Чоршанба, 17 Oktabr 2018

Хизмат пиллапоясидан кўтарилиш (Ричард Деминг)

Қайноғам вице-президент ёрдамчиси лавозимида бўлса-да, барибир “Фостер Нэшнл” банкининг маҳаллий бўлимида катта одам эди. Синглим Анжелина тириклигида Арнольд билан унча-мунча чиқишардик. Анжелина мени яхши кўрарди, у эса Анжелинани ранжитишни истамасди. Шунинг учун Стронг мени банкка ўзининг ёнига ишга жойлади, ҳатто биринчи марта икки юз доллар камомад аниқланганда ҳам, ҳимоя қилди. Камомадни ўз ёнидан қоплади, мен эса банк пулига ортиқ тегинмайман, деб ваъда бердим.

Иккинчи марта камомадим аниқлангунча, бу сафар арзимаган етмиш беш доллар эди, афсуски, Арнольд бева бўлиб қолишга улгурди. Энди уни Анжела нима деб ўйлаши ёки дейиши ташвишлантирмасди. Шунинг учун мени хотиржамгина ишдан бўшатиб, пулни йигирма тўрт соат ичида қайтармасам, қамоққа тиқишга сўз берган бўлса керак.

Ундан хафа эмасман, чунки банкдагидан даромадлироқ иш топишга эришдим. Ўғирланган буюмлар билан савдо қиладиган Катта Жога юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишга жойлашдим, аммо омад яна бир марта мендан юз ўгирди. Икки йилдан кейин федераллар Жони қамоққа тиқишди, мен эса яна ишимдан айрилдим.

Узоқ танаффусдан сўнг яширин “33” казиносида қайноғам билан учрашганимда, пулим тугай бошлаганди.

Кечки ўнда клубга бордим, эшик тўсатдан ланг очилиб, ресторандан сунъий мўйнадан тикилган ёпинчиқли хушрўй қорасоч аёл чиққанда, ичкарига кирмоқчи бўлиб тургандим. Қалин қилиб упа-элик сурганига қарамай, унинг қиёфасида доим казинода ўралашиб юрадиган қизлардан бирини танидим.

— Салом, Арнольд! — таажжубимни яширишга кучим етмай, унинг ҳамроҳи билан саломлашдим.

— Хайрли оқшом, Мел! — жилмайди у. — Бу мисс Тина Кроуфорд… Тина, бу менинг куёвим, Мелвин Холл.

Синчков ақлим шу заҳоти турли ҳийла-найрангларни ўйлай бошлади. “Фостер Нэшнл” банкининг директорлар кенгашига бўлим раҳбарларидан бири фоҳиша билан кўнгилхушлик қилаётгани ва пулларни яширин казинога сарфлаб юргани ёқиши даргумон. Бундан бемалол фойдаланиб қолиш мумкин, шекилли, деб ўйладим севиниб…

Эртаси куни, пайшанбада, соат иккиларда банкка бордим.

— Салом, Мел!.. — хушламай қарши олди Арнольд Стронг ва мен келишимдан олдин ўқиётган хатини эҳтиётлаб буклади. — Кир. Ўтир.

Ўтирдим, сигарет тутатдим ва тутунни у томонга пуркадим-да:

— Келишмовчиликларимизни ҳал қилиб олишимиз керак, деб ўйладим, Арнольд, — дедим. — Ахир қариндошмиз-ку.

— Сендан гинам йўқ, Мел, аммо ишга олиш ёки қарзга пул бериш ниятим йўқ. Тавсиянома беришим мумкин, фақат битта шарт билан. Янги ишинг пул билан боғлиқ бўлмаслиги керак. Фақат, илтимос, тезроқ ҳал қил. Эртага бу ердаги охирги иш куним, — у менга банк қоғозида ёзилган хатни кўрсатди.

“Қадрли жаноб Стронг! Сизни душанбада кечки поезд билан кутамиз. Афсуски, мен банд бўламан, сизни кутиб ололмайман. Вокзалда сизни бош ҳисобчимиз, мисс Стелла Маршалл кутади. Сиз учун “Леверет” меҳмонхонасидан хона банд қилиб қўйдим. Мисс Маршалл сизни вокзалдан ё меҳмонхонага ёки биратўла банкка олиб боради. Мен соат бешгача ишда бўламан. Учрашувни сабрсизлик билан кутяпман. Рэймонд Бурк, бош кассир”.

