Душанба, 26 Август 2019

Хўжарайҳонда савдо пишмади

Бухоро вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Жондор туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Хўжарайҳон маҳалласида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ғ.Ҳасанов (исм-шарифлар ўзгартирилган) шартли харидорга гугурт қутисига солинган 7,09 грамм оғирликдаги марихуана гиёҳванд моддасини 200 минг сўмга сотаётган вақтда жиноят устида аёшвий далиллар билан ушланди.

Шундан сўнг ушбу шахснинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳовли томорқасида қонунга хилоф равишда 15 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги парваришланаётгани аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Ғ.Ҳасановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-модда 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати