Жума, 20 Сентябрь 2019

“Дарвешона” ҳақида биласизми?

“Дарвешона” — Наврўз кунларида нишонланадиган халқ сайли. Минг йиллардан бери халқ орасида мазкур ном билан аталадиган бу тантана наврўз сайиллари билан айни боғлиқдир. 

Халқ орасида “дарвешона” деб номланган оммавий сайил бор. Дарвешона Наврўз арафасида ташкиллаштирилади. Қишлоқлар, гузарлар ва маҳалла аҳли кенг майдонда тўпланиб, Наврўзни нишонлашади, бир-бирларини қутлуғ айём билан муборакбод этишади. Келинчаклар элга келинсалом қилишади, пири бадавлатлар эса уларни дуолар билан сийлайди. Ёшлар рақсга тушиб, кўнгилларини шод этишади.

Дошқозонларда сумалаклар қайнайди, иссиқ кулчалар пиширилади, паловлар тайёрланади. Сўнг ҳамма бир дастурхон атрофида ўтириб, бу неъматлардан баҳраманд бўлади.

Нима учун халқ Наврўз сайилини дарвешона деб атайди? Нима сабабдан айнан наврўз арафасида еттидан то етмиш ёшгача бўлган одамлар дарвешона деб аталмиш байрам ташкил этиб йиғилади? Эҳтимол бу наврўз арафасида, янги йилни бутун халқ, маҳалла-куй, қариндош-уруғ, дўст ва биродарлар, ота-оналар ва болалар — барчаси омонликда кутиб олишаётганидан шукронада эканликларидан далолатдир. Йил бошида барча соғ-омон ва тугал эканлиги, ўйин-кулги қилишаётгани, табиат яна қайта яшнаётганини нишонлаш туйғуси одамларни сайилга етаклаб чиқар балки. Бойчечаклар сочилиб ётган адирларда Наврўзни тантана қилаётган одамларни кўриб, беихтиёр умрнинг ва унда алмашаётган фаслларнинг моҳиятини ҳис қилгандек бўласан. Неча минг марта борлиқни яшнатиб баҳор қайтади, неча минг марта Наврўз мана шундай тантана қилинади. Қулф урган майсалар устига ёзилган дастурхонлар минг йиллардан буён тўкин. Фақат одамлар, авлодлар алмашади. Аммо уларнинг юрагидаги умидлар ўзгармайди, бир-бирларини ғанимат билиш ҳислари мангудир.

Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудида Наврўз сайиллари кенг нишонланади ва мана шу жойларнинг каттагина қисмида бу сайилни дарвешона деб атайдилар. Ёши улуғларимиздан нима учун халқ наврўз сайилларини “дарвешона” дейди, деб сўрасангиз, улар “дарвешлар бир жойга йиғилишганда, яна бир бор саломат кўришиб турганлари учун бир-бирларини қутлашган ва шуни нишонлаганлар. Таом ва суҳбатдан сўнг Аллоҳнинг берган неъматларига шукур қилиб ибодат қилишган. Шу сабаб ҳар янги кун — Янги йил арафасида одамлар ҳам бир-бирларини худди дарвешлар каби қутлайдилар, шукроналар айтишади. Дарвешона шу сабаб пайдо бўлган ва омма орасида шундай ном билан тарқалган бўлса, ажабмас”, дея жавоб беришади.

“Дарвешона” — шукроналик, ҳам наврўз айёмидан, ҳам яшариш фаслидан хуррамлик дамларидир. Бу ғанимат дамларда эл-улус билан бирга бўлиш ҳар бир инсон учун шараф.

Азиза ҲАЙИТОВА, Самарқанд вилояти