Душанба, 17 Декабрь 2018

Ибрат (Ҳикоя)

Мафтуна қайнотасининг шундоққина олдидан кесиб ўтди. Кесиб ўтаётган масофаси бор-йўғи бир-икки қарич бўлганидан бўлса керак, қайнотаси худди келини у ўтирган кўрпачами ё кўйлагининг ёнбошини босиб оладигандек, орқага тисарилди. Бу ҳолатга Умиджон мутлақо эътибор бермади. Аммо Муборак опа чолининг қип-қизариб кетганини кўриб, лабини тишлаб, бош чайқаб қўйди. Сўридаги дастурхон тўла-тўкис йиғиштирилиб, ошхонадан баланд мусиқа аралаш қошиқ-санчқи, ликопчаларнинг  тарақ-туруқ, жаранг-журунг овозлари ҳовли бўйлаб тарала бошлагач, Умиджон ўз хонасига кийингани кирганида, Муҳаммаджон ака ҳануз айб иш қилгандек сўрининг бир чеккасида кичрайибгина ўтирган хотинига:

— Келинингга “кекса қўшнилар, ёш болали келинчаклар бор ён-атрофда, мусиқани ўзингиз эшитадиган даражада қўйинг”, десанг бўлмайдими? Бу нима гумбур-гумбур? Тағин ўзбекча бўлсаям майли эди, қайси чулчут нима деб ғўлдираяпти, тушуниб бўлмайди, — дея заҳрини сочди. Эркаклар шу — болаларидан ололмаган аламини хотинидан олади.

— Билиб турибман, дадаси. Ғашингизга тегаётган фақат ошхонанинг тарақ-туруқи-ю, ҳамманинг қулоғини қоматга келтираётган мусиқа эмас. Ўзимиз кўриб, билиб туриб олдик. Ўн икки ёшидан буён Англияда яшаган қиз. Тарбияси, тутуми ҳам шунга яраша-да. Ахир энди шу ерда яшашади, ўрганиб кетар, кўрган кўз ўрганади, кўникади, деган гап бор. Умиджон келинимизга бежиз кўнгил қўймагандир, ўзингиз ҳам кўриб  турибсиз, ҳаракатлари ўзбекчиликка қовушмагани билан кўнгли тоза… Сабр қилайлик, ахир, кексалар айтишади-ку, “сабр билан шукур”да гап кўп, деб…

Муборак опанинг гапи поёнига етмасдан ичкаридан Умиджон кийиниб чиқди. Она сўридан сакраб тушиб, хотини билан хайрлашгани ошхона дарчасига қараб кетаётган ўғлига:

— Болам, сизларга шанба-бозор ҳам дам йўқ экан-да. Майли, иш бўлгани яхши. Дам олишга улгурасизлар, дадангдан дуо ол, — деди. Умиджон:

— Юртимизда икки йил сафарбарлик эълон қилинган. Биз — хорижда ўқиб келган ёшлар бу сафарбарликнинг олдинги сафида бўлишимиз керак. Ўзингиз айтгандек, бобом, бувимнинг ёшларига етсак, дам олаверамиз, мана сизлар  ҳам имкон қадар ишхоналарингда қимирлаб турибсизлар-ку, — деди-да Муҳаммаджон аканинг олдига келиб қўлини очди.

— Яхшилар йўлдошинг, донолар суҳбатдошинг бўлсин, шайтон йўлдан адаштирмасин. Ҳалолидан, ғойибидан берсин! — Муҳаммаджон ака дуосини тугатгунча Мафтуна ҳам ошхона ишларини тугатиб чиқди.

— Вой, адажон-ей, Умид акамнинг суҳбатдошларию йўлдошларининг ҳаммаси компьютер-ку! Улар дуони тушунармиди? – Мафтуна шу гапларни айтиб шарақлатиб кулди-да, онасининг ҳам дуосини эшитиб, дарвозага қараб юрган эрининг пинжига кирди. Умиджон ҳам унинг елкаларига бош қўйиб, сочини  ҳидлади, қулоғига нимадир деб шивирлади, шекилли, Мафтуна яна шарақлаб кулди. Эр-хотин кўзларини чеккага олишди.

Мафтуна:

— Ойижон, соат роппа-роса ўн бирда тушлик тайёрлагани чиқаман. Унгача безовта қилманг. Яхши  ухлай олмадим, агар ўз вақтида ухлай олмасам, жисмиму руҳиятимдаги  ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб  кетади, — деди-да, қайнонасининг “ҳа” ёки “йўқ” сўзини  кутиб ҳам ўтирмай, ичкарига кириб кетди. Муборак опа:

— Кўрпачаларни… — деганича ярим гапи ичида қолиб кетаверди.

— Ҳа-а, келинингнинг ёнини олавер. Ҳозир айтадиган гапингнинг бир-иккитасини айта олаётган бўлсанг, кейинчалик бирортасини ҳам айта олмайсан. Шу кетишда кетаверса, оғзингни суваб қўяди. Мен аралашай десам, эркак киши бўлсам… Умиджонга гапирсам, майдакашлик қилаётгандек бўламан, — Муҳаммаджон ака гапларига жавоб кутиб ўтирмади-да, кийимларида гард бўлмаса-да, жаҳл  билан тап-тап қоқиб, ўз хонасига йўл олди. Муборак опа ичида бир дунё ғашлик билан сўкиб, офтобга ташлаб қўйган кўрпачаларнинг пахтасини олиш учун сўрига таший бошлади.

“Иссиқ кунлар бошланиши билан ҳаммасини сўкиб, ювиб, бошқатдан  тикаман, деб юргандим. Бугун келиним ишга бормас экан, бирпас гангир-гунгур қилиб ишни яримлатиб қўямиз, деб ўйлагандим. Уйқу плани тўлмаган экан, уйига  кирди-кетди. Ўрганиб кетар, деяпман-у, назаримда, биз унинг тутумига кўникаётгандекмиз… Умиджонга айтсаммикан? Нима дейман? Ўзи келинини ўғлига ёмонлаган қайноналарни жинимдан баттар ёмон кўрардим, уям бировнинг қизи, сенинг уйингга бахтли бўлиб келай, деган, дейман…”

Муборак опанинг ўй-хаёллари чувалашиб кетаётгандек эди. Бирдан телефони жиринглаб қолди, укаси! Яхшиям, шу жигарлари бор, доим керак пайтида жонига оро киришади.

— Жўрабек, сенмисан? — Муборак ака бирдан йиғлаб юборди. Ўзи одати шунақа — юраги сал ғашланса, бировга айтолмайди, йиғлаб хумордан чиқади.

— Нима гап, опа, тинчликми? Поччам яхшимилар? Юраклари тинчми? (Муҳаммаджон ака бир марта инфаркт олди ҳолатни бошдан кечиргани учун қариндошлар унинг шу хасталиги такрорланишидан хавотир олишар эди)… Умиджон, келин, у ёқда Шоҳсанам, болалари…

— Ҳаммаси яхши. Ҳамма тинч, поччанг ҳам отдек, ўзим Сизларни соғиндим, шекилли, бувимни, дадамни…

— Вой, опа-ей, юрагимни ёриб юбордингиз-ку, одам ҳам тинчликка кўз ёши  қиладими? Соғинсангиз, келинг. Ё ўзим  бувим билан дадамни олиб борайми? Лекин сиз бизникига келинни саломга олиб келинг. Уйдагилар “Қачон келишар экан, опангдан сўра-чи”, дейишди…

— Менга деса ҳозироқ қанот қоқиб учиб борардим. Шоҳсанам жиянинг ҳам бораман, деётган эди. Болалари тузук бўлиб турса, боради-да. Бу оғир карвонлар билан маслаҳат қилиб кўрай-чи, балки янаги шанба-якшанбаларга бориб қолармиз…

* * *

— Жаннатой буви… — дарвозадан ўн уч, ўн тўрт ёшлардаги сочлари майда ўрилиб, дўппи кийган қиз кўринди. Бир сўри бўлиб ўтирган меҳмонлару мезбонлар бир кўз бўлиб ўша қиз тарафга қарашди.

— Ассалому алайкум… — қиз яқинроқ  келиб кўлини кўксига қўйиб, эгилиб  салом берди. — Меҳмонларингиз бормиди, узр… Сизни бувим йўқлаётган эдилар, жуда зарур ишлари бор экан, ярим соатгагина чиқиб кетаркансиз… — Қизнинг синиқ, илтижоли овозидан Муборак опанинг онаси — ёши етмишдан ошиб саксонга яқинлашган Жаннат опанинг қўшниникига чиқиши зарурат эканлиги  сезилиб турарди.

— Майли, болам. Ҳози бобонгиз масжиддан қайтсинлар, бир оғиз олдиларидан ўтиб, албатта, чиқаман, — деди Жаннат опа.

Мафтуна қайнопаси Шоҳсанамга “ялт” этиб қаради. У ҳали қайнопасига:

— Роса чиройли жойлар экан, мана шу  ердан ҳам кўриниб турибди-ку. Лекин анови дарахтлар оппоқ гуллаб ётган тепаликларни айлангим келяпти. Овқатдан кейин, албатта, чиқиб кетаман, — деганида, Шоҳсанам:

— Бувимнинг олдида Умиддан бир оғиз рухсат сўранг, — деган эди. Мафтуна ўшанда:

— Нега? Ахир мен Америкага кетаётганим йўқ-ку, — деб кулган эди. Мафтуна ҳозир Жаннат онанинг гапига ҳайрон бўлиб қолди. Одатича, жим тура олмади:

— Катта бувижон, катта бобомга турмушга чиққанингизга неча йил бўлди? — деб сўради.

