Чоршанба, 20 Ноябрь 2019

Хосиятсиз вақт

— Ўзи ҳозиргина кўчадан келдинг-ку, ҳой, бола… Яна қаёққа отландинг? — Хайри хола апил-тапил овқатини еб, дуои фотиҳани ҳам насия қилиб, ташқарига йўналган кенжа ўғли Илҳомни тўхтатмоқчи бўлди.

— Чироғингиз ўчиб ётган бўлса, телевизор кўриб бўлмаса… Зерикиб ўламан-ку. Ҳозирдан одамнинг уйқуси келадими, бирпас айланиб келаман болалар билан валақлашиб.

— Бизнинг ота-онамиз: “Шомдан кейин кўчага чиқманглар, хосияти бўлмайди”, дейишиб, тунда юришга рухсат беришмасди. Бир нарсаси бордирки, шундай қилишган, — Хайри холага  Илҳомнинг бемаҳал чиқиб кетаётгани сираям ёқмаётган эди.

— Мен сизга қиз боламидим, кечаси кўчага чиқмайдиган? Ўзи дўппидек қишлоқ бўлса… Мушук “миёв”ласа ҳам у бошидан бу бошига эшитилади…

— Сенга бир гап айтиб маъқул қилиб бўлмайди. Дарров жавобинг тайёр, бор, фақат эҳтиёт бўл…

— Хўп, дуолар ўқиб, кўчанинг бир четидан юраман…

— Кул-а, кул. Лекин ота-боболарнинг бизга айтиб кетган бирор гапи кулгили эмас… — Хайри хола кенжатойининг орқасидан жавраб қолди. Илҳом кўчага чиққанда, ҳақиқатдан, ҳамма ёқ зим зиё, қоронғи эди. Деразаларнинг  баъзиларидагина сарғимтил ёруғлик кўринар, у ҳам хонадан ташқарига чиқа олмасди.

“Ўзи нега кўчага чиқдим? Биздаям шам бўлса керак. Шамнинг ёруғида ётиб китоб ўқисам ҳам бўларди-ку. Ўзи кўчага ёмон ўрганибман. Бирпас уйда ўтирсам диққинафас бўлиб кетаман, айниқса, чироқсиз уйнинг деворлари тўрт тарафдан сиқиб келаётганга ўхшайди…” Илҳом қаерга борса болаларни, яъни ўз тенгдошларини учратиши мумкинлиги ҳақида энди ўйлай бошлаган эди, қоронғуликдан тапир-тупур овозлар эшитилди. Дам ўтмай қоронғудан шапкасини бостириб олган бир йигит отилиб чиқди-да, Илҳомнинг қўлига гўдакнинг муштидай бир ўровни тутқазиб:

— Исминг нима? Қайси кўчада турасан? — деб хириллади.

Илҳом:

— Нима бу? — деб ўровни пайпаслаётган эди, йигит:

— Сўраган нарсани айт! — деди важоҳат билан.

— Илҳомман. “Узумзор” кўчасида тураман…

— Қўлингдагини эҳтиёт қил. Жонингни асрагандек асра. Болалар келиб олиб кетишади. Эшитдингми, жонингни асрагандек, дедим-а, эсингда турсин! – деди-да, яна қоронғуликка кириб кетди.

Илҳом қўлидагини кафтлари орасига олиб чиқди. “Тилло бўлса-я, ё кумушмикан?” деб ўйлади. Йўқ, юмшоқроқ туюлди. Шимининг чўнтагига солмоқчи эди, бояги одамнинг “Жонингни асрагандек асра” дегани эсига тушди-да, қўйнига солиб юборди. “Энди уйга қайтиш керак. Нима бўлсаям, бу қалтисроқ нарса, бўлмаса у одам қочиб юрмасди”, деб ўйлади-да, келган йўлига қайрилаётган эди, яна дупур-дупур бўлди-да, икки эркакнинг қораси кўринди.

— Тўхта, кимсан?

Илҳом бу овозни таниди. У маҳалла посбони эди. Беихтиёр қўли қўлтиғига борди. Лекин посбон қараб тургандай, қоронғу бўлса-да, кўраётгандай туюлди, шунинг учун қўлини орқасига қилди.

— Самад ака, бу мен Илҳомман, Обид аканинг ўғли, — деди.

