Жума, 20 Aprel 2018

Детектив: Сеҳргарлар туҳфаси (О.Генри )

Бир доллар-у саксон етти цент. Бори шу, холос.  Бу пулнинг олтмиш центи эса бир центлик тангалар. Бу тангаларнинг ҳар бирини тежаб қолиш учун баққол, қассоб ва кўкатлар сотувчи билан шунақанги талашиб-тортишиб савдолашганки, эсласа, ҳатто ўзининг ўта даражада тежамкорлигидан қулоқларигача қизариб кетади ҳам.

Делла уч марта қайта-қайта санади. Бир доллар-у саксон етти цент. Эртага эса Янги йил киради.

Делланинг қўлидан келадиган ягона иш — ўзини тўшакка таппа ташлаб, тўйиб-тўйиб йиғлаш эди, холос. У айнан шундай қилди ҳам. Ҳаёт кўз ёшлари, хўрсинишлар ва табассумлардан иборат, деган файласуфона қараш мавжуд бўлса-да, негадир хўрсинишлар тарозининг палласини босиб кетарди.

Уй бекасини бу босқичлардан ўтишда қолдирайлик-да, уйнинг ўзини кўздан кечириб чиқайлик. Мебеллар билан жиҳозланган ижарахонага ҳафтасига саккиз доллар тўлашади. Уй жиҳозлари ўта қашшоқ бўлмаса-да, ҳар тарафдан камбағаллик нуқси уфуриб турарди. Пастдаги кириш эшиги олдига ўрнатилган почта қутисининг тирқишидан битта ҳам хат ўтолмайди. Электр қўнғироқ тугмачасини эса биронта инсон босиб, тиқ этган товуш чиқара олмайди.

Шунингдек, эшикка ўрнатилган “Жаноб Жеймс Диллингем Юнг” деб ёзилган тахтачани олинг. “Диллингем” исми яқиндагина ўз эгаси ҳафтасига ўттиз доллар топиб, тўкин-сочин умргузаронлик қилаётган вақтда бор бўйича чўзилиб кетганди. Энди эса, эгасининг даромади ҳафтасига йигирма долларгача пасайганидан кейин, “Диллингем” сўзидаги ҳарфлар хиралашиб қолди. Бир қараганда улар сипо ва оддийгина “Д” сифатида қисқариш ҳақида бош қотираётгандек туюларди.

Жаноб Жеймс Диллингем Юнг уйга келиб, юқори қаватдаги хонасига кўтарилганида, уни Жеймс Диллингем Юнг хонимнинг кумуш қўнғироқдек жарангдор овозда айтилган “Жим!” деган хитоби ва майин табассуми кутиб олади. Айтганча, бу хоним биз юқорида таърифлаган Делланинг ўзгинасидир…

Делла йиғидан тўхтади ва упа суртадиган момиқни ёноқларига аста-аста босди. У энди дераза олдида турар ва туссизгина ҳовлини ўраб олган кулранг девор устида сайр қилаётган тарғил мушукни бефарққина томоша қиларди.

Эртага Янги йил, унинг бўлса Жимга совға олиш учун бир доллар-у саксон етти центгина пули бор! Узоқ ойлар давомида у бир центдан пул тежаб, йиғишга ҳаракат қилди ва оқибатда эришгани шу бўлди. Ҳафтасига йигирма доллар билан узоққа боролмайсан. Харажатлар у ўйлаганидан кўра кўпроқ бўлиб чиқди. Ўзи харажатлар доим шундай бўлади.

Жимга совға олиш учун бир доллар-у саксон етти цент! У жонидан ортиқ кўрадиган Жимга!

Делла пул йиғаётганида, Жим учун Янги йилга қандай совға олиши ҳақида сарҳадсиз орзуларга берилиб, қанча-қанча қувончли онларни бошдан ўтказганди. У Жим учун жудаям бошқача, ноёб, қимматбаҳо, эрининг ишлатиши учун жуда муносиб бўлган нимадир олмоқчи эди.

Деразалар орасидаги бўш жойда тошойна турарди. Саккиз долларли мебеллаштирилган ижарахонадаги тошойнага сира қараганмисиз? Ўта озғин ва жудаям ҳаракатчан инсонгина унинг торгина тавақаларидаги аксини кўриши, ўзининг ташқи қиёфаси ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўла олиши мумкин. Қомати ниҳолдек нозиккина бўлган Делла эса торгина тошойнага қараш санъатини мукаммал эгаллаб олганди.

