Душанба, 18 Ноябрь 2019

Дўғулу ва Неслихан Атагулнинг компанияси

Қодир Дўғулу яқинда берган интервьюсида анча вақтгача экранларда кўринмаслигини айтди. Чунки ажойиб жуфтлик — Қодир ва Неслихан Атагул ўз компаниясини ташкил қилмоқда.

2013 йил Неслихан Атагул ва Қодир Дўғулу “Истанбулнинг икки юзи” сериалида бош ролларни ўйнашган, шу сериалда суратга тушиш асносида учраша бошлашган эди. 2016 йил июлда жуфтлик турмуш қурди. “Posta” газетаси ёзишича, Қодир Дўғулу анча вақтга телевизор экранларида кўринмоқчи эмас, чунки рафиқаси Неслихан Атагул билан раҳбарлик фаолиятини олиб боради. Жуфтлик хусусий продюсерлик компаниясини ташкил этишга қарор қилди.

Маълумки, кўплаб машҳур актёрлар шу соҳада ишлайди. Масалан, Бурчак Ўзчивит ўзининг “BRK’S Production” продюсерлик компаниясини очиб, ўз фильмларини суратга олмоқда. Энди Қодир Дўғулу ҳам ўз фильмларини суратга олишга қарор қилганга ўхшайди.  

Аммо Неслихан сериалларда суратга тушишни тўхтатгани йўқ. У “Туб” сериалида Билге ролини ўйнаяпти. “Билге — жасур қиз, унинг ҳаёти сирларга тўла, лекин у ўша сирларни очиб, ҳамма тугунларни ечишга ҳаракат қилади”, — дейди актриса қаҳрамони ҳақида.

“Туб” сериалида Неслихан Атагул Дўғулудан ташқари, Илкер Калели, Беррак Тузунатач суратга тушмоқда. Сериал продюсери — Эрол Авжи.

Севара АЗИЗ тайёрлади.