Душанба, 26 Август 2019

Хотиржамлик сирлари

Ёхуд зиқлик ҳолатида тез ёрдам берувчи усуллар

Бу усуллар алоҳида тайёргарлик ва кўп вақтни талаб қилмайди.

Балиқларни кузатинг

Бу бўшаштирувчи ва тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Бошқа уй ҳайвонлари ҳам салбий фикрлардан ижобий фикрларга ўтишга ёрдам беради.

Уларнинг афзаллиги — жонли жавоб реакцияси, тактил алоқа қилиш мумкинлигида. Агар хонадонингизда уй ҳайвони бўлмаса, беш дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт давомида дераза ёнига бориб, чумчуқлар галасининг ҳаракатларини кузатинг. Уларнинг сонини санашга, учиш траекториясини ўрганишга ҳаракат қилинг. Бу, албатта, чалғишингизга ёрдам беради.

Ўзингизни бўш қўйинг

Барча мушакларингизни таранглаштиринг, чуқур нафас олинг ва ушлаб туринг. Хаёлан бешгача сананг, сўнг бирдан нафас чиқаринг ва ўзингизни бўш қўйинг. Машқ давомийлиги — 8 дақиқа.

Муаттар ҳиддан баҳра олинг

Ялпиз, эвкалипт, лаванда, лимон ҳидлари бўшаштирувчи таъсирга эга. Дастрўмолингизга бир неча томчи хушбўй ёғ томизинг ёки ўтли чой дамланг. Ҳаётингиздаги яхши воқеаларни эслатувчи ҳид зиқликни олишга яхшироқ ёрдам беради. Бунинг учун 30 сония вақт ажратсангиз, кифоя.

Вақт машинасига ўтиринг

Ва хаёлан келаси йилга саёҳат қилинг. Бугунги зиқлик ҳолатингиз келажакда қандай кўринишини тасаввур қилинг. Шунда англайсизки, ваҳимага сабаб йўқ. Орадан бир ой ўтиб, ҳозир нимадан хуноб бўлаётганингизни унутишингиз, эслолмаслигингиз мумкин. Атиги беш дақиқа давомида вақтни ўзгартириш айни пайтда содир бўлаётган воқеаларга оддий назар билан қарашга имкон беради.

Қўшиқ айтинг!

Қувноқ оҳанг кайфиятни кўтаради ва ижобий фикрлашга ёрдам беради. Ғамгин қўшиқ эса кўз ёшларига эрк бериб, салбий ҳиссиётларни чиқариб юборишга ёрдам беради. Зиқлик ҳолатида 10 дақиқа қўшиқ куйлашга ўзингизда куч топинг.

Оддий машқ

Стулнинг четига ўтиринг. Сўнг танангизнинг юқори қисмини олдинга эгиб, сонларингиз устига туширинг. Ўзингизни бўш қўйинг, бошингиз ва қўлларингиз пастга осилиб турсин. Икки дақиқали бу оддий машқ елкалардаги оғирликни тезда йўқотишга ёрдам беради.

Сайр қилинг

Ташқарида ҳаво совуқ, аммо қуёш чарақлаб турибдими? Дарҳол кўчага отланинг! Қишда бизга организмда қуёш нурлари таъсирида ишлаб чиқариладиган Д дармондориси жуда зарур. Бу витамин бизнинг зиқликка қарши туриш ва меҳнат қобилиятимизни сақлашга ёрдам беради. Сайр давомийлиги камида 20 дақиқа, кўпроқ бўлса, ундан-да яхши.

Расмларни бўянг

Руҳшунослар расмларни бўяш каби болалар машғулоти ёрдамида зиқликни йўқотишни тавсия қилишади. Катталар учун зиқликка қарши расмларни харид қилиш ёки интернетдан олиш мумкин. Ёки шунчаки ўзингиз истаган расмни чизишингиз мумкин.

Тозалашга киришинг

Уй тозаланг, чангларни артинг. Ҳар қандай жисмоний юкламалар зиқликни йўқотишга ёрдам беради. Сиз ҳам асабларингизни тинчлантирасиз, ҳам уйингизни саранжом-саришта қиласиз.

Сочларингизни таранг

Сочларни шошмасдан аста тараш (иложи бўлса табиий материаллардан ясалган уқалаш чўткаси билан) қон айланишини яхшилайди, зиқликни йўқотиб, тинчланишга ёрдам беради. Шу билан бирга бу оддий муолажа сочларнинг ўсишини тезлаштиради. Фақат яхши натижага эришиш учун уни ҳар куни 10-15 дақиқа бажариш лозим. Асабни тинчлантириш ва чалғишнинг энг тезкор йўли — бир неча сония давомида кафтларни қаттиқ ишқалаб қиздириш.

Ҳаммасига улгурасиз

Баъзан ишларингиз кўплигидан ёки байрамолди тайёргарлик ишлари билан югуриб-елиб ҳеч нарсага улгурмайсиз. Бундай пайтда асабларингизни асранг! Нимани, қачон, қандай тартибда қилиш кераклигини аниқ режалаштириб, шу режага асосан ҳаракат қилинг. Режалаштириш одатга айлансин. Бу ҳар қандай зиқлик ҳолатларида ёрдам беради.

Биринчидан, вақтингиз ва кучингизни тўғри тақсимлайсиз, иккинчидан, ишлар рўйхати кўз олдингизда бўлса, ҳеч нарсани унутмайсиз. Энг асосийси, асабийлашмайсиз. Кайфиятингиз аъло, руҳий мувозанатингиз жойида бўлади.

Дилором ТОҒАЕВА тайёрлади.