 Делла тўсатдан деразадан узоқлашиб, тошойна томон отилди. Унинг кўзлари чақнаса-да, аммо юзидан қон қочганди. У чаққонлик билан сочидаги тўғнағичларни олиб ташлай бошлади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, эр-хотин Жеймс Диллингем Юнгларда уларнинг ғурури бўлган иккита қимматбаҳо хазина бор эди. Улардан бири — Жимга отаси ва бобосидан мерос бўлиб қолган олтин соат бўлса, иккинчиси — Делланинг сочлари эди. Агар Сабо маликаси қарама-қарши томонда жойлашган уйда яшаганида эди, Делла ҳар сафар сочларини ювганида, албатта дераза олдида қуритган бўларди. Унинг дунёда ягона бўлган шаршарадек ажойиб сочларининг жилоси қаршисида ҳазрати олияларининг барча тақинчоқлари ва либослари хира тортиб, тароватини йўқотарди. Мабодо шоҳ Сулаймон шу уйда эшик оғаси бўлиб ишлаганида ва бор бойлигини ертўлада сақлаганида эди, Жим унинг ёнидан ўтаётганида ҳар сафар чўнтагидаги соатини чиқарган бўларди ва, турган гапки, у ҳасаддан соқолларини юлаётганини кўрарди.

Мана, Делланинг ажойиб сочлари худди шоколад тусли шаршаранинг жўшқин оқимларидек елкаси бўйлаб сочилиб, жилоланиб, ялтирай бошлади. Унинг тиззасидан сал пастроққача тушган сочлари бутун қоматини ёпинғичдек ўраб олганди. Аммо Делла дарҳол асабийлашиб, шоша-пиша сочларини йиға бошлади. Кейин бир зум иккиланганча қимирламай турди,  ёноқлари узра думалаган икки ёки учта кўз ёшлари тўзиб кетган қизил гиламнинг устига тушди.

Делла эскигина жигарранг нимчасини елкасига илди, урфдан чиқиб қолган жигарранг шляпасини кийди ва ҳали қуришга улгурмаган кўз ёшларини ялтиратганча, этакларини шитирлатиб кўчага чиқиб кетди.

Делла дўкон деворидаги “М-те Sophronie. Сочлардан тайёрланган турли буюмлар” деб ёзилган  тахтача олдида тўхтади. Кейин ғизиллаганча иккинчи қаватга кўтарилди ва нафас ростлаб олиш учун тўхтади.

— Менинг сочларимни оласизми? — сўради Делла дўкон соҳибасидан.

— Мен сочларни сотиб оламан, — қуруққина қилиб деди хоним. — Қани, шляпангизни ечинг-чи! Мен олдин молни яхшилаб кўриб олишим керак.

Делла шляпасини ечди ва яна елкасига шоколадранг шаршара қуйилди.

— Йигирма доллар бераман, — деди хоним, қуюқ сочларни қўллари билан салмоқлаб кўраркан.

— Бўпти, бера қолинг, — деди Делла.

Кейинги икки соат пуштиранг қанотларда ўтиб кетди. Сийқаси чиқиб кетган иборани ишлатганимиз учун узр сўраймиз. Делла орзуларга берилганча, дўконма-дўкон изғиб, Жим учун совға изларди.

Ниҳоят, у излаган нарсасини топди. Шубҳасизки, бу буюм Жим учун ва фақатгина унинг учун яратилган эди. Бошқа дўконларда бундан-да яхшироқ нарса йўқ эди ва буни Делла яхши биларди. Чунки уларнинг барини аллақачон бошдан-оёқ кўриб чиқишга улгурганди.

Бу чўнтак соатини осишга мўлжалланган, оддий ва сипогина нақшли платина занжир бўлиб, юзаки ҳашамати эмас, балки ҳақиқий сифати билан одамни ўзига маҳлиё қиларди. Аслида ҳам,  барча яхши нарсалар шунақанги бўлиши лозим. Бу занжир, турган гапки, Жимнинг соатига жудаям муносиб эди.

Делла занжирни кўриши биланоқ бу Жимники бўлиши кераклигини тушуниб етди. У худди Жимнинг ўзига ўхшарди. Уларнинг икковини ҳам камтарлик ва улуғворликдек ажойиб фазилатлар ажратиб турарди.

Делла ғазнага йигирма бир долларни тўлади-ю, чўнтагидаги сакксон етти центи билан уйи томон шошилди. Бунақанги занжири бўлганидан кейин, Жим ҳар қандай жойда ҳам соат неча бўлганини текшириб кўришга уялмайди. Соати жудаям ажойиб ва қимматбаҳо бўлса-да, эскириб кетган чарм тизимчага осилгани туфайли ҳам шу пайтгача унга яширинча қараб олишга мажбур бўларди.