— Кузда катта бобонгиз билан турмуш қурганимизга эллик беш йил тўлади, — деди Жаннат она.

Мафтунанинг кўзлари янаям каттароқ очилди:

— Шундан буён қўшниникига чиқсангиз ҳам катта бобомдан сўраб чиқасизми? Нима, сўрамасангиз, урушадиларми?

– Йўқ, мен шу эллик беш йил давомида  ҳеч қачон бобонгиз урушадиган иш қилмаганман. Лекин эрдан рухсат сўраб остона ҳатлаш — аёлнинг  бурчи. Шунда уни ҳар қандай жойда  фаришталар қўриқлаб юради, — деди Жаннат она.

… Бирпасдан сўнг масжиддан қайтган Фузайло отадан Жаннат она:

— Бобоси, қўшнимизникида яна  аралашмаса бўлмайдиган воқеа бўлибди, шекилли. Бирровга ўтиб келай, — деб изн сўради. Фузайло ота:

— Яхши бориб келинг, онаси, — деганида, Мафтуна янаям ҳайрон қолди. У ниҳоятда хушманзара масканда жойлашган бобо, бувисиникида ўтган икки кун ичида эшитган гапларининг, деярли ҳаммасидан ҳайратга тушди. Саксон ёшга яқинлашган Жаннат она агар дам олгани бирпас ёнбошлаган бўлса-да, эри, ўғли, ҳатто невараси Умиджон ўша жойга кириб келса, худди ёш қизчалардек “дик” этиб ўрнидан турарди. Умиджон:

— Буви, ётавермайсизми, сизга шу ёшда ётиб-туравериш осонми? — деса:

— Вой, болам-ей, аёл кишининг бошдан оёғи ҳаё бўлади. Кимнингдир олдида чўзилиб ётса, ҳаёси қочади…

— Аёл киши эркак кишининг олдидан кесиб ўтмайди. Агар бир дастурхонда ўтирган бўлса, унинг олдидан қўлини нариги тарафга узатмайди…

— Аёл киши қайнука, қайноғаларининг олдида ҳатто устки кийимларини ечиниб, кийинмайди. Қулочини кериб керишмайди. Соч тарамайди, ойнага қараб пардоз қилмайди…

Жаннат она бу гапларнинг бирортасини хоҳлаган жойида қошиқдек кўзгусига қараб бўянадиган Мафтунага атайлаб айтмади. Балки ўзи, келини, невара қизларининг уйдаги одоби, тутуми мисолида кўрсатиб берди.

… Якшанба куни кечга яқин уйга қайтишар экан, Мафтунанинг қалбида ғалати бир кечинмалар кечарди: у тор футболка-шортикда энкайиб, ҳовли супураётганида қайнотасининг пешонасини тириштириб ўтиб кетганининг,  хоҳлаган пайтида қайнонаси иш қиляптими, йўқми, қарамасдан, ўз хоҳиши бўйича қадам ташлаганида, унинг “уф” тортиб қўйишларининг… яна кўп нарсаларнинг сабаби нимадалигини топгандек эди. Ишлари, ҳаёти кўпроқ хориж билан боғлиқ ота-онанинг тарбиясини олган бу қиз учун шу икки кун ичида кўрганлари қанчалар ғайритабиий бўлмасин, у эллик беш йилдан буён бир оила бўлиб тинч-тотув яшаб келаётган, бир-бирига меҳрибон фарзандлар ўстирган хонадоннинг файзли ҳаётида шу кўрганларининг катта ҳиссаси борлигини сезиб турарди. Ахир Мафтуна қаерда, қандай шароитда ўсган бўлмасин, барибир томирида шу халқ, шу миллатнинг қони оқади-ку…

— Мафтун, худди мана шу манзараларга тўймай бораётганга ўхшайсан… Барибир санъатшуноссан-да, худо хоҳласа, ишим камроқ бўлган яна бир шанба-якшанбада ўзимиз томоша қилгани келамиз, — деди Умиджон машинасини бир текис елдирар экан.

— Адажон, ойижонларнинг рухсатлари билан… — деди Мафтуна.

Муҳаммаджон ака орқасига қайрилиб Муборак опага қаради, назарида, хотинининг мижжалари намлангандек бўлди. У ипакдек овозда:

— Барака топинг, болам. Бизни сиз сийласангиз, сизни худо сийласин! — деб қўйди.

 Қутлибека РАҲИМБОЕВА.