Душанба, 23 Июль 2018

Доғлар кайфиятингизни бузмасин!

Байрамлар барчага кўплаб ёқимли ҳиссиётлар ва таассуротлар олиб келади. Аммо байрамдан кейин буюмларни тартибга келтириш осон эмас. Кийим ва дастурхонлардаги доғлар кайфиятни бузиши аниқ. Лекин уларни кетказишнинг оддий усуллари мавжуд.

Қандли конфетлар

Мевали, карамелли қанд доғларини кетказиш қийин эмас. Буюмни иссиқ сувда ювсангиз, улар тезда йўқолади. Турли рангдаги обаки конфетлардан теккан доғларни олдиндан лимон суви билан артиш мумкин.

Ёғли гўшт

Крахмални гелсимон ҳолатгача ивитиб, доғ теккан жойга суринг ва бир неча соатга қолдиринг. Сўнг гелни тозалаш керак — у доғнинг асосий қисмини олиб кетади. Қолган изни оддий кир совун билан илиқ сувда ювиб кетказиш мумкин.

Шам муми

Шам мумининг доғини иккита йўл билан кетказиш мумкин. Биринчиси: буюмни музхонага қўйинг, сўнг доғни пичоқ билан қириб кетказинг. Иккинчиси: доғ теккан жойнинг тескари тарафига қоғоз сочиқча қўйиб, бу матога тавсия қилинган ҳароратда дазмолланг.  Сочиқчаларни доғнинг изи кетгунча алмаштиринг.

Қорақарағай елими

Пахтани спиртга ботириб, елим доғига босинг. 10-15 дақиқадан кейин алоҳида иссиқ сувда ювиш воситаси билан ювинг. Янги теккан доғни мум доғини тозалагандек, қоғоз сочиқча ва дазмол ёрдамида кетказиш мумкин.

Шоколад

Тухум сариғи ва глицеринни аралаштириб, доғ теккан жойга суринг ва 15 дақиқа қолдиринг. Сўнг буюмни оқиб турган совуқ сувда чайинг. Агар глицерин бўлмаса, кийимни тоза сочиқ устига ёйиб, доғни илиқ совунли эритмага ботирилган тоза юмшоқ булутча билан артинг. Сўнг буюмни кир машинасида ювинг.

Лавлаги

Мураккаб, аммо самарали усул: сувни иситиб, 3 ош қошиқ ичимлик содаси ва 1 ош қошиқ оддий сирка қўшинг. Доғли буюмни эритмага солинг ва қайнатинг. Оддий усул: кийимнинг доғли қисмини қайноқ сутда ивитинг, бир соатдан кейин оддий кир ювиш кукунида ювинг.

Апельсин

Апельсин ёки мандариндан қолган янги доғни аввал қайноқ сувга солиб, сўнг ювинг. Бу усулдан фақат оқ ва ранги чиқмайдиган буюмлардаги доғларни кетказишда фойдаланилади. Бошқа йўли: доғли жойни сиркага ботирилган пахта билан артинг.

ШАҲЗОДА тайёрлади.