Уйга келгач, Делланинг қувончи бир оз босилиб, ўрнини тадбиркорлик ва омилкорликка бўшатиб берди. У сочни жингалак қилувчи қисқичларини олди, газни ёқди ва олийҳимматлик муҳаббатга қўшилган ҳолда келтирган талафотларни тўғрилашга тутинди. Бу эса, дўстларим, доимо мислсиз меҳнатдан иборат бўлади.

Орадан қирқ дақиқа ўтар-ўтмас, Делланинг боши майда жингалак гажаклар билан қопланди. Бир қарашда у мактабдаги дарслардан қочган ўқувчи болага ўхшаб кўринарди. У кўзгудаги аксига узоқ ва танқидомуз боқди.

“Майли, — деди у ўзига-ўзи, — агар Жим мени дарров ўлдириб қўймаса, яхшилаб қараганидан кейин, Кони-Айленддаги қўшиқчи аёлга ўхшаб қолганимни пайқайди. Ахир совға олиш учун бир доллар-у саксон етти центдан бошқа пулим бўлмаса, нимаям қила олардим, ахир? Ахир менинг шундан бошқа иложим ҳам йўқ эди-да!”

Кечки соат еттида қаҳва қайнади. Газ устидаги қизиган това эса қўй гўштидан тайёрланган котлетларни қовуришга тайёр ҳолда  турарди.

Жим ҳеч қачон кечикмасди. Делла платина занжирни муштумида маҳкам қисганча эшикнинг яқинроғида турган столнинг чеккасига ўтирди. Тез орада эрининг зинадан чиқиб келаётган қадам товушлари эшитилди ва бир зумда аёлнинг ранги оқариб кетди.  Унинг ҳар қандай майда-чуйда вазиятларда ҳам Яратганга илтижо қиладиган одати бор эди. Мана, ҳозир ҳам у шоша-пиша шивирлай бошлади:

— Эй, худойим, шундай қилгинки, бу ишим учун Жим мени ёмон кўриб қолмасин!

Эшик очилди. Жим ичкарига кириб, эшикни ёпди. Унинг юзи озғин, ташвишли эди. Ахир йигирма икки ёшида рўзғор хуржунини елкасига ортиш осон эмас-да! Унинг пальтоси эскирган, аллақачон янгисини олиши керак эди. Қўлқопи йўқлиги сабабли қўллари ҳам музларди.

Жим эшик олдида қимирламай турарди. Унинг туриши худди беданани пайқаган този итникига ўхшар, кўзлари эса Деллага қадалиб қолганди. Эрининг кўзидаги ифода нимани англатишини тушуна олмаган Делла даҳшатга тушди. Жимнинг кўзларидаги ифода на ғазабни, на ҳайратни, на таънани, на даҳшатни англатмас, ундан кутиш мумкин бўлган ҳиссиётларнинг биронтасига ҳам ўхшамасди. У шунчаки хотинидан кўзини узмай тикилар, юзидаги ғалати ифода сираям ўзгармасди.

Делла стол устидан сакраб тушиб, Жим томонга отилди.

— Жим, азизим, менга бундай қарама! — хитоб қилди у. — Янги йилда сенга совға олмасам, буни юрагим кўтара олмасди, шунинг учун ҳам сочларимни кесиб, сотиб юбордим. Хавотирланма, сочларим яна ўсиб кетади. Қилган ишимдан жаҳлинг чиқмаяпти, тўғрими? Ахир менинг бошқа иложим йўқ эди-да! Менинг сочларим жудаям тез ўсади. Жим, азизим, тезроқ мени Янги йил билан табриклагин, кейин байрамга тайёргарлик бошлаймиз. Сенга қанақанги ажойиб совға тайёрлаганимни билсанг эди! Мисли йўқ ажойиб совға!

— Сочингни кесдингми? — ниҳоят сўради Жим зўрға тилга кираркан.

Гўё унинг мияси зўр бериб ишласа-да, аммо ҳалиям бўлган воқеани идрок эта олмаётганга ўхшарди.

— Ҳа, кесиб, сотиб юбордим, — деди Делла. — Аммо сен барибир мени севаверасан-ку, тўғрими? Сочим калта бўлса ҳам, ўзлигимча қолавераман-ку!

Жим ҳайронлигини яширолмай, хонага аланглади.

— Демак, узун сочларинг энди йўқми? — сўради у маънодан холи қатъият билан.

— Хонадан сочларимни излама, барибир тополмайсан, — деди Делла. — Сенга айтяпман-ку, сочларимни сотдим. Кесиб, сотиб юбордим… Жим, бугун Янги йил арафаси-ку! Мендан жаҳлинг чиқмасин, ахир буни сени деб қилдим, — деди Делла ва майин овози қатъиятли тус олди. —  Эҳтимол, бошимдаги сочларимни санаш мумкиндир-у, аммо сенга бўлган севгимни ўлчаб бўлмайди! Жим, котлетларни қовураверайми?

