Жума, 18 Oktabr 2019

Дунёдаги энг йирик олмос конлари

1829 йилда Россия империясининг Перм губерниясида илк бор олмос топилганда, бу саноат учун аҳамиятсиз, деб ўйлашди. Текширишга анча кейин, йигирманчи асрнинг ўрталарида қайтишди. Шу боис, ҳозирда учта энг йирик олмос кони Россияда жойлашганини тасаввур қилиш қийин. Хўш, яна қайси давлатларда йирик олмос конлари мавжуд?

Юбилейный (Россия)

Ёқутистондаги Юбилейний карьери қимматбаҳо тошларнинг умумий захираси(153 миллион қирот) — бўйича етакчи. Бу ердан фойдаланиш 1986 йилда бошланган бўлиб, бугунги кунга келиб кон чуқурлиги 320 метрга етган. Чуқурлик 720 метрга етиши тахмин қилинмоқда.

Удачный (Россия)

Удачний олмос кони ҳам Ёқутистонда жойлашган. Юбилейнийдан атиги бир қирот (152 миллион қирот) ортда қолади. Кон 1955 йилда топилган, шунинг учун очиқ ишлар 2015 йилда тугатилган, бироқ ер ости ишлари яна бир неча ўн йил давом этиши кутилмоқда. Ёпиш вақтида кон чуқурлиги 640 метр эди. Бу эса жаҳон рекорди!

Мир (Россия)

Ҳозирда Мир ёпиқ: 2001 йилда очиқ ишлар тугалланган, 2009 йилдан бери бу ерда олмослар ер остини қазиш усули билан олинади. Кон ҳали одамларни ҳайратга солмоқда — 2012 йилда бу ерда 79,9 қиротли “Президент” олмоси топилган бўлиб, 1980 йилда топилган қиротдан 4,3 баробар кичик. Мирнинг умумий захираси 141 миллион қирот деб баҳоланган.

Аргайл (Австралия)

Аргайл — дунёдаги энг ноёб ва “ёмон” олмос конларидан бири. Гап шундаки, бу ерда ундириладиган олмосларнинг аксарияти техник сифатга эга. Аммо баъзан… баъзан Аргайлда ноёб пушти олмослар топилади. Бу топилмаларнинг ҳар бири алоҳида кимошди савдода топилади, ахир дунёдаги 10та пушти олмоснинг 9таси айнан Аргайлда топилган. Коннинг умумий захираси 140 миллион қирот деб баҳоланган.

Катока (Ангола)

Анголадаги Катоканинг умумий қиймати — 130 миллион қирот. Кон анча ёш бўлгани боис (бу ердаги ишлар 1993 йилда бошланган), бу захиранинг аксар қисми — истиқболли, уларни ҳали яна чиқариб олиш керак. Тахминларга кўра, кейинги 30 йил давомида кон чуқурлиги 600 метрга етиши (ҳозир — 200) мумкин, ўшанда қазиш ишлари тўхтатилади.

Венеция (ЖАР)

Энг йирик конлардан бирининг захираси 102 миллион қиротга тенг. Бу кон олмослари ҳали яна 20 йил давомида қазиб олиниши кутилмоқда.

В.П.Гриб номидаги кон (Россия)

Бу конни қазиш ишларини “Лукойл”нинг “Архангельскгеолдобыча” шўъба корхонаси олиб боряпти, аммо яқин орада кон мулкдорини ўзгартиради. У компаниянинг 100 фоиз акцияси учун 1,45 миллиард АҚШ доллари тўлайдиган холдинг бўлади. Коннинг ўзи 98 миллион қиротга баҳоланади, истиқболда ҳар йили 1 миллион қирот қазиб олиш режалаштирилган.

Жваненг (Ботсвана)

88,3 миллион қиротга яқин олмос Жваненгга тўғри келади, аммо қазиб олинадиган олмослар сонига кўра, айнан шу кон дунёдаги энг бой кон саналади. Масалан, 2011 йилда бу ерда 10,641 миллион қирот олмос қазиб олинди, ваҳоланки, қазилма ишлари 350 метр чуқурликда олиб борилмоқда!

Орапа (Ботсвана)

Орапа — дунёдаги энг кўҳна олмос конларидан бири, қазилма ишлари 1971 йилда бошланган. Унинг захираси 85,8 миллион қиротга баҳоланади. Ҳатто ҳозир ҳам бу кон дунёдаги энг маҳсулдор конлардан бири саналади, аммо ишлаб чиқаришнинг рекорд ҳажми ортда қолган: 2006 йилда 17,3 миллион қирот ишлаб чиқарилгач, кўрсаткичлар пасая бошлади.

Ботоубинская (Россия)

“Ботоубинская” олмос кони Ёқутистонда жойлашган. Саноат қазилмалари 2012 йилда бошланган, ҳозир эса қизғин давом этяпти. Илк бор бу кон олмослари 2015 йилда бозорга чиқди. Коннинг умумий захираси — 70,9 миллион қирот, кондан фойдаланиш муддати эса 40 йил деб тахмин қилинмоқда

СЕВИНЧ тайёрлади.