Жума, 20 Сентябрь 2019

“Дийдор ширин” эсдалик бўлиб қолди…

Кўнгилларни қувонч, шодликка, қалбимизни шукроналик ҳисларига тўлдиришга қодир Наврўзи олам шодиёнаси бунчалар тотли!  Ҳамма-ҳамманинг чеҳрасида табассум, баҳорий кайфият. Шукуҳли кунлар нашидаси, беихтиёр  бу кунларга етмаган инсонларни ёдимизга солади. Бу ҳаёт ўткинчи эканлиги-ю, унда яхши ном қолдиришга  шошилишимиз кераклигини яна бир карра эслатиб қўйишни  истайди, гўё. Зеро, бу кунларга етмаганлар орасида кечагина ёнимизда юрганлар, қалбимизнинг тўридан жой олиб улгурганлар қанча… Етти ёшдан етмиш ёшгача  мухлислар орттирган “Дийдор ширин” кўрсатувининг жонкуяр муаллифи Насиба Мақсудова ҳам, афсуски, бугун ёнимизда эмас. Касбдошларининг сўзлари билан  айтганда: “Яратганнинг иродаси экан. Бугун Насибахон орамизда йўқ. Бу сўзни айтиш осон эмас, унга кўникиш ҳам қийин, наздимизда, у гўё “Дийдор ширин”и ташвиши билан югуриб юргандек, шогирди Анвар билан кейинги кўрсатув ҳақида фикр алмашаётгандек.. Гўё қадрдон телеканалида унинг кулгилари, қадам товушлари, руҳи қолгандек туюлади. Аслида ҳам шундай: бу ерларда у яратган мактаб, тажриба ва “Дийдор ширин” эсдалик бўлиб қолди…”


“Хотира уйғонса гўзалдир”

Шерзод ҒУЛОМОВ, Ўзбекистон Электрон ОАВ Миллий

ассоциацияси бошқаруви раиси ўринбосари,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

    — Насиба Мақсудова… Ўзбек сухандонлари мактабининг қалдирғочларидан бири. Ёқимли овоз соҳибаси, истеъдодли тележурналист, тиниб-тинчимас, самимий инсон. Таърифларнинг адоғи йўқдек гўё… Уни эслаган сари янги-янги фазилатлари, умр манзилларида тўқнаш келган онлар хотиротлари кўз олдингда бир-бир тизилаверади… Насибахон Миллий телерадиокомпанияда ишлаб юрган вақтларида ҳам кўрсатувлар тайёрлаган бўлса-да, (“Ўзбекистон” телеканалининг “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувлари) у асосан сухандон сифатида фаолият олиб борган, муаллифлар тайёрлаган матнларни етказиш орқали танилган эди. Тележурналист сифатида эса айни НТТ канали Насибахонни кашф этди. Менинг кузатишимча, у каналда турли мавзулардаги кўрсатувлар, ток-шоуларни тайёрлади, уларнинг аксарияти томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Бироқ  кўнгли тўлмади, изланишда давом этди ва ниҳоят бутунлай янги форматдаги ток-шоу — “Дийдор ширин”да тўхталди.

“Дийдор ширин” чиндан ҳам янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган, содда услубда бўлса-да, моҳиятан теран, халқимизнинг азалий қадриятларига таянган кўрсатув эди. У дастлабки сонлариданоқ томошабинлар эътиборини тортди ва оммалашди. Кишида самимий ва илиқ туйғулар уйғотадиган дастурнинг ҳар бир сонини мухлислар соғиниб кутардилар ва кутганлари зое кетмасди, томошабинларга нимадир янгилик туҳфа этиларди. Айниқса, унинг бир қисми дунёдан ўтган машҳур адиб ва шоирлар, эл севган санъаткорлар хотирасига бағишлангани кўрсатув нуфузини янада оширди. Зеро, шоир ёзганидек, “Хотира уйғонса гўзалдир”, ўтганларни ширин калом билан ёдга олмоқ эса уларнинг руҳини шод этади ва халқимизга хос қадриятлар сирасига киради.

Яна шуниси эътиборга моликки, Насибахон кўрсатувга халқимиз орасида кенг танилган, бироқ турли ҳаётий сабабларга кўра, маълум вақт экран ва саҳналарда кўринмай қолган санъаткорларни таклиф этар, улар билан қисқа бўлса-да, дилдан суҳбат қурарди. Томошабинлар эса ўзлари соғинган чеҳрани кўришдан, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги янгиликлардан воқиф бўлаётганларидан шод эдилар. Муаллиф дастурга кутилмаган инсонларни жалб этар, улар билан экран орқали учрашув дилда ҳаяжон уйғотарди, нигоҳлар ойнаи жаҳондан узилмай қоларди. Ток-шоу иштирокчилари ўзбекона дастурхон атрофида йиғилишлари, даврадан ўрин олган санъаткорларнинг жонли ижродаги куй-қўшиқлари, раққосалар хиромлари унга янада файз киритарди.

2012 йили мазкур кўрсатув мамлакатимиз медиа-муҳитидаги энг нуфузли танлов – “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиблари қаторидан ўрин олди. Ҳали-ҳануз ёдимда, танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда бу ҳақда эълон қилинганда ва кўрсатув ижодкорлари — Насиба Мақсудова ҳамда унинг шогирди, таниқли сухандон Муслим Йўлдошев саҳнага кўтарилганларида зал гулдурос олқишлардан ларзага келди. Насибахон ўшанда саҳнада мукофотни қабул қилиб оларкан:

— “Олтин қалам” Миллий мукофоти ижод аҳли учун, мамлакатимиз, халқимизнинг катта эътирофи, Бу эътироф бизни янада илҳомлантиради, янги ижодий фаолиятга ундайди. Мухлисларимиз билан давраларда, телеэкран орқали учрашувларимиз давом этаверсин. Ахир “ДИЙДОР ШИРИН!” —деганди.


