Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

“Илик узилди даври” бошландими?

Ўлкамизга баҳор келиб, далаларимиз ҳам анча чирой очди. Боғлар ичи офтоб шуъласида мунаввар бўлди. Дарахтларнинг шохларига ғунчалар оқ бодроқдек сочилиб, ўзига оро бераётган келинчакдек нигоҳларга ўт солди. Ариқ бўйларида ялпизнинг хуш ислари анқиди. Қиру адирлар узра майсалар гилами ёйилди, чучмўмалар унга безак бўлди. Бутун борлиқ бир зумда яшнаб кетди. Қушлар ўз тилларида чуғурлаб, гўёки жумлаи жаҳонни янги кун билан муборакбод этадилар. Кексаю ёш табиатнинг эрка фаслини бараварига олқишлайди. Кўм-кўк далалар бағрида чинакам Наврўз шодиёналари бошланиб кетди.

Дарҳақиқат, баҳор келиши билан кишида беҳоллик аломатлари бошланади. Бунга асосий сабаб бу фаслда организмда моддалар алмашинуви тезлашади, шу сабабли одамда витаминларга бўлган эҳтиёж ошади. Витаминларнинг инсон саломатлиги учун нечоғли аҳамиятли эканлиги маълум. Улар организмда мунтазам давом этадиган моддалар алмашинувида, ҳужайра ва тўқималарнинг ўсиши ва қайта тикланишида, организмнинг касалликларга қарши курашишида фаол иштирок этади. Витаминлар организмга овқат билан тушади. Лекин баҳор ойларига келиб дастурхонда сабзавотлар анча камайиб кетади. Шунинг учун баҳорда одам ўзида витаминлар етишмаётганлигини сезади. Бундай фаслий толиқиш, дармонсизланишни халқимиз “илик узилди даври” деб атайди. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки эрта баҳорда одам ўзини худди илиги камайгандек, мадори қолмаётгандек ҳис қилади.

Ёшлик пайтларимда бувимникида борсам, улар: “баҳорги янги майсаларни тўйиб ҳидла, кўнглинг ёришади, тонгда майсазор устидаги шудрингдан олиб ич, барча дардлардан фориғ бўласан”, — дердилар.

Баҳорги дармонсизликдан қутулиш учун…

Баҳорда гўштни бир оз четроққа суриб қўйиб, эътиборни кўкатларга қаратмоғимиз лозим. Тиббиёт ходимлари ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ каби ўсимликлардан тайёрланган таомларни тавсия этишади. Кўкат ва сабзавотлардан олинган фойда бир неча ҳафта ичидаёқ маълум бўлади. Уларни истеъмол қилиб туриш танада моддалар алмашинуви, ошқозон-ичак тизими ишининг яхшиланиши ва яна бошқа аъзоларнинг иш фаолиятини тартибга солади.

Баҳорнинг асл-дармонбахш таомлари

Баҳорнинг ўзига хос таомлари борки, улар соғлиқ учун жуда фойдали бўлиб, гиповитаминознинг олдини олади, кишининг руҳиятига ўзгача тетиклик бағишлайди. Улардан энг фойдалиси миллий таомимиз бўлмиш сумалакдир.

Яна бир баҳорий таом бу ҳалимдир. У буғдой ва гўштдан тайёрланиб, витаминга ниҳоятда бой. Ундаги оқсилларнинг ўзига хослиги шундаки, узоқ вақт иссиқлик ишловидан сўнг жуда майда оқсилларга бўлинади. Натижада у таомнинг ошқозон-ичак тизимида сўрилиш даражасини оширади.

Ҳалимни тайёрлашдан мақсад қишдан ҳориб-толиб чиққан киши танасида вужудга келадиган озуқавий моддаларни тиклашдан иборат бўлиб, уни тайёрлашда қўлланиладиган маҳсулотлар буғдой, ёғ, гўшт ҳисобланиб, улар оқсилга жуда бойдир. Шунингдек, исмалоқ, ялпиз, мадор, равоч, отқулоқ, жағ-жағ каби кўкатлардан ҳам таомлар тайёрлаб, истеъмол қилиниши гиповитаминоз, ўзимизнинг тилда айтганда, “илик узилди” даврида жуда асқотади.

Ҳа, жаннатмонанд ўлкамизнинг табиати фойдали ўт-ўланлару ўсимлик ва меваларга бой. Сахий наботот олами бизни эрта баҳорнинг илк кунларидан то кеч кузгача сийлайди. Чарақлаб нур сочаётган қуёш остида ўсаётган ҳар бир гиёҳ — доривор. Тўғри, улар ёрдамида қандайдир касалликни бутунлай тузатиб юборишнинг имкони йўқдир, аммо хасталикларнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун бекаларимиз кўкатлардан ранг-баранг кўринишдаги таомлар тайёрлаб ўз маҳоратларини ишга солишлари лозим. Бундай таомлар иштаҳамизни очибгина қолмай, танамиздаги дармондорилар танқислигини тўлдириб, қисман бўлса-да, минераллар мувозанатини таъминлаб туради.

Бу борада, айниқса, кўкатли сомсага етадигани йўқ. Тандир оташида пишадиган ушбу таом инсон организми учун қувватбахшдир. У дармон бағишловчи, қабзиятдан ҳоли этувчи, кўзни равшанлантирувчи, ҳомиланинг яхши ривожланишига ёрдам берувчи, қонни маълум даражада суюлтирувчи, хафақонлик исканжасидан қутилишга мойиллик яратувчи хусусиятларга эгадир. Бундай сомсани пишириш учун сизга исмалоқ, ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, беда, кўкпиёз, шивит, петрушка, қоқиўт каби фойдали кўкатлар керак бўлади.

 ҲАДИЧА тайёрлади.