Чоршанба, 21 Август 2019

Достон Убайдуллаев: “Ҳаммасини ота бўлгач, тушундим…”

Бу хонанда болалик давриданоқ санъатсевар ўзбек халқининг севимли эркатойига айланган. Аммо ҳаёт синовлари уни эрта улғайтирди. Достон Убайдуллаевнинг феъл-атворидаги вазминлик, оғир-босиқлик ва етти ўлчаб бир кесиш одати ижодида ҳам сезилмай қолмайди. 

— Охирги пайтда сизни телеканаллар орқали намойиш этилган “Сайл-2” фильмида кўрдик. “Афрўз” гуруҳи хонандалари билан халқона тароналаримиздан бирини куйладингиз. Бу ижод намунаси кимнинг таклифи билан тақдим этилди?

— “Сайл” фильми Наврўз байрами учун қилинган лойиҳа эди. Фильмнинг биринчи қисмида ҳам “Афрўз” йигитлари билан ретро қўшиқларимиздан бири — “Дилбарим”ни ижро этгандик. Фильм ижодкорлари бизни унинг иккинчи қисмига ҳам таклиф қилишди. Фильм учун дастлаб бошқа қўшиқни куйлашни ўйлагандик, аммо кейин “Олмача” қўшиғини куйлашга келишдик. Съёмкага борганимизда, бизга миллий чопонларимиз ва дўппи беришди. Бундан хурсанд бўлдик, чунки мен учун жуда қадрли бўлган бу кийимлар ҳар қандай эркакка ярашадиган либослар, деб биламан.

Фильм тақдим этилгач, кўпчиликка, жумладан, яқинларимга ҳам маъқул келди. У аслида халқимизнинг кайфиятини кўтариш учун қилинган ижод маҳсули бўлди. Миллий кийимларда чиқишимиз барча ёшларимизда бу либосларимизга нисбатан яна бир бор қизиқиш уйғотган бўлса, ажабмас. Уларга миллийликни биринчи ўринда биз — санъаткорлар тарғиб қилишимиз керак, деб ўйлайман. Чунки бугун бутунлай бошқа маданият таъсирига тушиб қолган, фикрини ўзгартириш жуда қийин бўлган ёшларимиз бор. Уларни ўзимизнинг маданиятимизга қайтара олсак, бу энг катта ютуғимиз бўлади.

— Айни пайтда нималар билан машғулсиз, қандай ижодий янгиликлар қиляпсиз?

— Айни пайтда “Хабар бер” деб номланган янги қўшиқ устида ишлаяпмиз. Баҳорий байрамлар арафасида “Лол бўламан” деб номланган қўшиғим  ойна жаҳон орқали клипи билан мухлислар эътиборига ҳавола қилинди. Бундан ташқари, телеканалларимиздан бирида шерикларим билан бирга “МТВ шоу” кўрсатувини олиб бораман. Биз — хонандалар, овоз ёзиш студияларида кўпроқ кечаси ишлаймиз ва кеч қайтганимиз учун эрталаб ухлаб қолардим. ТВда фаолият юритганимдан бери кун тартибим анча режага тушди. Съёмка бўладиган кунлари эрталаб тўққиздан ишга борамиз, ҳафтанинг тўрт кунида шу ерда бандман. Бўш вақтим қолмади, ҳисоб. Бундан хурсандман, чунки одам бошқа нарсаларга чалғимас экан.

— Бошловчилик фаолиятининг қайси томонлари сизга ёқди?

— Менга бошловчилик касби ҳам жуда ёқди, лекин бу касбга даъвоим йўқ. Мен хонандаман, хонандалигимча қоламан. Билмадим, бу кўрсатувда яна қанча ишлашим мумкин, чунки ҳар бир нарсанинг поёни бор. Эҳтимол, бошқа кўрсатувлар қиларман…

Айнан шу фаолият билан шуғулланиб, телевидениеда ижод қилишнинг ҳам ўзига яраша қизиқарли томонлари кўп эканлигини билдим, бу кўрсатувдан кўп нарса олдим ҳам. Олдин санъаткорлар билан салом-алик қилиб, хизматларда кўришардик, уларнинг кўпи ҳақида юзаки билардик. Кўрсатувга келишганидан кейин улар билан суҳбатлашиш давомида ички дунёси билан ҳам танишаркансиз. Мана шу суҳбатлардан кейин кўпгина санъаткорлар кўз ўнгимда буткул бошқа инсон сифатида гавдаланишди. Суҳбатдошингиз бўлган кўплаб соҳа вакиллари — спортчилар дейсизми, цирк усталарими, қурувчиларми, уларнинг ҳар биридан нимадир ўрганар экансиз.

— Хонандалик ва бошловчилик. Бу икки соҳанинг қайси бири қийинроқ экан, деб ўйлаяпсиз?

— Қўшиқ айтиш қийинроқ, менимча. Чунки қўшиқ айтиш учун аввало овоз бўлиши керак. Қолаверса, уни тайёрлаб, халққа тақдим этиш учун катта маблағ зарур.