— Мени бошқа жойга ўтказишяпти, — тушунди Арнольд тунд қиёфада. — Леверетда бир неча кун олдин бўлим бошлиғи юрак хуружидан вафот этди, бошқарув мени у ёққа раҳбар қилиб жўнатяпти.

— Овозингда хурсандлик сезилмаяпти, — дедим мен. — Ахир бу кўтарилиш эмасми?

— Умуман олганда, аслида кўтарилиш. Мен вице-президентга айланаман. Лекин менга шу ер ҳам ёқади. Ростини айтсам, дўстларимни ташлаб, нотаниш шаҳарга кетишни истамайман.

— Наҳотки Леверетда танишларинг йўқ?

— Биронта ҳам, — ғамгин бош чайқади Арнольд. — У ерда бўлим мутлақо янги, атиги бир ой олдин очишди. Леверетда ҳеч қачон бўлмаганман, ҳатто йўл-йўлакай ҳам.

Кутилмаганда қўрқитиб товлаш воситасида Арнольддан минг доллар “қарзга олиш” режамни унутдим.

— Нега у ерга машинада эмас, поездда кетяпсан? — сўрадим ҳаяжонимни билдирмасликка уриниб.

— Машинада бориш — аҳмоқлик. “Форд”имни сотиб, ўша ерда янги автомобиль сотиб олишга қарор қилдим. Уйимни сотиб бўлдим. Омадим келди — харидор мебелни ҳам харид қилишга рози бўлди. Душанба куни эрталаб бу ерда бўлмаслигимга келишдик.

— Поездинг душанба куни қайси пайт жўнаб кетади? — деб сўрадим.

— Беш яримда. Нима эди?

— Менга кўп яхшилик қилдинг, Арнольд. Сени вокзалга олиб бориб қўяй.

— Раҳмат, лекин такси буюртириб қўйдим.

Сигаретни кулдонда ўчириб, ўрнимдан турдим-да, унга қўл узатдим.

— Омад тилайман, Арнольд. Иложи борича тезроқ дўст орттириб, янги жойга жойлашиб олишингни тилайман. Кетишинг олдидан сени йўқлаганимдан хурсандман.

— Раҳмат, Мел, — у дўстона қўлимни сиқди. — Сенга ҳам омад тилайман. Тавсиянома ҳақидаги таклифим ўз кучида қолади.

— Менга тавсиянома керак эмас, — деб қўл силтадим. — Ишларим яхши кетяпти. Шунчаки келишмовчиликларни бартараф қилишга кирдим.

***

Банкдан чиқиб, Ривервью-Пойнтга йўл олдим: соҳилда тўхтаб, машинада дарёга диққат билан тикилганча узоқ ўтирдим. Ғаройиб ғоямни мулоҳаза қилдим. Фикрларим аниқ ва равшан бўлиб борган сари Арнольднинг хонасида хаёлимга келган ғояни амалга ошириш мумкиндек туюла бошлади.

Арнольд Леверетда ҳеч кимни танимас экан, у ерда ҳам уни ҳеч ким танимайди, деб тахмин қилиш мумкин. Мен уч йил кассир бўлиб ишлаганман, Арнольд ролини икки кун ўйнай олиш учун банк ишини етарлича биламан. Бу вақт режамни амалга ошириш учун етиши керак.

Табиийки, бўлим бошқарувчиси кун ва туннинг истаган пайтида сақлаш жойига тушиши мумкин, кодни билади ва унда, ҳойнаҳой, бино калитлари бўлади. Омад келса, Леверетда катта бойликка “эга бўлиб”, камомад аниқлангунча мамлакатдан чиқиб кетиш мумкин.