Армонли дунё

 Фарҳод БОБОЖОНОВ, олий тоифали сухандон:

— Ҳамкасбимиз, олий тоифали сухандон, юртимизнинг кўпчилик қатламига таниш, доимо кулиб турувчи чеҳра бугун орамизда йўқ. “Дийдор ширин” нинг мухлислари “Нега? Нега ундай бўлди?” дея қалблари армонга тўлиб, бир-бирларини саволга тутишади, биздан сўрашади. Ижод йўли шундайки, баъзилар изсиз кетади… Баъзилар эса ўчмас из қолдиради. Ҳамкасбимизга умри давомида кўп нарса насиб этди. Исмига монанд насибали бўлди.

60-йиллар аввали эди. Телеэкранда чеҳраси ёрқин, ўрим сочлари, дўпписи ўзига ярашиқли, бийрон гапирувчи қизалоқ пайдо бўлди-ю, тезда кўпчилик телетомошабинлар назарига тушди. Серҳаракатлилиги ва билимдонлиги сабаб ўзи тенги болалар сингари устоз Неъмат Дўстхўжаев сабоқларини олиб, радиоэшиттиришларда бошловчилик қилди. Мактабда ҳам бошқа ўқувчиларга ўрнак бўларли таълим олди. Насиба билан деярли ёшимиз баравар бўлиб, мен радио ва телевидениеда гапирувчилар сафига сал кейинроқ — 60-йилларнинг ўрталарида кириб келганман. Ўша даврларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ижодий жараёнларда қатнашдик ва бу муносабат узоқ йиллар давом этди.

80-йиллар охирларида “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувига асос солинди. Дастлаб у кечки кўрсатувлар охирида берилар эди. Биринчи кўрсатувнинг қалдирғочлари — Норхўроз Раҳимов муаллифлигида Насибахон билан менга бу кўрсатувга бошловчилик қилиш насиб этган. Йиллар давомида “Ахборот” ва бошқа қатор кўрсатувларни биргаликда бошловчи сифатида мухлисларга тақдим этганмиз.

Насибахоннинг ўша даврдаги тиниб-тинчимас ҳаракатлари бир зум ҳам тўхтамади. Тўхтай олмади, ҳаётининг охирги дақиқаларигача… Ҳамкасбимиз бир қўлида қаламу бир қўлида қоғоз ила бу дунёни тарк этди… Ҳали унинг учун ижод оламида очилмаган қўриқлар кўп эди.

Кекса санъаткорларни эъзозлаш, машҳурларни янада машҳур қилиш баробарида ўзи ҳам машҳур бўлди. Унинг кўрсатувлари “шунчаки”, “ҳайбаракаллачилик” учун тайёрланмади. Енгил-елпилик ундан йироқ эди ижодда. Қалб амри ила дунёга келди бу дийдор ширинлиги. Кўплаб кексалик нашидасини сураётган санъатимиз дарғалари қалбига чўғ сола билди, қайта уйғонди илҳом парилари. Сергакланди бу қалблар. Кўрсатув одамларни меҳр-оқибатли бўлишга чақирди. Бир-бирлари билан аҳил бўлишга ундади. Насиба инсонлар ширин орзулар ичра яшаб, армонли дунёнинг нелигини идрок этишлари, ўз қадр-қимматларини туя билишларини истади. Бу унинг асосий шиори эди

Сенга бу дунёда яхши яшаш насиб этди, Насиба! Оиланг, фарзандларинг, набираларинг оғушида бўлдинг доимо.  Сенинг қалбинг барча одамларга, энг яқинларингга, азиз дўстларингга очиқ ва покиза эди. Фикру туйғуларинг, ўй-у-ҳасратларинг, армонларинг, орзуларингни — барча-барчасини қалбингга сиғдира билдинг. Сенинг кўнглинг, чеҳранг доим кулиб тургувчи эди. Сен инсонларнинг кўз ўнгида чеҳраси очиқ, доимо кулиб турувчи, нимтабассум билан боқувчи Насиба бўлиб қолдинг. Эзгуликлар улаша билдинг!


Жонкуяр инсон, садоқатли дўст эди…

Гули ШАЙХОВА, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

— Шафқатсиз ўлим таниқли ижодкор  Насиба Мақсудовани орамиздан олиб кетди. Насиба опамларни мактаб давридан билар эдим,  улар билан 4-5-синфларда телевидениега, болалар кўрсатувларига борган вақтимда танишганман, баъзи бир кўрсатувларда мени сингилдай олдиларида олиб юрганлар. Насиба Мақсудова жуда самимий, ўта маданиятли, юксак заковатли гўзал ўзбек  аёли  эдилар. Охирги йилларда мени “Дийдор ширин” кўрсатувига таклиф этиб, тўғри овқатланиш ҳақида керакли маълумотларни етказиб беришимни сўрадилар. Шундай қилиб, мен Насиба опа раҳбарлигида бир нечта “Дийдор ширин” кўрсатувларида иштирок этдим. Кўрсатувларни ташкил этишдаги тиниб-тинчимасликларига, ҳар бир саҳнага аҳамият беришлари, меҳнаткашликларига ҳавас қилардим. Насиба Мақсудованинг ўзбек миллий адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари юксак баҳоланиб, “Шуҳрат медали” билан тақдирлангандилар. Олижаноб инсон,  ўз ишига фидойи, жонкуяр ва садоқатли дўст, миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган улкан истеъдод соҳиби, заҳматкаш Насиба Мақсудова ўзбек телевидениесида  ёрқин из қолдирди, уларнинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди.

Туҳфа   НАЗАРОВА тайёрлади.