Чоршанба, 17 Oktabr 2018

Гилос: қайси рангдагиси фойдалироқ?

Қуёшнинг иссиқ нурлари остида пишиб етиладиган бу меванинг мавсуми қисқа. Шу сабаб, уни тўйиб истеъмол қилишга шошилинг!

 Дармондориларга бой

Гилоснинг таркибида А, В1, В2, С ҳамда Е дармондорилари, темир, калий, кальций, магний, натрий ҳамда фосфор каби фойдали моддалар кўп. Ундаги пектин моддасига алоҳида эътибор қаратиш керак, у ортиқча ёғларнинг парчаланиб, организмдан чиқарилишига жавоб беради.

Танлашда эътиборли бўлинг!

Янги узилган гилоснинг банди яшил ва таранг бўлиши лозим. Агар у қорайган ва синувчан бўлса, демак, мева узоқ сақланган. Бу унинг таъмида ҳам акс этади.

Сақлаш муддати қанча?

Гилос узоқ вақт ширин ва сувли бўлиши учун харид қилгандан сўнг уни ювиб, бандларини олиб, қуритиш керак. Сўнг қопқоқли контейнерга солиб, музлатгичга қўйиш лозим. Сақлаш муддати тахминан икки ҳафта. Эрта пишадиган навлари яхши сақланмайди, уларни шу заҳоти истеъмол қилган яхши.

Рангида гап кўп…

Гилосдаги органик кислоталар ва қанднинг нисбатини рангига қараб аниқлаш мумкин: меванинг ранги қанча оч бўлса, бу модда шунча кўп бўлади. Умуман, қора гилос кўпроқ фойдали ҳисобланади, у бизни саратондан ҳимоя қилувчи ҳамда қариш жараёнини секинлаштирувчи антоцианларга бой. Сариқ гилос бета-каротинга бой, у кўзлар ва тери учун жуда фойдали.

Эҳтиёт бўлинг!

Диарея ва метеоризмга мойиллик бўлганида гилосни кўп истеъмол қилиш мумкин эмас. У ичакнинг тўлқинсиман ҳаракатларини  кучайтиради. Таркибида глюкоза миқдори кўп — ўртача 100 граммда 10,6 г, ширин навларида ундан ҳам кўп бўлгани боис, гилосни меъёрида истеъмол қилиш лозим.

Гилосли “шўрва”

Керакли масаллиқлар: 1 кг гилос, 1 стакан шакар, 2та долчин таёқчаси, 1 чой қошиқ маккажўхори крахмали.

Гилос данакларидан тозаланади, устига шакар сепилади ва яхшилаб аралаштирилиб, 2 соатга қолдирилади. Сўнг 1 литр сув қуйиб, долчин солинади ва идиш қопқоғи ёпилиб, паст оловда 10 дақиқа қайнатилади.

Долчин олиб ташланади.

Аралашма оловдан олинмаган ҳолда блендерда кўпиртирилади. Қайнаб чиққач, 1 ош қошиқ сув билан аралаштирилган крахмал қўшилади ва 1 дақиқа қайнатилади. Совитиб, бутун мевалар билан безатилади ва дастурхонга тортилади.

ШАҲЗОДА тайёрлади.