Шундагина Жимни қамраб олган карахтлик йўқолди. У пальтосининг чўнтагидан кичкинагина тугунча чиқариб, уни стол устига қўйди.

— Делла, мени тўғри тушун, — деди у сал овози бўғилиб. — Сочингнинг узун-қисқалиги ҳам, соч турмакларинг ҳам сенга бўлган севгимни камайтира олмайди. Аммо манави тугунчани очсанггина нима учун шунақанги каловланиб қолганимни тушуниб етасан.

Делланинг оппоққина, чаққон бармоқлари тизимчани тез-тез узиб, қоғоз тугунчани очди. Олдин унинг ҳайрат тўла хитоби янгради, кейин эса  — афсуски! — фақат аёлларгагина хос бўлган кўз ёши дарёси оқиб, фиғон чекиш бошландики, уларни бартараф қилиш учун уй эгасининг анча-мунча тинчлантирувчи воситалардан фойдаланишига тўғри келди.

Зеро, тугунчада сочга тақиладиган тароқлар тўплами бор эди. Делла биттаси бошнинг орқасига, иккитаси икки чаккага тақиладиган тароқлар тўпламини Бродвейдаги дўконлардан бирининг пештахтасида кўриб, ҳаваси келганига анча бўлганди. Ҳақиқий тошбақа косасидан ясалган, чеккаларига ялтироқ тошчалар қадалган ажойиб тароқлар унинг шоколадранг сочларига жудаям муносиб эди.

Бу тароқлар қиммат турарди. Шуни билгани учун ҳам уларга етишолмаслигини тушунган Делланинг анча вақтгача юрак-бағри эзилиб юрганди. Мана у орзусидаги тароқларга эришди, аммо улар безаши керак бўлган ажойиб сочлари энди йўқ.

Шунга қарамай, Делла тароқларни кўксига босганча, ниҳоят бошини кўтариб, кўз ёшлари аро табассум қилиш учун ўзида куч топа олди.

— Жим, менинг сочларим жудаям тез ўсади! — деди Делла.

Кутилмаганда у худди куйиб қолган мушукчадай бир сакраб тушди-да, хитоб қилди:

— Вой, худойимей!

Ахир Жим унинг ажойиб совғасини кўрмади-ку! У шоша-пиша муштумини очиб, кафтидаги занжирни унга узатди. Туссизгина товланувчи қимматбаҳо металл унинг жўшқин ва самимий қувончи нурларида ярақлаб кетгандек бўлиб туюлди.

— Жим, бунинг ажойиблигини кўргин-а! Буни топгунимча бутун шаҳарни кезиб чиқдим. Энди кунига юз марта соатингга қарашинг мумкин. Қани, соатингни менга бер-чи! Иккаласи бир бўлганида қандай кўринишини билгим келяпти!

Аммо Жим унга соатини узатиш ўрнига ўрнига ётиб олди, қўлларини боши тагига қўйди-да, жилмайди.

— Делла, — деди у одатдагидек мулойим оҳангда, — ҳозирча совғаларимизни яшириб қўйишимизга тўғри келади. Майли, уларни ишлатишимизни озгина кута қолишсин. Улар ҳозир биз учун жудаям қимматлик қилади. Гап шундаки, сенга тароқ олиш учун соатимни сотиб юборувдим. Энди эса котлетларни қовуришга киришсанг ҳам бўлади…

Бешикда ётган гўдакка совға келтирадиган сеҳргарлар одатда доно, ўтакетган ақлли одамлар бўлишган. Янги йил совғаларини бериш одатини ҳам улар яратишган.  Ақлли бўлганлари туфайли совғалари ҳам доноларча, ҳатто зарурати қолмаганида алмаштириш имконини берадиган  бўлади.

Мен эса сизларга саккиз долларли ижрахонада яшовчи, бир-бирларига совға олиш учун узоқ бош қотириб ўтирмай, энг қимматбаҳо хазинасини қурбон қилган тентак болалар ҳақидаги оддийгина ҳикояни сўзлаб бердим. Аммо замонамиздаги донишмандларга ибрат сифатида таъкидлаб ўтишимиз жоизки, бу икковлон энг ақлли инсонлардир. Ҳадя берувчи ва олувчилар ичида фақат буларга ўхшаганларгина асл донишмандлар бўлишади. Доим ва ҳамма жойда шундай. Аслини олганда, сеҳргарлар айнан уларнинг ўзгинасидир.

 Муҳаббат ЙЎЛДОШЕВА таржимаси.