Посбоннинг ёнида қотмадан келган, чеккасига узун чандиқ тушган нотаниш эркак бор эди. Илҳомнинг кўзи қоронғуликка яхшигина ўргангани учун рўпарасидаги одамларнинг ўзига хос белгиларини ҳам англади.

— Илҳом, сенмисан? Қоронғида нима қилиб юрибсан? — Посбон шундай деди-ю, Илҳомнинг жавобини ҳам кутмай ёнидаги шеригига:

— Бу — ўзимизнинг болалардан, — дея изоҳ берди. Нотаниш одам унга яқинроқ  келди. Илҳом бу одам ҳозир уни тинтув қиладигандек қўрқиб кетди.

— Ҳа, мен шу қишлоқнинг боласиман, зерикиб кетиб айлангани чиққандим, — деди.

— Сен… шу атрофда кепкасини бостириб олган бир йигитни кўрмадингми?

Нотаниш эркак Илҳомни сўроққа тутди.

— Йўқ, ҳеч кимни кўрганим йўқ, кўчага чиққандан буён фақат  сизларга дуч келиб турибман, — деди Илҳом. У дадил гапиришга ҳаракат қилса-да, оёғида титроқ бор эди.

— Нотаниш эркак Илҳомга яна ҳам яқинроқ келди-да:

— Ростдан ҳеч кимни кўрмадингми? — деб таъкидлаб сўради.

— Сиз бу йигитга ишонаверинг, у ўзимизнинг кўз ўнгимизда ўсаётган бола, — деди посбон ва:

— Қоронғида битта ўзинг нима қилиб юрибсан? Агар сени, отангни яхши танимаганимда, ҳозир текширувга бериб юборардим, — деди посбон ва шу заҳотиёқ:

— Ана, чироқ ҳам ёнди. Сени илгарироқ учратмаймизми? Юринг, ишимиз осонлашадиган бўлди, — деди ва Илҳомга қараб:

— Қишлоқ сал нотинчроқ, уйингга борганинг маъқул, — деди. Посбон айтмаса ҳам, Илҳом ҳозир уйига чопмоқчи, қўлтиғидаги нарсанинг нималигини билмоқчи эди. Уйга кирганида Хайри хола қандайдир тугунларни очаётган эди, Илҳом онаси яна совчиликдан гап очиб қоладигандек тез ўзини хонасига урди. Онаси одатдагидек:

— Ҳой, бола… — деганича қолди.

* * *

“Бу аниқ гиёҳвандлик моддаси… Бошқа нимаям бўлиши мумкин?” Илҳом гиёҳвандлик моддасини фақат фильмлардагина кўрган эди. Улар майда сувқоғозларга ўралган бўларди. Бу эса йирик, юмалоқ нарса эди. Илҳомнинг юрагига қўрқув тушди. У нотаниш эркак “Жонингдай асра”, деганида  негадир олтинми, кумушми, олмосми — шунга ўхшаш қимматбаҳо бир металл деб ўйлаган эди. Онаси бежизга чироқ ёниши билан тугунга ёпишмаган. Анчадан бери совчилик, тўй дардида юрибди. Илҳомнинг эса топишининг мазаси йўқ, велосипедларнинг йиртилган, тешилган камераларини ямайди — тирикчилиги  шу. Шунинг учун қоронғида  қўлига бериб кетилган нарсадан ўзига озгина бўлса-да, улуш олишига илинж уйғонган эди. Аммо уйга келгач, номаълум нарсани кўриб: “Буни йўқ қилишим керак. Тағин бир балога қолиб ўтирмай”, деб ўйлаб қолди. Аввал ҳожатхонагами, шунга ўхшаш жойларга ташлаб юбормоқчи бўлди-ю, бирдан миясига “Борди-ю, портлайдиган модда бўлса-чи?” деган гап келди. Шунинг учун уйидагиларнинг ухлашини пойлаб, тонг қоронғусигача тўлғаниб ётди-да, “Ҳамма ухлаган пайт”, деб қаттиқ ишонган пайтда қишлоқ чеккасидаги экилмай ётган тепаликка олиб бориб кўмиб келди ва озгина бўлса-да, тинчигандек бўлди, барибир ухлай олмади.

