Жума, 20 Сентябрь 2019

Фароғат Раҳматова санъат аҳлининг онахони

Театр — менинг уйим”, дея кўп такрорларди Муқимий номли мусиқали театрнинг ривожига муносиб ҳисса қўшиш бахтига муяссар бўлган санъаткор, ширали овоз соҳибаси Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматова. У то умрининг охиригача ана шу даргоҳда ижод қилиб, “Муқанна”, “Офтобхон”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Фарҳод ва Ширин”, “Нурхон”, “Олтин кўл”, “Гули сиёҳ”, “Ўғил уйлантириш”, “Ажаб савдолар”, “Гул ва Наврўз”, “Тақдир”, “Девона” каби саҳна асарларида яратган образларининг ҳаётийлиги ва жозибаси,  мукаммал ижроси билан мухлислар қалбини забт эта олди…

Фароғат Раҳматова 1926 йилнинг 25 май санасида Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида Раҳмат ва Шарофат Турсуновлар оиласида дунёга келди. Оналари вафот этгани боис  оиланинг икки қиз  фарзанди  Муҳаббат ва Фароғат бувиларининг қўлида қолишди. Болаликдан санъатга меҳр қўйган Фароғат мактабда ўқиб юрган йиллариёқ, биринчи устози Баҳром Камолов раҳбарлигидаги тўгаракда қўшиқ куйлаш сирларини ўрганди. Илк бор 12-13 ёшларида бетоб бўлиб қолган актрисанинг ўрнига саҳнага чиққан Фароғат Қарши театрида қўйилган “Ёрилтош” спектаклидаги Оймомони  ўйнаганди. Ижроси маъқул келиб, совғасига театр режиссёридан оқ чит кўйлак олган қизча қувончини бувиси билан баҳам кўрди.

Кунларнинг бирида Тошкентдан келган ҳукумат аъзолари, қурултой қатнашчиларига атаб Қаршининг вокзал клубида махсус концерт ташкил этилди. Бу тадбирда жажжигина қизча ижро этган “Кўп замондин бир парига мубталоман, найлайин” мисралари билан бошланадиган  қўшиқ барчанинг эътиборини тортди.  Ўша куниёқ мутасаддиларнинг “Бу қиз Тошкентга бориб ўқиб, албатта санъаткор бўлиши керак…” деган сўзлари билан бувини кўндирган устозлари қаторида  Фароғат ҳам  пойтахтга келганди. Шу тариқа санъатнинг машаққатли йўлига қадам қўйган бўлғуси санъаткор, тиришқоқлик билан барча қийинчиликларни енгиб, театр аталмиш сеҳрли оламда ўз ижодини бошлаганди.  Ўзбекистон халқ артисти дилтортар қўшиқлар ижрочиси  Фароғат Раҳматованинг Муқимий театри саҳнасида яратган Зуҳра, Ширин, Нурхон, Сарви сингари қатор образлари ва радио тўлқинларида янграб турадиган “Диёримсан”, “Шифокорлар”, “Салом келибди” каби ажойиб лирик қўшиқлари мусиқа мухлисларининг дил-дилига сингиб кетган.  У ҳаётини бу  қадрдон гўша билан боғлаган тақдиридан бир умрга миннатдор бўлиб яшади. Юнус Ражабий, Лутфихоним Саримсоқова, Раззоқ Ҳамроев, Сойиб Хўжаев, Машраб Юнусов, Рауф Болтаев, Саттор Ярашев, Маҳмуджон Ғофуров, Турсуной Жаъфарова, Омина Файёзова, Ҳамза Умаров, Эътибор Жалилова сингари ўзбек санъатининг энг таниқли ва энг суюкли намояндалари билан ижод қилиш  насиб этганидан шукроналик ҳисларини туйди. Устозларидан ўрганганларини шогирдларига етказишдан эринмади. Бугунги кунда эса бу муқаддас даргоҳда у фарзандларидек азиз кўрган шогирдлари унинг руҳини шод этиб ижод қилишмоқда.