Қўшиқ ёзиш учун ўзимга ёқадиган мавзулар жуда кўп. Аммо мен ҳали мавзуни танлайдиган ёшга етмадим. Уларни танлашда халқимиз қандай қабул қиларкин, деган ўйга бораман. Оғир, бировга ақл ўргатадиган, панд-насиҳат мавзусидаги қўшиқларни куйлашга ҳам ёшлик қиламан, деб ўйлайман. Шу сабаб, ҳозир куйлаётган қўшиқларимнинг кўпи севги мазусида. Санъаткорнинг ўғли бўлиш бўйнингизга икки ҳисса эҳтиёткор бўлишни ҳам юклайди. Жуда жиддий мавзуда қўшиқ айтсангиз, “Ие, ўзи ҳали ёш бўлиб туриб, насиҳат қилибдими?” дейишлари, енгил-елпи мавзуда қўшиқ айтсангиз, Ие, Рустам аканинг ўғли бачкана бўлиб кетибдими?” дейишлари мумкин. Ўзим ҳақимдаги гаплардан ҳам кўра, “Рустам аканинг ўғли ёшига мос қўшиқ куйламабди” деган гапни олишдан қўрқаман. Шунинг учун доим мавзу танлашда ҳам ўртамиёналикни сақлашга ҳаракат қиламан”.

 — Фарзандларингиз ҳам улғайиб қолишди. Улар касб танлаш борасида фикр билдиришса, уларни ўзим бирон соҳага йўналтиришим, таъсиримни ўтказишим керак, деб ўйлайсизми?

— Учта фарзандим бор, катта ўғлим Даврон — 12 ёшда, қизим Сакина 9 ёшга киради, кичик ўғлим Жавлонбек энди учга киради.

Фарзандларнинг касб танлашига қандай муносабат билдириш тўғри эканлигини ўзингиз ҳам улғайиб, ота-она бўлганингиздан кейин тушунаркансиз. Ўзим болалигимда учувчи бўлишни жуда хоҳлаганман, шу касб эгаларига ҳавасим келарди. Чунки учувчи инглиз тилини билиши керак, у муҳандислар тайёр қилиб қўйган самолётга тоза кийимларда, қўлида кичкинагина чамадонни кўтариб кириб келади. Кейин самолётда учади ва дунёни кўриш имконига эга бўлади, деб ўйлардим. Ўзимда бу орзу амалга ошмагани учун уни ўғлимда кўргим келиб, шу соҳага йўналиш беришга роса ҳаракат қилдим. Ҳатто учувчилик бўйича қаерда ўқиш мумкинлигини суриштириб, ўқитувчи ҳам топдим. “Ўғлим, учувчи бўлгин, мен бу ниятимга эриша олмаганман, агар учувчи бўлсанг, онанг иккимизни дунё бўйлаб айлантирасан”, деб қулоғига қуйяпман. Лекин унинг ўзида бу касб эгаси бўлишга хоҳиш йўқ. Шундан кейин “Демак, бола ўзи мустақил бир фикрга эга бўлмагунча, унга бирон нимани қиласан, дейиш ҳам нотўғри экан, деб ўйлаб қолдим.

Катта ўғлимни санъатга ҳам қизиқтирмоқчи бўлганман. Ўзим болалигимда “Томоша” болалар гуруҳига қатнаганман. Шу гуруҳ раҳбари, устозим Нодира Қурбоновага телефон қилиб, ўғлимни олиб бордим. У билан болаларнинг саҳнадаги машғулотини томоша қилиб ўтирдик. Уйга қайтаётганда “Қалай ўғлим, ёқдими? Агар сен ҳам шу гуруҳга келсанг, оқ костюм-шимлар олиб бераман, галстуклар тақиб, ўша болаларга ўхшаб, саҳнага чиқасан”, дедим. Аммо ўғлимнинг чеҳрасидан билдимки, унда санъатга ҳам қизиқиш йўқ. Ўтган йили болалар байрами арафасида ТВда санъаткорлар фарзандлари билан қўшиқ айтадиган бўлди, шунда ўғлимга “Юр, бирга қўшиқ куйлаймиз” десам, кўнмади. Қўшиқни қизим билан бирга куйладик. Йўналтирганингиз билан боланинг ўзида иштиёқ бўлмаса, қийин экан. Фарзандимиз биз болалигимизда қизиққан нарсаларга қизиқмаслиги ҳам мумкин экан, буни табиий ҳолат, деб қабул қилдим.

Қизимда санъатга қизиқиш бор, лекин уни санъатга йўналтиргим йўқ. Чунки қиз бола — бировнинг хасми, келажакда бўлажак турмуш ўртоғи санъатга қизиқишини қўлласа, рухсат берса, бунга қаршилигим бўлмайди. Кичик ўғлим қайси соҳага қизиқишини вақт кўрсатади.

— Болалигингиздан қандай хотиралар ёдингизда қолган?