… Орадан бир кун ўтди, икки, уч кун… Илҳом: “Ҳеч нарса бўлмаяпти-ю, унақа  ваҳимали нарса эмас экан”, деб ўзига ўзи таскин беришга, бутун вужудини чирмовиқдай ўраб ётган қўрқувдан халос бўлишга ҳаракат қилса-да, ҳар шарпадан чўчиб кетаверар эди. Ниҳоят, учинчи куни вақт шомдан оғганида қўшнининг ўсмир боласи:

— Илҳом ака, сизни анови тол тагида бир-икки киши чақиряпти, — деб кириб колди. Илҳомнинг  юраги “шув” этиб кетди. Онаси, одатдагидек, нималар биландир куймаланиб ўтирар экан:

— Бу ёққа келавермайдими, Илҳом аканг керак бўлса… Аллакимларга ўхшаб толнинг остида туриб чақирмай, — деди.

Илҳомни совуқ тер босди:

— Қўяверинг, она, ишлари шошилинчдир-да, — деди.

— Яна шомдан кейин чиқиб кетяпсан, мен сенга минг марта айтаман. Ҳар қанақа ишинг бўлсаям, шомгача битир деб… — Изидан жавради Хайри хола.

… Худди ўйлаганидек, ўша кечаси қўлига нарса тутқазиб кетган кимсага тегишли одамлар экан.

— Қани, омонатни бер, — дейишди улар дабдурустдан. Илҳом бу башараси совуқ одамлар билан етаклашиб юргиси келмади. Билиб бўладими, балки, посбон уларнинг изига тушгандир? Балки жиноят устида қўлга олиш учун пойлаб юришгандир?

— Менда эмас… Уйимда асрагим  келмади, — деди Илҳом ва уларни  тезроқ кетказиш мақсадида:

— Мен ҳозир сизларга ўша матоҳларингни қаерга кўмганимни айтаман, қазиб олиб кетаверасизлар, — деди. Пастки жағи олдинга туртиб чиққан сўйлоқ тишли биттаси:

— Ҳув бола, омонатни сенинг қўлларингга берганмидилар, — деб дўқ қилди.

— Ҳа, қўлимга бергандилар. Лекин онам мени шомдан кейин кўчага чиқармайдилар, — Илҳомнинг эсига шу гап тушди. Келгувчилар “хо-хо”лаб кулишди.

— Ие, тоза бўлган экансан-ку. Ҳасанбой одамига ишониб бериб кетибди-да молни… Ҳўв бола, сен билан ади-бади айтишиб ўтиришга вақтимиз йўқ. Олдимизга туш-да, кўмган жойингдан ўз қўлинг билан қазиб олиб бер, — дея турткилади уларнинг барвастироғи. Илҳом гандираклаб кетди. Лекин сир бой бермасликка ҳаракат қилиб:

— Мен ўша матоҳларингни сақлашнинг кафилини олмаганман. Акаларинг қўлимга тутқазиб кетди. Уни бир ёққа отиб юбормаганимга шукр қилинглар… — Илҳом яна “Сизларни посбон қидириб юрибди”, деб ҳам қўшиб қўймоқчи эди, тағин бошим балога қолмасин, деб бу ёғини айтмади.

— Индамасак, том бўйи сакрайсан, шекилли. Қани, бошла, жонингдан умидинг бўлса, қандай олган бўлсанг, шундай қайтариб берасан. Бермай ҳам кўр-чи, онангни Учқўрғондан кўрасан…

Илҳом қаршилик кўрсатмоқчи эди, олдида, турган дароз эркак қорнига бир тепди, букчайиб қолди…

Энди тепаликка олиб бормасликнинг иложи йўқ эди, қорнини чангаллаганча йўлга тушди. Хайрият, ҳеч ким ис олмаган экан, тинчгина ковлаб олиб берди. Энди улардан қутилдим, деб енгил нафас олмоқчи эди, барвастиси:

— Бизни таниб қолди-ку бу аблаҳ, ортиқча гувоҳнинг нима кераги бор? — деди…

Бир зум ўтмай Илҳом ур калтак, сур калтакнинг остида қолди… Уни эртаси пешинда чалажон ҳолда тепаликнинг ён бағридан топишди. Нафас олганида бутун вужуди кўтарилиб тушарди. Илҳом нуқул “шом… шом” дегандек ғўлдирар, аммо гапини охирига етказолмас эди. Эҳтимол, у “Болаларингни бекордан бекорга шомдан кейин кўчага чиқарманглар, ота-боболаримизнинг анъаналарига содиқ қолинглар…”, демоқчи бўлгандир…

Қутлибека РАҲИМБОЕВА.