Ягона муаммо шуки, мен режамни қотиллик содир этмасдан амалга ошириш имконини кўрмасдим. Қоронғи тушгунча дарё бўйида ўтирдим, аммо барибир чора тополмадим. Охир-оқибат, катта пул яхшигина таваккал қилишга арзийди, деган хулосага келдим. Қолаверса, Арнольд Стронг ҳеч қачон менда айтарли меҳр-муҳаббат уйғотмаган.

Асосий муаммо Арнольддан ҳамма дарров сезмайдиган тарзда қутулиш эди. Ҳаракатларим жадвали Арнольднинг дам олиш кунлари қачон ва нима қилишига боғлиқ бўлиши аниқ. Агар, масалан, шанба оқшомда банкда тўсатдан уни тантанали кузатишга қарор қилишса, лекин у ўлгани учун тадбирга бормаса, режадан бемалол воз кечиш мумкин. Одамнинг режаларини аниқлашнинг энг оддий усули — унинг ўзидан сўраш. Шунинг учун саккиз яримда унинг уйига қўнғироқ қилдим.

— Бу — Мел, Арнольд, — дедим гўшакни кўтарганда. — Назаримда, барибир сендан қарздорман. Хайрлашув таоми билан меҳмон қилмоқчиман. Агар дам олиш кунларинг тўлиқ кузатиш маросимлари билан банд бўлмаса, албатта.

— Йўқ, иш борасида ҳаммаси жойида, мени ўтган ҳафтадаёқ кузатишган. Аммо дам олиш куни шаҳардан чиқиб кетаман.

— Шундайми? — ёлғондакам ажабландим. — Душанбада шаҳардан чиқиб кетаман, дегандинг, шекилли.

— Худди шундай. Охирги марта Бемус-Лейкка бориб келишни жуда хоҳлаяпман. Икки соат олдин машинамни сотиб юбордим, лекин янги эгаси вазиятимни тушуниб, уни душанбагача ўзимда қолдиришга рухсат берди. Эртага ишдан кейин кўлга жўнайман, кейин якшанбада кечқурун қайтаман. Аммо у пайтда, ўзинг тушунасан, байрам қиладиган аҳволда бўлмайман, деб қўрқаман. Поезд беш яримда жўнайди, шунинг учун эрта туришга тўғри келади.

— Унда кечки таом бекор бўлади, — хафа бўлдим мен. — Балиқ овига келсак, сени жуда яхши тушунаман. Ким билан ов қилмоқчисан?

— Ҳеч ким билан. Ёлғиз ўзим.

Ҳозирча ҳаммаси жуда яхши кетаётганди.

— Унда ов омадли ўтишини тилайман, — деб тилак билдирдим унга.

— Раҳмат, — миннатдорчилик билдирди у. — Бора олмасам-да, таклиф учун ҳам раҳмат.

Гўшакни қўйгач, ўйланиб қолдим. Ухлашга тонгга яқин, режам барча икир-чикиригача тайёр бўлгандагина ётдим.

***

Жума куни эрталаб спорт дўконидан оғир тош ва пишиқ арқон сотиб олиб, юкхонага жойладим. Арнольд Стронг охирги иш кунида балиқ овига тезроқ етиб бориш учун эртароқ кетишга қарор қилса-чи, деган ўйда уни кузатишга қарор қилдим. Кундузги иккида банк олдида эдим.

Беш яримда Стронг қўлида семиз портфель билан банкдан чиқиб, машинага ўтирди-да, уйга жўнади. Уйи олдига боргач, гараж эшиклари очиқлигини, машина ичкарида турганини кўрдим.

У эшик очгунча икки дақиқа қўнғироқни босишимга тўғри келди.

— Тепада эдим, — тушунтирди Стронг ташрифимдан бир оз ажабланиб, — нарсаларимни йиғиштираётгандим. Куттириб қўйганим учун узр. Кир.

— Менга эътибор берма, — деб жилмайдим. — Шунчаки хайрлашишга кирдим. Ким билсин, энди қачон кўришамиз.

— Қўнғироқни босганингда, эндигина охирги жомадонни ёпаётгандим, шунинг учун менга умуман халал бермадинг. Афсуски, сенга ичкилик таклиф қилолмайман. Уйда фақат мебель қолди.

— Ҳечқиси йўқ, — деб тинчлантирдим уни. — Бир ўзингмисан? Ҳеч кимни кутмаяпсанми?

