Душанба, 15 Oktabr 2018

Дориларни қандай қабул қилиш керак?

Дориларни тўғри қабул қилгандагина улар соғлиққа фойда беради. Нотўғри қабул қилиш эса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бошқа дорилар билан ўзаро таъсири

Баъзи дори воситалари ўзаро рақобатлашиб, бир-бирининг даволаш таъсирини пасайтириши ёки ножўя таъсирини кучайтириши мумкин. Агар сизга терапевт битта дори, невролог – иккинчи, гастроэнтеролог – учинчи, кардиолог эса тўртинчи дорини ёзиб берган бўлса, яна бир бор терапевт ҳузурига кириб, бу дориларни бир вақтда ичиш мумкинми ёки интервал сақлаш кераклигини аниқлаб олинг. Бундан ташқари, сизни даволаётган врачларнинг ҳаммаси сизга тавсия қилинган барча дорилардан хабардор бўлишлари керак.

Агар тавсия қилинган дориларни бирга қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқлашнинг иложи бўлмаса, ҳар эҳтимолга қарши уларни алоҳида ичинг. Ҳар хил дориларни қабул қилиш орасида камида 30 дақиқа ўтиши лозим.

Нима билан ичиш керак?

Агар дорини тўғри келган ичимлик (шарбат, чой, қаҳва, сут ва ҳоказо) билан ичилса, даволашнинг таъсири жуда кам бўлади. Масалан, кўпчилик ёқтирадиган грейпфрут шарбати преператнинг дозасини оширишга қодир. Айниқса, холестеринни тушириш, юрак ва гипертонияни даволашга мўлжалланган дорилар, антибиотиклар, контрацепция воситаларини бу шарбат билан ичиш жуда хавфли. Чой ҳам тўғри келмайди. Унинг таркибидаги танин моддаси айрим кимёвий моддалар билан бирлашиб, эримайдиган чўкинди хосил қилади. Қоннинг қуюлишини пасайтирувчи препаратларни клюква шарбати билан ичиш ошқозон-ичак йўлида қон кетиш эҳтимоли билан хавфли. Таркибида темир моддаси бўлган дориларни сут билан ичиш уларнинг таъсирини камайтиради. Темир моддаси сут маҳсулотлари билан ўзлаштирилмайди.

Агар қўлланмада бошқа усули кўрсатилмаган бўлса, дориларни хона ҳароратидаги қайнаган сув билан ичиш керак. Одатда ¼ стакан сув кифоя, аммо баъзан ундан ҳам кўпроқ ичиш керак бўлади.

Шу билан бир вақтда яхши ўзлаштирилиши учун сут, ишқорли минерал сув ва бошқа алоҳида кўрсатиб ўтилган ичимликлар билан қабул қилинадиган қатор дорилар ҳам бор (қўлланмада бу ҳар доим кўрсатилади).

Дори ва алкоголь — ўта хавфли!

Америка фильмларида қаҳрамонларнинг бош оғришида аспиринни виски билан ичишларини кўриб, кўпчилик буни зарарсиз деб ҳисоблайдиган бўлди. Бироқ бу ёмон оқибатга олиб келиши мумкин. Бунинг аллергик таъсир, ошқозон яраси, ошқозонда ички қон кетиши, юрак хуружи ёки инсульт каби ножўя таъсирлари бор.

Ҳамма дориларнинг ҳам қўлланмаларида уларни алкоголга қўшиш мумкин эмаслиги кўрсатилмаган бўлса-да, ҳар қандай дорини қабул қилишда спиртли ичимлик ичиш тавсия қилинмайди.

Антидепрессант, транквилизатор дорилар, антигистамин воситалари, инсулин, гипертонияга қарши препаратлар, антибиотикларни алкоголь билан қўшиш соғлиқ учун ниҳоятда хавфли.

Қабул қилиш вақти

Агар шифокор дориларни кунига 3 маҳал ичишни тавсия қилган бўлса, бир суткада 3 марта ичиш назарда тутилади. Бу эрталаб, кундузи ва кечқурун эмас, балки ҳар 8 соатда дегани. Кунига 2 маҳал эса – ҳар 12 соатда дегани (масалан, 9:00 ва 21:00). Айниқса микробларга қарши дориларни аниқ жадвал бўйича ўз вақтида ичиш муҳим.

5 фойдали маслаҳат

  • Дориларни ётган ҳолатда ичманг: таблеткалар ёки капсулалар қизилўнгачда эришни бошлайди ва бу меъда қайнаши, кўнгил айнаши ёки қайт қилишга олиб келади.
  • Капсулаларни етарли миқдордаги сув билан ичинг: акс ҳолда улар қизилўнгачга ёпишиб қолиши ва унда эрозия ва яра пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
  • Аспиринни фақат овқатдан кейин қабул қилиш керак, чунки у ошқозон-ичак йўлиннг шиллиқ қаватига ёмон таъсир кўрсатади. Тезроқ ўзлаштирилиши учун таблеткани майдалаб ичинг.
  • Антибиотикларни овқатдан 30 дақиқа олдин қабул қилиш керак.
  • Агар таблетканинг махсус қопламаси бўлса, уни майдалаш, бўлиш мумкин эмас. Қопламаси дорини ошқозон кислотасидан (ошқозонни эса доридан), қизилўнгач ёки тиш эмалини шикастланишдан сақлайди.

ШАҲЗОДА тайёрлади.