Жума, 18 Oktabr 2019

Футбол афсоналари қадрдон жамоаси билан хайрлашди

Европада якунига етган жорий йилги футбол мавсумида узоқ йиллар жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилган 2 буюк футболчи ўз жамоалари билан хайрлашди.

Жанлуижи Буффон Италия терма жамоаси ва “Ювентус” клуби дарвозабони. Буффон 17 йил давомида (2001 йилдан буён) “Ювентус” шарафини ҳимоя қилиб келди. Шу вақтга қадар у жамоа билан 9 марта Скудетто, (яна иккита чемпионлик эса “Калчополи” иши сабаб олиб қўйилган) 4 марта Италия кубоги, 5 марта мамлакат суперкубогини қўлга киритди. 3 марта ЕЧЛ финалида ўйнади, аммо бу мусобақа бош совринини боши узра кўтариш унга насиб этмади. Буффон 657 ўйинда майдонга тушиб, шундан 302 ўйинда дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолди.

Андрес Иньеста — “Барселона” яримҳимоячиси ва жамоа сардори. Футболчи “Барселона” тизимига 12 ёшида келган ва бу ерда 22 йилни ўтказди. У асосий жамоа сафида 2002 йилда дебют қилган. Футболчи клуб билан 8 карра Испания чемпиони, 6 карра Испания кубоги ва 7 карра Суперкубогини қўлга киритган. 4 карра Европа чемпионлар лигаси, 3 марта Европа Суперкубоги ва клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонган. Жами бўлиб у 31та совринни қўлга киритди.

Фернондо Торрес – “Атлетико” ҳужумчиси. Футболчи катта футболдаги фаолиятини “Атлетико”да бошлаб, шу клубда якунди. У 2000/2001-2006/2007 ва 2014/2015-2017/2018 йиллар бу жамоа шарафини ҳимоя қилди. Торрес “Атлетико”даги сўнгги хайрлашув ўйинида ҳам гол уриб, ушбу жамоа учун урган голлари сонини 102тага етказди ва мадридликлар клуби тарихидаги энг кучли беш тўпурардан бири бўлиб қолди.

“Атлетико” билан барча турнирлар доирасида 404та ўйин ўтказган Торрес мадридликлар сафидаги сўнгги мавсумини Европа лигаси ғолиби сифатида якунлади.

Маълумот учун, Торрес “Ливерпуль”(2007/2008 – 2010/2011), “Челси” (2010/2011 – 2013/2014), “Милан”(2014/2015) клубларида ҳам тўп суриб, қатор совринларни қўлга киритган.