Пайшанба, 18 Yanvar 2018

Имом Термизийга эҳтиром

Яқин орада Сурхондарё вилояти Шеробод туманига йўлингиз тушиб, Чўмичли маҳалласидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий қабрини зиёрат қилдингизми? Қадамжога қайта ҳаёт бағишланганидан хабарингиз борми? Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги бир йил давомида бу ерда катта ҳажмда бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг октябрь, 2017 йилнинг февраль ойларида Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида ҳудудда бажарилаётган ишлар лойиҳаси билан танишиб, у ерни зиёратчилар учун обод масканга айлантириш бўйича тавсиялар берган эди. Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳи тубдан қайта реконструкция қилиниб, бутунлай ўзгача қиёфа касб этди ва шу йилнинг 2 февраль санасидан Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ёдгорлик мажмуасига айлантирилди.

Мажмуага олиб келадиган 4-5 километрлик йўлга асфальт ётқизилди, сув, электр ва газ тармоқлари тортилди.

Мажмуанинг ўнг томонида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий мақбараси жойлашган. Қурилиш жараёнида Х-ХI асрларда Исмоил Сомоний даврида пишиқ ғиштдан барпо этилган мақбаранинг асоси сақлаб қолинди, ташқи ва ички қисмда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Мақбара ёнига зиёратчиларнинг қуръон тиловат қилиши учун мўлжалланган қўшимча хонақоҳ қурилди ва унинг деворлари нақшлар билан безатилди. Мақбаранинг марказида эса бобомизнинг хоки мангу қўним топган. Қабр устида янги ўрнатилган оқ мармар қабртош жойлашган. Унга қуръон оятлари ва нақшлар ўйиб ёзилган. Бир маҳаллар қабр ва мақбара атрофи ачинарли аҳволда бўлгани кўнглимизни оғритади.

Энди бу ерда ҳаммаси бошқача! Мажмуа ҳовлисида шарқона услубдаги айвонлар қурилди, турли хил гуллар, манзарали дарахтлар экилди. Ҳовлидаги қадимий тут ҳам сақлаб қолинди.

Энди бу муқаддас гўшага келувчилар сони ортгани яққол сезилмоқда. Хорижий ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган зиёратчилар қадами узилмайди.

Ҳаж зиёратига борган юртдошларимиздан бошқа мамлакатлардан келган мусулмонлар имом ал Бухорий ва имом ат-Термизий ҳақида сўрар экан. Бу икки буюк муҳаддиснинг ислом оламида тутган ўрни ва дин ривожига қўшган ҳиссаси ниҳоятда баландлигидан нишона. Уларнинг устоз-шогирдлик, сафдошлик муносабатлари ҳам азалий қадриятнинг юксак кўриниши саналади. Ҳаётлик маҳали Имом ал Бухорий Имом ат-Термизийга қарата шундай деган экан: “Менинг сендан олган фойдам, сенинг мендан олган фойдангдан кўпроқдир”. Бу устознинг шогирдни юракдан эътироф этиши, уни ўзига сафдош деб билиши эди. Термизий ҳам устозини муносиб қадрлаган ва фазилатини эътироф этиб шундай деган: “На Ироқда, на Хуросонда илал, тарих ва иснодларни билиш борасида улуғлар ичида Муҳаммад ибн Исмоилдан билимдонроқ кишини кўрмадим”. Имом Бухорий оламдан ўтганда, Имом Термизий йиғлай-йиғлай кўзи ожиз бўлиб қолгани эса шогирднинг устозга, сафдошнинг сафдошга бўлган чексиз ҳурмати, муҳаббатининг исботи.

Ислом оламида “Қутуби ситта”, яъни Қуръони қаримдан кейин олти саҳиҳ китоб тан олинади ва улар даражасига кўра тартибланади. Уларнинг биринчиси Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари саналса, Имом Термизийнинг “Ал-Жомеъ” асари тўртинчи китобдир.

Имом Термизийни машҳур қилган сифатларидан яна бири унинг кучли хотира эгаси бўлганидир. Эшитган нарсаларини нуқта-нуқтасигача адаштирмай айтиб бера олгани, унинг худо юқтирган қувваи ҳофизаси борлигини билдиради.

Бугун буюк алломанинг бебаҳо мероси кенг тарғибот этилиши ва илмий асосда чуқур ўрганилиши учун яна бир қанча муҳим қадамлар ташланди. Шу йилнинг 14 февраль куни давлатимиз раҳбари “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ушбу марказ биноси қурилмоқда. Марказ битгач, у ерда ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, Ўзбекистондан етишиб чиққан мутафаккир зотлар мероси ўрганилади ва тарғиб этилади.

Жорий йилнинг 21 апрель куни эса Президентимиз пойтахтимизнинг Олмазор туманига ташрифи чоғида 1876 йилда асос солинган “Имом Термизий” жоме масжидини кўздан кечириб, уни қайтадан қуриш бўйича кўрсатма берган эди. Ҳозирги кунда ертўласи билан бирга 3 қаватдан иборат бўлган масжиднинг янги биноси қурилиши давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир қарори билан пойтахтимизнинг Ҳазрати Имом мажмуасида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказида динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлар қаторида Имом Термизийнинг алоҳида ўрни борлиги алломанинг номига бўлган яна бир ҳурматдан нишона. Энди бу марказда ҳам бобомизнинг мероси тадқиқ этилади, илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари тарғиб қилинади.

Ўзбекистон — алломаю мутафаккирлар юрти! Биз бугун юртимизда биргина Имом Термизий номига кўрсатилаётган ҳурматни эсга олдик. Ўйлаймизки, бу хайрли ишларнинг бари бобомизнинг руҳини шод қилади ва илму маърифатга яна бир нурли йўлни очиб беради.

Фозил ЖАББОРОВ.