— Йўқ, — у менга ҳайрон бўлиб қаради. — Ўн беш дақиқадан сўнг жўнаб кетмоқчи эдим.

Арнольд тескари ўгирилганда, чўнтагимдан таёқни чиқариб, бор кучим билан гарданига урдим. У ўқ теккандек қулади. Эгилиб, томир уришини текширдим. Қайноғам нафас олмасди, ўлганди.

Унинг ҳамёни ҳужжатларга тўла эди. Ҳайдовчилик гувоҳномасидаги жисмоний тасвири менинг ташқи қиёфамга унчалик мос келмасди, аммо унга изқуварлардан бошқа ҳеч ким қарамайди. Изқуварлар билан учрашиш эса менинг режамда йўқ эди. Ҳамёнда ҳужжатлардан ташқари, икки юз доллардан бир оз кўпроқ пул бор эди.

Ўз ҳамёнимни пиджагимнинг ички чўнтагига солиб, Арнольднинг ҳамёнини шимимнинг чўнтагига солдим. Ётоқхонада, иккинчи қаватда иккита оғир жомадон турарди. У ишга кўтариб юрадиган портфель каравотда очиқ ётарди. Банкнинг бўлим бошлиғи билиши керак бўлган биронта ҳужжат топиш умидида портфель ичига қарадим, аммо у бўш эди.

Кейин нарсаларни биринчи қаватга олиб тушиб, Арнольдни тез ечинтирдим. Жомадонларнинг оғирлигини чамалаб кўриб, кийимларни енгилроғига тиқдим. Аммо қанчалик уринмай, пиджак ва туфли ҳеч сиғмасди. Пижакни зўр машаққат билан иккинчи жомадонга итариб киргиздим, туфлини эса портфелга солдим.

Уни машинагача қийналиб олиб бордим. Мурдани тош боғлаб, юкхонага, нарсаларни эса орқа ўриндиққа жойладим.

Ярим кечаси Риверью-Пойнт-Бриж, одатда, кимсасиз бўлади. Кўприк ўртасида тўхтаб, машинадан тушдим. Аввал Арнольд Стронг жасадидан қутулдим, унинг ортидан жомадонлар ва портфель сувга учди. Ён атрофимга қараб, мени ҳеч ким кўрмаётганига ишонч ҳосил бўлгач, машинага ўтирдим-да, хотиржам жўнаб кетдим.

Тунги соат бирда ўз уйимдаги ўрнимда ётардим. Шанба куни эрталаб шалоқ аравамни сотиб, душанбагача қолган вақт давомида Арнольднинг ҳайдовчилик гувоҳномасидагидек имзо чекишни ўргандим.

Якшанба куни кечқурун уй бекасини кўчиб кетаётганим ҳақида огоҳлантирдим. Тонгги чоракта кам бешда мени ва иккита жомадонни олиб кетишга такси келди ва биз вокзалга йўл олдик.

***

Леверетгача саккиз соатли йўл эди. Қиладиган ишим бўлмаганидан хаёлимда нохуш ўйлар айланарди. Дейлик, банкда илгари Мидуэй-Ситида яшаган ва мени ёки Арнольдни танийдиган бирон клерк ишлайди. Директорлар кенгашидан бирон кишининг хаёлига Леверетдаги бўлимга ташриф буюриш келиб қолса, нима қиламан? Мени бошқарувдан ёки Мидуэйдан кимдир Леверетга қўнғироқ қилиб, Арнольд билан гаплашишга қарор қилса ҳам, фош этишлари мумкин. У билан менинг овозим умуман ўхшамайди.

Стронгни ўлдирмаганимда, ҳойнаҳой, тунаш фикридан қайтган бўлардим. Ҳозир эса нима бўлган тақдирда ҳам Америкадан жўнаб кетишим керак эди ва мен фақир эмас, балки, бой одам бўлиб жўнаб кетишга қатъий қарор қилгандим.

