Душанба, 21 Май 2018

Фарзанд ҳам алимент тўлайди!?

Маълумки, оилавий ажралишдан сўнг, ота ёки она фарзандлари маълум ёшга етганига қадар уларни моддий таъминлаш мажбуриятини олади. Бу — алимент тўлаш ҳисобланади. Яқинда фарзандлар ҳам ота-онага алимент тўлаши ҳақида эшитдим. Шу тўғрими?

З. Шамсиддинов.

  Ҳа, ота-она ҳам алимент олиш ҳуқуқига эга. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Ота-она алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олади.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги белгиланган.

Рукн бўйича маслаҳатчи:

Амрулло АҲМЕДОВ, адвокат.