Чоршанба, 20 Июнь 2018

Феруза БЕГАЛИЕВА: “Ҳаёт саҳнасида ҳамма баробар…”

 “Бугунги кунда юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий мавзуларга бўлган қизиқиши ниҳоятда кучли. Телеканалларимиз ўртасидаги рақобатни айтмайсизми? Эрталабки хабар тушга бориб янгилик бўлмай қолмоқда. Шундай вазиятда елиб-югуриб ишламаган ижодкор ортда қолиши аниқ”,— дейди куюнчаклик билан “ZOR TV” телеканали бошловчиси Феруза Бегалиева. Хўш, суҳбатдошимизнинг ана шу рақобат майдонидаги ўрни қандай? У айни пайтда қандай режаларни амалга ошириш ниятида?

 Феруза, “Наҳори нашта”нинг бошқа телеканаллардаги тонгги дастурлардан қандай фарқли жиҳатлари бор? Бугунги рақобат майдонида томошабин эътирофига сазовор бўлиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

Фарқи шундаки, бизда беш кунлик тонгги дастурларнинг мавзуси ҳар хил. Масалан, душанба куни ижтимоий-маданий хабарларни, сешанбада технология янгиликларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Чоршанба — саломатлик куни. Пайшанбада рус тилидаги сони эфирга берилади. Жумада эса экология билан боғлиқ долзарб мавзулар тақдим этилади. Жамоат жойларида ҳам юртдошларимиз сизлардаги тонгги дастурларнинг ўзига хос йўналишлари бор, деб эътироф этишади.

Мавзуларнинг аниқ белгиланганлиги сизларни чеклаб қўймайдими?

– Йўқ, аксинча, бизни аниқ мавзулар бўйича янада чуқурроқ изланишга, меҳнат қилишга ундайди. Қолаверса, телеканалимизда ҳар қандай вазият учун шайланган замонавий технологиялар етарли. Шу боис телеканалга келгач, журналистликка қизиқишим кучайиб кетди.

– Аммо бу касб ўз мутахассислигингизга ҳам яқин…

— Тўғри, ўзим аслида Тошкент давлат санъат ва маданият институтининг драма ва кино актёрлиги факультетини битирганман. Шу ўринда институтдаги устозим Валижон Умаров ҳақида гапириб ўтишни истардим. Улардан актёрлик борасидаги жуда кўп сир-асрорларни ўргандим.  У киши “Аёлғу”, “Танҳо юлдуз”, “Огоҳ бўлинг одамлар!” каби спектаклларни саҳналаштирганлар. Бу спектаклларнинг барчаси томошабинни мулоҳазага чорлайдиган асарлар эканлиги билан эътиборга молик. Устозим билан бирга ишлаган чоғларимда ҳар бир саҳна кўринишидан олам-олам сабоқ олганман. Ҳатто баъзи спектакллар намойишидан сўнг ўз ҳаётимни бутунлай ўзгартиришим керак, деган фикрларга ҳам борганман. Чунки улар ҳамиша пойдевори мустаҳкам, мазмуни кучли асарларга мурожаат қилганлар. Институтни тамомлагач, Ўзбек миллий академик театрида ишладим. Рихси Иброҳимова ҳамда Тўти Юсуповалардан  актрисаликнинг энг нозик сирларини ўргандим. Театрни ҳозир ҳам соғинаман.

– Актриса сифатида маҳоратингизни қайси асарда синаб кўргансиз?

“Ўзи уйланмаган совчи” сериалидаги Дилором ролини ўйнаганман.  У пайтлари талаба эдим. Одамлар орасида яхши Дилором қолиб, мен, яъни ёмон Дилором машҳур бўлиб кетган. Кўча-кўйда мени кўрган аёллар ва қизлар астойдил тўхтаб, дакки бериб кетишарди. Ўшанда салбий роль ўйнаганимга роса пушаймон бўлганман. “Дугонасининг йигитини олиб қўймоқчи бўлган қиз-да, шу қиз”, деб гапиришарди.