Жайдари инсон эди

Марям ИХТИЁРОВА, актрисанинг шогирди, Ўзбекистон халқ артисти:

– Муқимий номли мусиқали театрга ишга келганимда Фароғат опа театрнинг кўзга кўринган, шуҳрат топиб улгурган, ўз мухлислари бор санъаткорлари қаторида эди. Мен буни унинг ижодида кўриб, ҳавас қилганман ва  ўзим ҳам унинг мухлисига айланганман. Биз Гулсара Ёқубова иккимизни театрга олиб келиб Фароғат опага топширган устоз Комилжон Отаниёзов: “Бу қизларимни сенга топшираяпман. Уларга яхшилаб қара…” дегандилар. Шунинг учун ҳам у киши бизни доим ўз қизларидек эҳтиётлаб, қорнимиз очми, тўқми, нима кам-кўстимиз борлигидан хабардор бўлиб, худди онамиздай меҳрибончилик кўрсатганлар. Фароғат опа мусиқали театр йўналишида  бош ролларни ўйнайдиган актрисаларнинг энг яхшиларидан бири эди. Спектаклларда у айтадиган ария ва дуэтларга томошабинлар маҳлиё бўлиб қолишарди. Унинг ҳақиқий ўзбекона ижроси ва овозига ҳатто Тўхтасин Жалилов ҳам тан берарди. Бу тан бериш шу даражада эдики, Фароғат Раҳматованинг ижросини, ўз қизлари Эътибор Жалилованикидан устун қўйганлар.

Фароғат опа хонандаликда ҳам бетакрор эди,  мен ўзбекона қўшиқларни бунақа чиройли қочиримлар билан айтадиган бошқа санъаткор  йўқ, дейман. Шу билан бирга, у ҳаётини санъатга бахшида этган, театрнинг чинакам фидойиси ҳам эди. Доим “Театрнинг обрўсига нолойиқ бирор иш бўлмасин”, “Ҳеч бир санъаткор ўз касбига хиёнат қилмасин”, деган ташвишда юрарди. Формада бўлмаган ёки овози йўқ актёрни-ку, умуман  саҳнага чиқишига йўл қўймасди.Саҳнанинг муқаддаслигини сақлашга ҳаракат қиларди. Фароғат опада бутун театрни бошқара оладиган куч бор эди. Театрга жон куйдириб, у учун мутасадди инсонлар ёки ёрдам бера оладиган ташкилотлардан: “Менинг театримга ёрдам беринглар”, деб пул ундиришни уддаларди. Театр репертуари  ҳақида жон куйдирарди. Бугунги  таъриф билан айтганда, яхшигина тадбиркор ҳам эди.

Наврўз байрамларида бутун  жамоа театрда Фароғат опа бошчилигида  21 йил сумалак қилганмиз. Қозонга солиниб, то пишгунича ўзлари қозон тепасида турар эдилар. Бир сўз билан айтганда, қиладиган ҳамма ишлари олий даражада эди. Шунча мақтовга лойиқ хислатларга эга бўлишига қарамай, устозимиз умрининг охиригача жудаям оддий, халқ тили билан айтганда, жайдари инсонлигича қолди. Буни кўриб, Фароғат опани халқ бунчалик яхши кўришига шу сабаб эмасмикан, деб ўйлаб қоламан. Ҳамкасблар билан устозимизнинг театримиз учун қилган хизматларини  кунда-кун ора эслашамиз, дуолар қиламиз. Илоҳим, жойлари жаннатларда бўлсин!


“Шогирдлари жуда кўп эди”

Малика ҚАЮМОВА, актрисанин шогирди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Фароғат опа Муқимий театрига тамал тошини қўйган санъаткорлардан  бири  эдилар. Санаб чиқсак, театримиз саҳнасида  қўйилган ҳамма спектакллардаги бош қаҳрамонларни ўйнаган эканлар-у, фақат ўша пайтлар қўйилмаганми, билмадим, Лайли ролини ўйнамаган эканлар. Ҳофиза сифатидаги   жуда кўп қўшиқларниям  мухлислари яхши билишади, орасида атайлаб Фароғат опага атаб ёзилганлари ҳам анчагина. Ўзига хос, ҳеч кимникига ўшамаган гўзал   овозлари бор эди. Мен овозларида қўнғироқ бор эди, дейман. Бунақа овоз яна халқимиз севган санъаткор Ҳалимахоним Носировадаям бор эди.