Бир амаллаб ўзимни тинчлантириб, банкда иложи борича кам бўлишга қарор қилдим. Ишхонага боришни камида сешанбагача қолдириб туриш керак. Рақамлар уйғунлиги ва калитни билиб олишим билан дарров ўзимни касалга солиб, охирги дақиқагача меҳмонхонада ўтираман…

Стелла Маршалл, “Нэшнл”нинг Леверетдаги бўлими бош ҳисобчиси ўрта ёшлардаги хунук ва жиддий аёл бўлиб чиқди. Мени кўриб заррача ажабланмади, қайтага анча тинчлантирди. Мен Арнольддан олти ёш кичик эдим, унинг ёши эса, ҳойнаҳой, банк хизматчиларига маълум эди. Улар, ҳойнаҳой, янги раҳбарлари ҳақида гаплашишган, Маршалл ёшроқ кўринишимни пайқаши керак эди. Демак, у ё кузатувчан одамлар тоифасидан эмас ёки мени қирқ беш ёшида ҳам ўзини жуда яхши сақлаган эркак, деб ўйлаган.

Мен шамоллашдан нолиб қўйдим ва биз меҳмонхонага кетдик. Стелла сешанба куни эрталаб мени олиб кетишни таклиф қилди, лекин банккача атиги бир яримта мавзе бўлгани боис, яхшиси, пиёда бораман, деб айтдим.

***

Эртаси куни роппа-роса тўққизда банкда эдим. Рэймонд Бурк, бош кассир ва менинг ўринбосарим, ўттиз беш ёшлардаги кўзойнак таққан ориққина эркак эди. Янги қароргоҳим бўйлаб танишув экскурсиясидан сўнг у мени бошқарувчи хонасига олиб кириб, калитлар шодасини берди ва қайсилари сақлаш жойи, қайсилари биноники эканлигини кўрсатди. Бутун экскурсия давомида қаттиқ шамоллаб қолганимни билиши учун ҳар беш дақиқада баланд овозда акса уриб турдим.

Кассир кетгач, сабрсизлик билан ҳужжатлар папкасини очиб, қувонганимдан сакраб кетаёздим. Кеча ёпилаётганда банкнинг сақлаш жойида 251372 доллару 87 цент бор эди. Албатта, пул кўп бўлади, деб умид қилгандим, аммо, ростини айтсам, бунча пулни кутмагандим.

Энг қулайи — ўғриликни жума куни кечқурун амалга ошириш. Ўғрилик душанба куни эрталабгача маълум бўлмайди, шунинг учун мамлакатни тарк этишга вақтим бўлади. Демак, ҳозир асосийси — жумагача бир амаллаб қўлга тушмаслик.

Чоршанба куни эрталаб Буркка қўнғироқ қилиб, шамоллаган овозда хириллаб гапирдим:

— Мен Арнольд Стронгман. Қаттиқ грипп бўлиб қолдим. Янги жойда иккинчи куни ишга бормай қолишни сира истамасдим, аммо бугун ишлайдиган аҳволда эмасман.

— Ҳечқиси йўқ, — тинчлантирди Бурк. — Сизга бирон ёрдам керакми?

— Керак эмас. Доктор ётишни буюриб, ҳеч ким келмасин, деб огоҳлантирди. Уларнинг хавфсизлиги учун, менинг эмас. Мендан хавотир олманг. Умид қиламанки, эртага ўзимни яхшироқ ҳис қилиб, ишга чиқаман.

Кассир гўшакни қўйиши билан аэропортга қўнғироқ қилиб, шанбадаги биринчи рейсга хорижга чипта буюртириб қўйдим. Самолёт эрталабки олтида учиши керак эди…

Пайшанбада эрталаб яна банкка қўнғироқ қилиб, ҳали ҳам касаллигимни, ишга бора олишим даргумонлигини айтдим.

— Шошилманг, — деб маслаҳат берди у. — Грипп бўлганда ётиб ўзига келиб олган, таваккал қилмаган маъқул. Бу жуда хавфли касаллик. Бизда ҳаммаси жойида, ташвишланманг. Кеча жаноб Реддинг қўнғироқ қилди, қандай жойлашиб олганингизни сўради. Касаллигингизни эшитгач, тузалганингиздан сўнг унга қўнғироқ қилишингизни сўради.

