқин юлдузлари ҳақидаги саҳифамизнинг навбатдаги янги қаҳрамони латофатли модель, исми қиёс этилган табиат мўжизаси наргис гулидек гўзал актриса Наргис Фахридир. Бугун унинг машҳурлик онлари, мода оламидаги жўшқин фаолияти ва, албатта, бир-биридан ажойиб роллари хусусида сўз юритамиз.

 Дебют ижродаги муваффақият сири нимада?

Наргис Фахри 1979 йили 20 октябрда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Куин штатида туғилган. Отаси Муҳаммад Фахри асли покистонлик, онаси Мариянинг келиб чиқиши чехияликлардан бўлган.  Аммо улар Наргис олти ёшга тўлганида ажрашиб кетишди. Наргис болилигидан шўх-шаддод ва қизиқувчан бўлиб улғайди. Америкадек катта минтақада туғилиб, ҳавосидан нафас олган қалби орзуларга тўла чиройли қизнинг кино оламига кириб келиши Болливуд майдонида кечди. 2011 йили таниқли режиссёр Имтияз Али Наргисни “Рок юлдузи” кинокартинасига таклиф этди. Бу фильмда ёш актёр Ранбир Капур актрисага муносиб партнёр бўлган. Мелодрама бош роль ижрочиларига “Фильмфейр” тақдимотида “Энг яхши дебют ижро учун” номинациясида ғолиблик олиб келди. Тамомила ўзгача мюзикл жанрда яратилган картинада Болливуднинг нуфузли кинокомпозитори, профессионал мусиқий продюсер Алла Раҳмоннинг маҳоратли услубини кўриш мумкин.

Она юртга бўлган юксак муҳаббат туйғуси

Наргис кейинчалик телевидениенинг “Америкаликлар топ модели” шоусида мунтазам қатнашиб юрди. Мухлислар бу гўзал чеҳрани модель сифатида хотирасига муҳрлай бошлашди.  2013 йилга “Мадрас” номли қаҳвахона” картинасида Болливуднинг дунёга машҳур ёқимтой актёри Жон Абрахам билан севишганлар ролини ижро этди. “Мадрас” номли қаҳвахона”да бош қаҳрамон Викрам Сингх ҳинд армияси офицери бўлиб, Жаффнада жосуслик операциясида қатнашади, юрти учун жон беришдан ҳам қайтмайди. Ватанпарварлик ғояси илгари сурилган мазкур картина ўз даврида мутахассислар томонидан кўплаб фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Актёрлар ҳам маҳоратли ижро орқали она юртга бўлган юксак муҳаббат, содиқлик туйғуларини акс эттира олишган.

 Севишганлар учбурчаги 

Шу йили Наргис “Суратдаги қаҳрамон” лойиҳасида комео сифатида мусиқий композицияда қатнашди. Гўзал латофат эгасининг рақс ҳаракатлари, чиройли табассуми фильм муваффақиятига ўзгача кўрк бағишлаган.

Дунё кино прокатида актриса учун чексиз шуҳрат олиб келган картина 2014 йили суратга олинган режиссёр Давид Дхаваннинг романтик руҳдаги “Мен сенинг қаҳрамонингман” комедияси бўлди. Фильмда ёш актёрлар жамоаси Варун Дхаван, Илиана Ди Круз ҳамда Наргис Фахри эҳтиросли севишганлар учбурчагида намоён бўлишади. Кино асар 274 579 АҚШ долларида даромад тўплади ҳамда тезда машҳур бўлиб кетди.

“Йил фильми” мукофоти топширилди

Машҳурлик санъаткор ижоди учун муваффақиятлар эшигини очиши, шубҳасиз. Айниқса, ҳозирги глобал даврда Наргиснинг кинодаги ютуқларини кўрган америкалик мода вакиллари латофатли актрисани турли реклама ва ТВ лойиҳаларга таклиф эта бошлашди.

2015 йили яратилган “Шпион” комедиясида Наргис мафтункор қиз Лиа образини талқин этган. Жанг саҳналари ҳам ўрин олган мазкур фильм кўп жиҳатдан актрисанинг маҳоратини кўрсата олди.  Ҳиндистоннинг миллий телеканали мазкур картинага “Йил фильми” мукофотини топширди.

 Маҳорат ва шуҳрат пиллапоялари

2016 йили май ойида премьера қилинган режиссёр Тони Де Сузанинг “Азҳар” картинасида Наргис маҳоратли актёр Имрон Хашми билан ажойиб севишганлар қиёфасида намоён бўлди. Драма жанридаги фильмнинг сценарийси Ражат Арора қаламига мансуб.

Тамомила янгича услубда яратилган “Тўла уй 3” картинасида Наргис Болливудда кучли маҳорат эгалари бўлган Акшай Кумар, Жаклин Фернандес, Абхишек Баччан, Жеки Шрофф, Боман Ирани, Ритеш Дешмукх сингари актёрлар билан суратга тушди. Продюсер Сажид Надвала, режиссёр Фархад Сажид мазкур таркибнинг ўзига хос танлови орқали кутилмаган шуҳратга эришди. Наргис иштирокидаги яна бир қатор “Ўйин”, “Банжо” картиналари ҳам муваффақиятли чиқди.

 Кассабоп лойиҳалар рўйхатида…

2017 йили Наргис бош ролда иштирок этган “Бешта тўй” фильми кассабоп лойиҳалар рўйхатига кирди. У бугун ҳинд киносида кучли актрисалар қаторига қўшилган. Наргис Фахрини профессонал фотография учун операторлар махсус фотосессияларга чақириб, журналларда латофатли актрисанинг суратларини босишмоқда.

FASHIONY” номи остида фаолият юритаётган модалар уйининг 2017 йили тақдим этган рўйхатида Наргис Фахрининг ҳам номзоди киритилган. Актриса ҳозирда кинодаги жўшқин ижод билан биргаликда мода оламида ҳам турли лойиҳалар устида ишламоқда.

Достонбек  РАҲМАТУЛЛАЕВ тайёрлади.