Душанба, 26 Август 2019

Инсон ҳаётида бўлмаган воқеаларни ҳам эслаши мумкинми?

Бир дўстимнинг айтишича, инсон ҳаётида бўлмаган воқеаларни ҳам эслаши мумкин экан. Наҳотки шу рост бўлса?

— Албатта. Руҳшуносликда бу ҳодиса конфабуляция ёки “ёлғон хотира” деб номланади.

Одатда бундай воқеалар кексаларда ёки руҳий касалликларда пайдо бўлади. Реал воқеалар хотирадан ўчиб, юзага келган бўшлиқлар ўйлаб топилган воқеалар билан тўлдирилади. Ёлғон хотиралар мутлақо соғлом ёш одамда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бунда жароҳатловчи тажриба ҳақидаги ҳақиқий хотиралар онгсиз равишда беозор хотираларга алмаштирилади. Бу — организмнинг ўзига хос ҳимоя реакцияси. Ёлғон хотираларни таъсир йўли билан уйғотиш мумкин. Бу усулдан беморга салбий ҳиссиётларни уйғотган воқеани қайта баҳолашда ёрдам бериш учун психотерапевтлар фойдаланишади.