– Ва ниҳоят, ижобий роль ҳам яратаётган экансиз…

– Яқинда “ЗЎР ТВ” телеканалида “Зурриёд” сериали эфирга узатилганди. Айни пайтда ушбу сериалнинг 2-фасли суратга олиняпти. Бу сериалда дизайнер қиз образини яратяпман.  Ижобий роль ўйнаш ҳам яхши экан (кулиб). Ижодий жамоа ҳақида гапирадиган бўлсам, режиссёр Эргаш Мўминов билан олдин ҳам “Денгиздан томчи” лойиҳасида бирга ишлаганмиз. Бу режиссёрнинг ўзига хос иш усули бор. Ижодкорга эркин муҳит яратиб беради. Мазкур сериалда устоз санъаткорлар — Гулчеҳра Жамилова, Боир Холмирзаев, Барно Қодирова, Гавҳар Зокирова ҳамда Рустам Саъдуллаевлар ҳам иштирок этишган. Улар билан ишлаш,албатта, менга жуда катта сабоқ бўлди.

Ҳақиқий актриса уятни йиғиштириб қўйиши керак, деган гапни қандай изоҳлайсиз?

— Бу шунчаки гап эмас, балки ижодкор учун мезон ҳисобланади. Сиз образ яратаётган пайтингизда, ўзингизни ва атрофдагиларни бутунлай унутишингиз шарт. Бироқ бу дегани ҳаё ва ибодан бегона бўлган ҳолда ишлаш, дегани эмас. Актрисалигини пеш қилиб, ҳаётда ҳам ўзини турли кўйга соладиган аёлларни ёқтирмайман.

– Қайси режиссёр билан ишлашни орзу қиласиз?

Зулфиқор Мусоқов билан ишлашни орзу қилардим. Лекин режиссёр яқинда бўлиб ўтган суҳбатларидан бирида, охирги фильмимни оляпман, деди. Бу гапни эшитиб хафа бўлиб кетдим. Айюб Шаҳобиддинов билан ишлашни ҳам орзу қиламан.

– Ота-онангиз қайси касбда ишлашингизга кўпроқ ён босишади — актрисаликками ёки бошловчи бўлишингизгами?

  — Албатта, ҳар бир ота-она фарзандининг кўп машаққат чекишини истамайди. Шунинг учун бўлса керак, дадам ҳам бошида актриса бўлишимга рухсат бермаганлар. “Бир марта имтиҳон топшириб кўрай, агар кира олмасам, сиз айтганингиздек, шифокор ёки ўқитувчи бўлишга ҳаракат қиламан, деганман. Бахтимга имтиҳондан ўтиб кетдим. Дадам ҳам, онам ҳам — ўқитувчилар. Шу боис бўлса керак, менинг қизиқишларимга жиддий қаршилик кўрсатишмаган. Мен ана шундай самимий ва хокисор инсонларнинг фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Улар менинг биринчи устозларимдир.

– Қайси бошловчиларга ҳавас қиласиз?

Биласизми, устоз бошловчиларимиз Галина Мельникова, Дилором Умарова ҳамда Насиба Қамбароваларнинг ижодий мактаби бошқача бўлган. Улардаги билим ва маданиятга жуда ҳавас қилганман. Айни пайтда ҳам ўша устозларнинг йўлини давом эттираётган ёшлардан Дилдора Рустамова ҳамда Жамшид Умрзоқовларни ҳам ҳурмат қиламан.

– Кейинги пайтларда қайси мавзуларга кўпроқ тўхталяпсизлар?

— Илгари телевизорни кўпроқ сериаллар ва таниқли актёрлар ва хонандалар билан бўлган суҳбатлар ҳамда шоулар учун кўришарди. Газетани ҳам шоу-бизнес янгиликлари учун сотиб олишарди. Ҳозир эса юртдошларимиз ижтимоий-сиёсий янгиликларга, ҳуқуқ борасидаги ўзгаришларга, технологияларга қизиқишади. Миш-мишларни кавлагандан кўра одамларнинг ҳаётига қулайлик ва янгилик олиб кирадиган кўрсатувлар ва мақолалар тайёрлангани яхши-да. Долзарб мавзулар бўйича ўз режаларим бор. Улар ҳали амалга ошмасидан бирор гап айтишим мушкул.

