Жума, 22 Июнь 2018

Даъво аризаси қондирилди

Хоразм вилояти Урганч туман ИҲҲҚ жамияти томонидан  Солия Оллаберганованинг шикояти асосида судга даъво аризаси киритилди. Унда 2017 йил 6 январда “Урганчтумангаз” филиали томонидан расмийлаштирилган 2367-сонли далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш сўралди. Суд мажлисида даъвогар 2017 йил 6 январда “Урганчтумангаз” филиали томонидан ГҲУ яроқсиз деб расмийлаштирилган 2367-сонли далолатнома ноқонуний расмийлаштирилгани, далолатномада хонадон эгасининг имзоси йўқлиги, далолатнома расмийлаштириш қоидаларига риоя қилинмаганини билдирган ва ушбу далолатномани ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

“Урганчтумангаз” филиали вакили суд мажлиси бўлиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда огоҳлантирилишига қарамай, суд мажлисига етиб келмади. Шунга кўра суд ФПКнинг 174-моддаси, учинчи қисмига асосан ишни жавобгарнинг иштирокисиз кўришни лозим топиб, даъвогарнинг тушунтиришини тинглади ва ишда тўпланган ҳужжатларни кўриб чиқиб, қуйидаги хулосага келади.

Аниқланишича, 2017 йил 6 январда “Урганчтумангаз” филиали томонидан Урганч туман Бекобод қишлоғи “Оқ ёп” маҳалласида яшовчи Солия Оллаберганова хонадонидаги ГҲУ яроқсиз деб, 2367-сонли далолатнома расмийлаштирилган ва хонадонга 487 490 сўм юклама қилинган. Ушбу далолатномада холислар иштироки таъминланмаган, далолатнома тузилишидан олдин огоҳлантириш хати берилмаган, хонадон эгаси далолатнома билан имзо қўйиш орқали таништирилмаган ёки имзо қўйишдан бош тортганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 12-моддаси, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 18, 174, 203-206, 269, 271-моддаларини қўллаб ҳал қилув қарорига асосан, истеъмолчи С.Оллаберганованинг жавобгар “Урганчтумангаз” филиалига нисбатан далолатномани ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилиши ва Хоразм вилоят “Шимолгазтаъминот” УК “Урганчтумангаз” филиали томонидан 2017 йил 6 январда расмийлаштирилган 2367-сонли далолатномани ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур ариза юзасидан ўрганиш ўтказилиб, 487 490 сўм пул истеъмолчи Хушнуд Сапаровнинг онаси С.Оллаберганованинг фойдасига ижобий ҳал қилинди ва тегишли тартибда жавоб хати тақдим қилинди.

Ўзбекистон ИҲҲҚ жамиятлари федерацияси