Жума, 22 Июнь 2018

Дармондорилар хазинаси

Одатда пиёзнинг шолғомсимон, қизил ва кўк пиёз каби туридан фойдаланамиз. Аммо унинг бизга таниш бўлмаган турлари ҳам бор.

Пиёз — дунёда энг кўп тарқалган маҳсулот. Унинг экин майдонлари буғдойникидан бир неча баробар кўп. Пиёзнинг тахминан 900 тури мавжуд бўлиб, улардан фақат 228таси сабзавот экини ҳисобланади.

Пиёз дармондорилар ҳамда микроэлементлар хазинаси. Олимлар пиёз таркибида А, В1, В2, С, РР дармондорилари, олтингугурт, хром, фолий кислотаси, эфир мойлари, қандлар, флавоноидлар, кверцитин, йод, фтор, кальций, селен, рух, темир моддалари мавжудлигини аниқлашди.

Пиёз ошқозон-ичак йўли фаолиятини ва моддалар алмашинувини тезлаштиради, шамоллашда ёрдам беради, иммун ҳамда юрак-қон томир тизимларини мустаҳкамлайди, озишга ёрдам беради, ёмон холестерин даражасини пасайтиради, шунингдек, бактерицид хусусиятга эга.

Таркибида қандлар кўп

Кўриниши шолғомга ўхшагани учун шолғомсимон пиёз деб аталадиган пиёз турида қандлар олма ва нокдан кўра кўпроқ, тахминан 9-14 фоиз бўлиб, улар фруктоза, глюкоза, сахароза, мальтоза, шунингдек, полисахарид инулиндан иборат. Фитонцидлар ёрдамида бу пиёз бизни шамоллашдан ҳимоя қилади. Унинг таркибида темир ҳамда антиоксидантлар, саратонга қарши кучли агент — кверцетин мавжуд.

Сақлаганда С дармондориси ортади

Пиёзлилар оиласининг вакили бўлган порей таркибида дармондорилар ҳамда каротин шолғомсимон пиёздагидан анча кўп. Порей ажойиб хусусиятга эга: сақлаганда ундаги С дармондориси миқдори 35 дан 85 мг гача ортади.

Порейни хомлигича истеъмол қилиш мумкин, аммо кўпинча у таомларга қўшилади ёки зайтун ёғида димланади.

Салатларни сайратади

Италия, Франция ва Америкада оммавийлашган оқ пиёз шолғомсимон пиёз каби аччиқ эмас, аммо ўта сувли ва хушбўй.

Оқ пиёзни салатларга қўшиш мумкин. Уни қаймоқ ёки майонез билан қўшиб истеъмол қилса бўлади. Еганда оғизда ҳид қолдирмайди. Шунингдек, димлама ва шўрваларга ҳам айнан оқ пиёз жуда қўл келади.

Энг ширин ва сувли

Салатлар ва сэндвичлар, таомларни безаш ва грил ёки газ печида тоблаб пишириш учун қизил пиёздан яхшиси йўқ. Бу пиёзнинг энг ширин, сувли ва карсилдоқ тури. Қизил пиёзда антиоксидантлар унинг оч рангдаги навларига нисбатан икки баравар кўп.

Иштаҳани очади

Батун пиёзининг яшил баргларида С дармондориси оддий кўк пиёздагидан икки баравар кўп. Майда пиёзчаларни маринадлаш ва консервалашда сабзавотли аралашмаларга қўшилади.

Баҳорги витамин танқислигида батун пиёзидан яхши восита йўқ. У иштаҳани очади ва овқат ҳазм қилишни тезлаштиради.

Микробга қарши энг яхши восита

Узун ингичка яшил баргли ва йўғонлашган пояларида шарсимон гули бор жусай пиёзи чўл, ўтзор ва жануби-шарқий Осиёнинг тоғ ён бағирларида ўсади, ёқимли хушбўй ҳидга эга.

Унинг жуда нозик баргларида эфир мойлари кўп, шу сабаб, жусай микробга қарши энг яхши пиёз ҳисобланади. Уни ҳар қандай таомга қўшиш мумкин.

Илдизлари — аччиқ, барги — хушбўй…

Шолғомсимон пиёзнинг бир тури бўлган шалот пиёзининг илдизлари ўта куйдирувчан аччиқ, барглари эса нозик ва хушбўй, бироқ тез сўлади.

Шалотни салатларга, балиққа қўшиб истеъмол қилиш мумкин. Аччиқлигини камайтириш учун уни 2 дақиқа совуқ сувга солиб қўйиш лозим. Шалотдан кўпинча халқ табобатида фойдаланилади.

Биласизми?

  • Пиёзнинг 85 фоизи сувдан иборат.
  • Кесганда пиёздан лакриматор — намлик ёки кўз ёши билан ўзаро таъсир натижасида кўзнинг шиллиқ қаватига таъсир кўрсатувчи олтингугурт кислотасини ҳосил қиладиган модда ажралиб чиқади. Ошпазлар пиёзни тўғрашдан олдин пичоқни сувга ботириб олишни маслаҳат беришади.
  • Тайёрлаш вақтида пиёздан учувчан моддалар буғланиб кетади ва у ширин бўлиб қолади.
  • Оғиздаги пиёз ҳидини кетказиш учун ортидан петрушка ейиш керак.

ЖАСУР тайёрлади.