Сешанба, 19 Июнь 2018

Ишончномага ишонч борми?

Ўзингизга маъқул автомобиль русумини танлаб, харид қилмоқчисиз. Бензин нархи, автомобиллар тўхташ жойи ёки гараж муаммоси кабилар ҳам сизни аҳдингиздан қайтара олмайди. Бироқ, энг асосийси, орзуингизни амалга ошириш учун етарли маблағ масаласи ҳал бўлмаган…

Машинанинг эгаси ким?

Ҳозир ишончнома орқали хусусий шахслардан машина “харид” қилиш урфга кирган. Машина эгаси пулни олади ва сизга машинани бошқариш ҳамда уни тасарруф этишга ишончнома беради. Ҳуқуқий жиҳатдан “автомобилни ишончнома орқали сотиш” тушунчаси йўқ. Шунинг учун ҳам, томонлар аниқ бир шаклда шартнома тузмайдилар. Бунақа кўринишдаги “харид”нинг ўзига хос хусусиятлари бор: амалда шартлашган томонларнинг жавобгарлиги йўқ ҳисоб ва  бу “ишонч” исталган кўриниш олиши ҳеч гапмас. Ишончнома асосида машина олаётган бўлсангиз, мулк сифатида машинага эгалик ҳуқуқини олмайсиз. Ишончнома бўйича машинадан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлсангиз-да, машинага бўлган эгалик ҳуқуқи автомобилнинг эгасига тегишли бўлиб қолаверади. Баъзи нохушликлар айнан шундан келиб чиқади.

Салбий оқибатлар

  • Харидор (кўпчилик ўйлаганидек) ишончнома асосида “сотиб олинган” автомобилни номига расмийлаштира олмайди (ўзига сота олмайди).
  • Автомобилнинг эгаси истаган пайтида сотиши, совға қилиши, гаровга бериши ва, табиийки, автомобилни қайтариб беришни талаб қилиши мумкин.
  • Бундан ташқари, унинг эгаси вафот этган тақдирда, меросхўрлар машинани умумий мерос сифатида сиздан қайтариб беришни талаб қилишлари мумкин.

 Бундан буёғи суд…

Хўш, бунлай вазиятда нима қилиш мумкин? Аввало машинага эгалик ҳуқуқингиз борлигини асословчи далиллар билан даъво очишингиз керак. Ишга тааллуқли бошқа далиллар сифатида ҳар қандай ёзма (тилхат, хат ёки бошқа) ҳужжатлар судга тақдим этилиши лозим. Мабодо сиз фойдаланиб турган автомобиль учун пул маблағи берилганини исботловчи далиллар тақдим эта олмасангиз, даъвоингиз қаноатлантирилмайди ва машинани қайтаришингизга тўғри келади. Машинани таъмирлаш, суғурта расмийлаштирганингиз, сигнализация ўрнатганингиз ва шунга ўхшаш бошқа харажатлар далил ҳисобланиб, автомобилга бўлган эгалик ҳуқуқингизни исботлашда фойдаланиш мумкин.

Қандай ҳолларда ишончнома бекор қилинади?

Ишончноманинг амал қилиши Фуқаролик кодексининг 141-моддасига асосан қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

  • – ишончнома муддатининг тамом бўлиши;
  • – ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;
  • ишончнома берилган шахснинг бош тортиши;
  • номидан ёки номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;
  • ишончнома берган ёки олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган, бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;

Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса — ундан воз кечиши мумкин.

 Йўқотилса ёки ўғирланса…

Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши билан уни бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади. Агар ишончнома йўқолган (йўқотилган, ўғирланган) бўлса, янги ишончнома бериши учун мулк эгасига мурожаат қилиш лозим – йўқолган ишончномани тиклашнинг бошқа йўли йўқ. Бундай вазиятларда, мулк эгаси яшаш жойини ўзгартирган ёки узоқ муддат командировкага кетган бўлиши мумкинлиги, шунингдек, умуман у ишончномани қайта расмийлаштиришдан бош тортиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқарманг.

Автоҳалокатда зарар етса…

Агар автомобилга йўл-транспорт ҳодисаси натижасида зарар етгудек бўлса ва ишончномада судда ишончнома берган шахс номидан сизнинг даъвогар сифатида иштирок эта олишингиз қайд этилмаган бўлса (одатда, ишончномаларда бу ҳақда алоҳида қайд этилмайди!), манфаатларингизни ҳимоя қила олмайсиз. Бунинг учун мулк эгасидан алоҳида ишончнома олишга тўғри келади.

Сўнгги сўз

Тўғри, бугун мазкур хизмат тури автоҳаваскорлар орасида ўзининг бир қатор қулайликлари билан анча оммалашган. Бироқ унинг ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари борлигини унутманг. Зеро, автомобилни кимгадир ишончнома орқали бериш ёки олиш пайтида буларни эътибордан қочирмаслик фойдадан холи эмас…

Машина сотиб олишда уни ўз эгасига қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштириш энг тўғри йўлдир.

Рукн бўйича маслаҳатчи: Малика МАЗБУДОВА,

Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича

адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист.

ШОҲЖАҲОН тайёрлади.