Душанба, 26 Август 2019

Икки литрдан ортиғига бож тўланади!

Хорижда ишлаб чиқарилган, аммо божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган алкоголли ичимликлар нафақат ички бозордаги рақобат муҳитига, шунингдек, юртдошларимиз саломатлигига ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Республикамиз божхоначилари томонидан бу турдаги маҳсулотларининг божхонадан ноқонуний равишда олиб кирилишига доир навбатдаги қоидабузарликлар фош қилинди.

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра, жисмоний шахслар мамлакатимизга алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пивони 2 литргача божсиз олиб киришлари мумкин.

Аммо сўнгги вақтларда айрим фуқаролар томонидан ушбу меъёрларга риоя қилмасдан, юртимизга кўп миқдорда пиво ичимликларини олиб киришга бўлган уринишлар учрамоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Алмата-Нукус” йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиларидан бирининг юклари божхона назоратидан ўтказилганида, юклар орасида божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган умумий ҳисобда 200 литрдан ортиқ бўлган алкоголли ичимликлар борлиги аниқланди. Текширувлар давомида 6 млн сўмлик 5 турдаги пиво ва винодан иборат алкоголли ичимликлардан ташқари қиймати қарийб 3 млн сўмлик 352 дона телефон аппаратлари учун ғилофлар ҳам борлиги маълум бўлди.

Ҳозир юқоридаги ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.