Байрон Реддинг марказий банк директорлар кенгашининг раиси эди ва, табиийки, ҳақиқий Арнольд Стронгнинг овозини таниши мумкин эди. Шунинг учун у билан асло гаплашиб бўлмайди.

— Унга шу ердан қўнғироқ қиламан, — мужмал ваъда бердим мен…

Жума куни воқеа такрорланди. Эрталаб яна банкка қўнғироқ қилиб, бўғиқ овозда гапирдим:

— Яхши бўлиб қолдим, лекин, менимча, таваккал қилмай, душанбагача кутганим яхши.

— Тўғри, — маъқуллади мени Рэймонд Бурк. — Биздан хавотирланманг. Ҳаммаси жойида…

Ярим тунда бўш жомадонни олиб, ишхонага йўл олдим. Орқа эшикдан банкка кириб, роппа-роса ўн беш дақиқадан сўнг пулга тўлдирилган жомадонни кўтариб кўчага чиқдим.

Менинг ҳисоб-китобимга кўра, ўлжа, фақат беш доллар ва ундан қиймати баланд купюраларни олишга қарор қилганимга қарамай, икки юз минг доллардан кам эмасди.

Меҳмонхонага қайтгач, тонгги тўрт яримда уйғотишларини сўрадим ва чоракта кам бешга аэропортга такси буюртирдим.

Биргача пулларни санадим. Икки юз мингдан бир оз кўпроқ экан. Жомадонни ёпиб, гардеробга қўйганимда, эшик тақиллади. Бўсағада икки нотаниш эркак турарди.

— Жаноб Арнольд Стронг? — сўради бўйи баландроғи.

— Ҳа, — бош ирғадим нохуш ички туйғудан юрагим орқасига тортиб.

У полиция нишонини кўрсатди ва елкаси билан мени итариб, сурбетларча хонага кирди. Миқти шериги унга эргашди.

— Нима гап? — аччиқландим мен.

— Наҳотки бу иш жазосиз қолади, деб ўйлагандингиз, жаноб Стронг? — жилмайди баланд бўйли. — Тўғри, илк юз минглик камомадни жуда яхши яширдингиз. Иккинчи ўғрилик бўлмаганда, уни бир неча ойдан кейингина сезишарди. Сиз ўзлаштириб олган иккинчи юз мингнинг ўғирланишини бунчалик тез, кетганингиздан кейин атиги бир неча кундан сўнг аниқлашади, деб ўйламагансиз. Ҳеч тушунмайман, нега ҳалигача мамлакатдан чиқиб кетмадингиз?

“Фостер Нэшнл”даги ягона ўғри мен эмаслигимни дарров фаҳмламадим. Арнольд бу ерга ўтказилганидан нега бунчалик норози бўлганини энди тушундим. Жума оқшомида ишдан кўтариб келган, мен борганда эса каравотда бўш ётган семиз портфелида нима бўлганини ҳам фаҳмладим.

Қайноғам сира ҳам балиқ овига бормоқчи эмасди. У маълум вақтдан сўнг камомадни аниқлашларини тушунарди, албатта, шунинг учун юз мингни олиб, қочиб қолишга қарор қилган. Арнольд аэропортга жўнамоқчи ва жомадонида юз минг доллар билан хорижга учиб кетмоқчи эди.

“Нега жомадонларининг ичига қарамадим?” — хаёлан ҳайқирдим мен. Шунда ғирт аҳмоқ сингари юз минг долларни дарёга отмаган ва ҳозир полициячилар олдида бошимни хам қилиб турмаган бўлардим.

— Гап шундаки, мен Арнольд Стронг эмасман, — дея ниҳяот жимликни буздим мен ва ўз овозимни танимадим — овозим шу қадар бўшашган ва жонсиз эди. — Мен Мелвин Холлман, унинг куёви.

— Шундайми? — ишонқирамай кулимсираб қўйди баланд бўйли детектив кишанларни чиқараётиб. — Унда Стронг қаерда?

Билакларимда металл билагузуклар шиқирлаганда, мени узоқ ва оғир изоҳлар кутаётганини англадим.

Севара АЗИЗ таржимаси.