Якшанба, 21 Yanvar 2018

Қишнинг соғлиқ учун фойдаси хусусида

Қиш. Ҳаво ҳарорати тушиб кетиб кишини бир оз ноқулай аҳволга солиб қўяди. Юпун кийиниб олган бўлсангиз борми, совқотиб тезда шамоллаб қоласиз. Шу боис бўлса керак, кўпчилик қишни ёмон кўради. Аммо ҳар фаслнинг ўз гашти бўлганидек, қишнинг ҳам ўзига хос фойдаси бор. Олимлар анча вақтгача иссиқ об-ҳаво организм учун қулай деб ҳисоблаб келишган. Лекин совуқнинг организмга таъсирини синчиклаб ўрганиб чиққач, саломатлик учун паст ҳарорат фойдалироқ эканига амин бўлишди.

 Қишда туғилган болалар энг чидамли ва соғлом

Мутахассисларнинг фикрича, кўпинча одамлар қаҳратон совуқда эмас, балки мавсумлар орасидаги ёғингарчилик ҳамда эрувчанлик даврида касалланишади. Чунки совуқ ҳавони дезинфекциялайди, вирус, микроб ва аллергенларни ўлдиради ҳамда атрофни зарарли зарралардан тозалайди.

Шунингдек, маълумки, паст ҳарорат организм ҳимоя кучларини фаоллаштиради. Гарчи бу илмий жиҳатдан исботланмаган бўлса-да, бироқ ҳамма педиатрлар “Қишда туғилган болалар энг чидамли ва соғлом” деган фикрга қўшилишади.

 Совуқ ҳаво инсон руҳияти учун ҳам фойдали

Маълумки, тўлақонли уйқу — соғлиқ ва яхши кайфият гарови.  Дераза ортида аёз мўралаб турганда одам яхши ухлайди, айниқса, салқин ҳавода мириқиб дам олади.

Паст ҳарорат вегетатив асаб тизимини тонусда сақлайди ва зиқликка қарши курашувчанлигини оширади. Шу боис одамлар, хусусан, баҳор ва кузда зиқликка тушиб қолишади ва жанжаллашишни кўзлашади. Қишки мавсумда эса одатда тинчлик-хотиржамлик, тетикликни сақлашади.

 Совуқда уйда ўтириш ярамайди

Кўпчиликка қишки кийим-кечаклар бесунақай туюлади. Бундан аксарият аёлларимиз нолишади. Аммо йилнинг айнан шу мавсумида хонимлар янада жозибали бўлиб қолишади.

Ҳақиқатан ҳам, аёлларнинг ҳусни қаҳратон совуқда очилади. Паст ҳарорат қон оқишини фаоллаштириб, ҳужайраларнинг биологик фаоллигини рағбатлантиради. Шу боис қишки сайрдан сўнг тери янгиланиб, силлиқ ва қайишқоқ бўлиб қолади ҳамда табиий қирмизилик тусини олади.

Дарвоқе, шунинг учун ҳам косметологлар эрталаб совуқ сувда ювинишни ҳамда юз ва бўйинни муз бўлаклари билан артишни тавсия қилишади. Бу муолажа ҳужайраларда моддалар алмашинувини фаоллаштириб, аёл юзидаги ажинларни текислайди.

Лекин совуқ муолажалар — у хоҳ қўлбола, хоҳ профессионал бўлсин — эҳтиёткорлик талаб этади. Меъёрдан ошириб юбориш совуқ уришига сабаб бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, совуқда уйда ўтириш ярамайди. Қишки сайрлар, айниқса, қишки фаол спорт турлари (чанғи, коньки ва бошқалар) қон айланишини фаоллаштириб, мушакларни тонусда сақлайди. Шу боис шифокорлар умрни узайтириш, соғлик ва гўзалликни сақлаш учун қишдан унумли фойдаланиб қолишни тавсия этишади!

Бу факт!

Аёллар совуққа эркаклардан кўра чидамлироқ. Чунки уларда тери ости ёғ тўқималари “илиқроқ” бўлади. Шу боис тинч ҳолатда энергия кам сарфланади.

 Совуқ иммунитетни мустаҳкамлайди

Қишки қаҳратон совуқ бошланиши билан кўпчилигимиз табиат инжиқликларидан нолий бошлаймиз, ўзимизча илиқ ўлкаларни орзу қиламиз…

Гарвард университети олимларининг фикрича, жазирама иссиқ қаҳратон совуққа қараганда одамга 5 баравар хавфлироқ. Таққослаш учун: кучли совуқдан ўлим даражаси 1,59% га ошади. Жазирамада эса бу кўрсаткич 5,74% га ортади.

Қишда дунёга келган гўдаклар мустаҳкам соғлиги билан ажралиб туриши тўғрисидаги далил ҳам совуқ ҳаво фойдасига хизмат қилади. Олимлар бир нечта давлатда янги туғилган қарийб 20 мингта чақалоқнинг жисмоний кўрсаткичларини таҳлил қилгач, қишки болалар ёзги гўдаклардан йирикроқ туғилганига гувоҳ бўлишди. Австралиялик олимлар қишда туғилган болаларнинг ўртача узоқ умр кўриш даражаси апрель-июнда дунёга келган гўдакларникидан 7 ой кўп эканлигини аниқлашган.

Паст ҳарорат айрим шамоллаш ва инфекцион-яллиғланиш хасталикларининг кечишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Салқин ҳаво нафас олишни меъёрлаштиради ва чуқурлаштиради, ўпкада ҳаво айланишини яхшилайди, нафас бўғилишини камайтиради. Шунинг учун малакали шифокорлар пневмония, сил (туберкулёз), бронхиал астмадан қийналаётган беморларга иложи борича кўпроқ тоза ҳавода сайр қилишни тавсия этишади. Фақат бунинг учун бемор ҳарорати кўтарилмаган бўлиши керак.

 КАМОЛА тайёрлади.