Яқинда дастуримизда бола психологияси бўйича бир суҳбат бўлди. Биласизми, бугунги кундаги ёшлар аввалги ёшлар эмас.  Уларнинг аксарияти ниҳоятда асабий бўлиб қолган. Шунинг учун бўлса керак, нуқсонли болалар туғилиши ҳам кўпайиб бормоқда. Бу ҳолатларнинг эса ўзига яраша сабаблари ва илдизлари бор.

Бугун эрталаб таксида келаётсам, бир ўқитувчи ҳамроҳ бўлди. Коллежда ишлар экан. Бир озгина кеч қолганига ишхонасидан телефон қилишибди. “Тез келинг, болаларингиз бир-бири билан уришяпти. Ажрата олмаяпмиз”,— деб чақиришибди. Нега болаларимиз борган сари қўполлашиб, катталарни писанд қилмайдиган бўлиб кетишяпти? Албатта, оиладаги муҳит ва атрофдагилар тарбияларига таъсир қилмай қўймаяпти. Бундай болалар ҳатто ўз ота-онасига ҳам уялмасдан, “Мен билан нима ишингиз бор”дейишгача боряпти.

Имкониятлар кенгайиб, студиялар кўпайгани сайин дубляж санъатига путур етмоқда, деган гапларга қўшиласизми?

Имкониятлар кенгайгани, хусусий студиялар кўпайгани жуда яхши. Бироқ бу дегани ҳар ким ўзи хоҳлаганича дубляж қилаверсин, дегани эмас. Устоз санъаткорларимиз бу санъатга қанчалик эҳтиёткорлик билан ёндашганини яхши биламиз-ку. Авваллари асл дубляж бўлган. Ҳозир эса овозлаштириш бўляпти, холос. Шунчаки матн ўқиляпти. Ҳолатлар табиийлигига эътибор беришмаяпти. Бундай масъулиятсизлик билан ҳеч нарсага эришолмаймиз.

Дубляж борасида мен устозларим Камолиддин Усмонов, Йўлдош Абдукаримов, Комил Турсунбоев, Матёқуб Орзиев, Алишер Аҳмаджонов, Улуғбек Абдусоатовлардан сабоқ олганман. “Менинг акам бўйдоқ” ҳамда Ёлқин Тўйчиевнинг “Афғон” фильмида Мадина Мумтозга, Нозим Тўлахўжаевнинг “Висол” фильмида Шаҳзода Матчоновага, “Умидингни сўндирма!” сериалида Замира Бешимовага овоз берганман.

Ижодкор инсон умрининг охиригача ўз устида ишлайди, ҳаётни кузатади. Сиз нималардан илҳом оласиз?

– Энг севимли машғулотим охирги нашрда чиққан асарларни излаб топиш. Бирон бир янги асар ҳақида эшитсам,топмагунимча уйқум келмайди. Яқинда озарбайжонлик ёзувчи Элчин Сафарлининг “Когда я вернусь будь дома” деб номланган китоби нашрдан чиққан экан, барча китоб дўконларига телефон қилиб изладим. Бу ёзувчи аёл қалбини жуда яхши ёритади.

Шунинг билан бирга интернетдаги сиёсий мавзудаги хабарларни ва янгиликларни ўқишни яхши кўраман. Ана шу жараёнда кўп ўйлаб қоламан: қаранг, қандай тинч ва фаровон юртда яшаймиз. Худди шу кезларда бошқа юртларда ишончсизлик, қўрқув, уруш тошқин хавфи ҳукм сурмоқда. Фарзандларимизга ҳам ана шу мулоҳазаларимизни етказа олишимиз, уларни шукур қилишга ўргатишимиз керак.

Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонамизга киринг, ана сизга шароит, ана сизга эътибор. Қолаверса, ўзим фаолият юритаётган “ZO’R TV” раҳбариятига ҳам яраиб берган шароитлари учун катта маннатдорчилик билдириб ўтишни хоҳлардим. Биз —ёшлар, яратиб берилган имкониятлардан ўрнида фойдалана олишимиз керак. Ахир Она Ватанимиз Ўзбекистоннинг келажаги ҳар биримизга боғлиқ. Биргина заиф ҳалқанинг асорати бошқа ҳалқаларнинг ҳам узилишига сабаб бўлишини унутмаслигимиз керак.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.