— Болалагимдан жуда ажойиб хотиралар қолган, бозорларга тушсак, сотувчилар таниб, “Ие, ўзимизнинг Достон-ку!” деб, қўлимга бири олма, бири банан тутқазарди, ҳатто орқамдан худди “Тангалик болалар” фильмидагидек “Достон-уууу!” деб чақириб ҳам қўйишарди. Фақат битта ёқмайдиган томони — ҳамма тутиб олиб яхши кўриб, ўпиб кетаверарди. Отам “Юр, ўғлим, бозорга борамиз” деса, айнан шу сабаб, боргим келмасди.

Лекин ҳозир ҳам халқнинг ичида бўлишни яхши кўраман. Болаларимни бирга варрак учириб, дам олдиришга Сўқоққа олиб чиққанимда, бир ошхона хизматчиси келиб, “Сиз билан бир расмга тушиб олай десам, нима дейсиз?” деб сўради. “Майли, расмга тушаверинг, санъаткор аслида “Бизни шу халқ танисин, яхши кўрсин”, деб ижодни бошлайди. “Биз билан кимдир расмга тушармикин”, деб орзу қилади. “Расмга тушаман” десангиз, бундан фақат хурсанд бўламан”, — дедим. Шунда ҳалиги одам “Тунов куни бир санъаткорга бирга расмга тушайлик, десак, дам олиш кийимидалигини, бу ҳолатда расмга туша олмаслигини айтиб рози бўлмади”, — деб хафа бўлди. Ўзим ҳам санъаткорман-ку, ҳамкасбимнинг ёнини олиб, “Хафа бўлманг, балки кайфияти йўқдир, балки чарчагандир,  санъаткорни ҳам тушуниш керак”, деб қўя қолдим. Лекин санъаткор халқ ичида оддий инсонлигини унутмагани маъқул.

— Сизнингча, санъаткор ва мухлис ўртасидаги чегара ва ҳурматни қандай сақлаб қолиш мумкин?

— Санъаткорлар ва мухлислар ўртасида чегарани сақлаш учун санъаткор фақат концерт дастуридан пул топиши керак бўлади, менимча. Бошқа чет давлатлар, хусусан, Европада санъаткорлар билан мухлислар ўртасида муносабат буткул бошқача. У ерда истаган одам истаган санъаткори билан кўришиб гаплаша олмайди. Санъаткор ортиқча бирон ҳаракат учун мухлисни судга бериши ҳам мумкин. Шу сабаб, санъаткорнинг қадр-қиммати баланд. Аммо бизнинг халқимизда андиша, бир-бирининг гапини икки қила олмаслик бор. Санъаткорларимиз ўзбекчилик, одамгарчилик юзасидан барибир мухлислар билан уларнинг кўнглига қараб гаплашади, қолаверса, халқ хизматларида доим улар билан бирга бўлади. Одамларнинг кўпи концертга пул сарфлаб ўтирмайди. Чунки қайсидир бой қўшнисининг тўйига машҳур хонанда келишини билади ва ўша тўйда бемалол уни кўриши, гаплашиши, ҳатто ширакайф бўлиб, истаган гапини айтиши, ҳақоратлаши ҳам мумкин. Шунда хонанда унга жавобан бирон қўпол муомала қилса,  санъаткорни дарров ҳеч кимни менсимай қўйишда, юлдузлик касалига чалинганликда айблашади. Аслида юқоридаги ҳолат билан солиштирадиган бўлсак, бизда юлдузлик касалига чалинган санъаткорнинг ўзи йўқ. Чунки санъаткорларимиз ҳар қандай ҳолатда одамгарчиликка, миллий тарбиямизга содиқ қолишга ҳаракат қилишади. Ва айнан шу фазилатлари билан ҳурмат топишади.

— Сизга оилада, ҳаётда, ижодда ўрнак бўла олган инсон ким?

— Ҳар бир фарзанд учун отаси энг мукаммал, намунали инсон ҳисобланади. Мен ҳам бизни ҳам она, ҳам ота сифатида катта қилган, вояга етказган отамга ўхшагим келади. Отам — Рустам Убайдуллаев, машҳур ҳофиз Фахриддин Умаровнинг ёнларида қирқ беш йил бирга доирачи бўлиб юрганлар. Отам мен учун ҳам устоз, ҳам онам, ҳам отам…

1992-93 йилларда уйимизда кетма-кет мудҳиш воқеалар бўлди. Аввал акам автоҳалокатда вафот этди. Онам акамнинг ўлимидан куйиб кетдилар ва бир йилдан кейин хасталаниб, вафот этганлар. Онамдан жуда эрта ажраб қолганмиз. Ўшанда тўққиз ёшда эдим. Лекин отам онамнинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилдилар. Доим ёнимда бўлдилар, шу сабаб, болалигимдан ўзим учун энг мукаммал инсон отам, деб биламан, уларга жуда ўхшагим келади.

Отам жуда камтар инсонлар, бизга жуда меҳрибонлар, ҳамма нарсани ҳазил-ҳузул билан енгиб кетишга ҳаракат қиладилар. Илоҳим, бахтимга соғ-саломат бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин, бизга кўп йиллар давомида бош бўлиб юрсинлар!

Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.