Фароғат опани ўз даврининг афсонасига айланган санъаткор, деб бемалол айтишимиз мумкин. Ҳам театр санъати, ҳам қўшиқчиликда ўзига яраша ижод қилиб, халқ қалбидан жой олишга эриша олдилар. Бу ҳар бир ижодкор  учун энг катта бахт. 60 йиллик юбилейлари, 70 йиллик юбилейлари сўнгида: “Мен  халқимга бош эгаман. Менга оталик қилди, оналик қилди. Санъатимни қадрлаб, шундай баланд мартабаларга эриштирди, унвонларга лойиқ деб топди. Санъатсевар халқимга ва менга санъат сирларини ўргатган устозларимнинг ҳаммасига таъзим қиламан”, деб  саҳнада тиз чўкканлари ҳеч кўз олдимдан кетмайди.  Томошабинлар оёққа қалқиб олқишлашарди.

Устоз сифатида қаттиққўл эдилар. Истеъдодсиз одамга    истиҳола қилиб ёки хафа бўлади, деб ўтирмасдан,  юзига қараб туриб, шартта: “Бошқа иш қилсанг бўлмайдими?” деб қўярдилар. Фароғат опанинг шогирдлари жуда кўп эди. Ҳаммасидан меҳрларини аямасдилар. Шунга мен у кишига: “Фароғат опа, сиз қуёшсиз! Ҳаммага бирдай нур сочасиз!” деб, ҳазиллашиб қўярдим.   Менга  бу истеъдодли актрисага дублёр бўлиш  насиб этганининг ўзи катта бахт. Бир нечта спектакллардаги она ролларини бирга ўйнаганмиз. Камтарона ижроимга: “Малика онасидан она бўлиб туғилган актриса…” деб берган баҳолари, менга бир умрлик ҳамрох бўлди. Бизларга бўлган меҳрлари туфайли йил ўн икки ой дастурхонлари ёзиғлиқ турарди. Кексайиб, театрга келолмай қолган пайтларидаям бизнинг келишимизни кутиб, хатто неваралариданам қизғаниб, бизга нималарнидир илиниб яшириб қўярдилар. Борсак, хурсанд бўлиб кетардилар. “Қўшиқ айтиб беринг”, деб ҳоли-жониларига қўймасдик. Бағримизга боссак, райҳон иси келарди…


Ҳаммаси учун онамга раҳмат

Азим МУЛЛАХОНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Фароғат Раҳматованинг фарзанди:

– Онам раҳматли, “Театр — менинг уйим” деганларидай, мен ҳам театрнинг фарзандиман. Туғилганимда Лутфихон ая, менга “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги ўғилларининг исмини қўйган эканлар. Болалигим театрда ўтган, эрталабдан кечгача театрда юрардим, жамоа билан бирга узоқ гастроль сафарларига борардим. Кичкинагина боламан, Сойиб ака ҳовузларда чўмилтирганлари эсимда…

Устоз санъаткорларнинг меҳрини ҳис этиб вояга етганим учунми, санъат  йўлини танладим. 15 ёшимдан Муқимий театрида, овоз муҳандисининг ёрдамчиси бўлиб иш бошлаганман. Кейин маданий-оқартув техникумини битириб, оркестрга созанда бўлиб ишга ўтганман. Оркестримиз жўрлигида театрнинг катта-катта спектакллари томошабинлар меҳрини қозонишига ҳисса қўшганимнинг ўзи катта бахт. Саҳнада Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаровдек  буюк актёрлар  шеър ўқиганларида, афғон рубобида куй чалиб турган кунларимни унутиб бўладими?  Аммо шундай улуғ инсонларни кўрган одам ўзини катта санъаткор, деб ҳисоблай олмас экан. Шу нарсани ўзимда ҳис қилдим…

Ўша биринчи қадамлар бугунги кунда яккахон хонанда сифатида озми-кўпми ўз мухлисларимга эга бўлишимга замин яратиб берди. Буларнинг ҳаммасига  онам, улар менда уйғотган санъатга меҳр туфайли  эришдим.   Онажонимнинг охиратлари обод бўлсин!

“Меҳр кўзда” кўрсатуви асосида тайёрланди.

Туҳфа НАЗАРОВА.