Пайшанба, 18 Yanvar 2018

Cарҳисоб: 2017 йил — янги тизим яратилган йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

***

Шу йилнинг 1 мартидан Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида терминалсиз савдо қилиш тақиқланди.

***

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев дунёнинг 100та энг кучли ёш иқтисодчиси рейтингидан жой олди.

***

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2017 йилнинг 10 мартидан бошлаб қиймати 10 000 сўм бўлган ва 22 августдан бошлаб қиймати 50 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарди.

***

Шу йилнинг 1 октябридан миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги, пластикдан тайёрланган намуналари жорий этилди.

***

Мактабгача таълим муассасаларига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилиниши белгилаб қўйилди.

***

Мустақиллик куни арафасида Самарқандда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбараси қурилиши якунига етди.

***

Халқаро Пресс-клуб очилди

7 апрель куни Ўзбекистонда илк бор Халқаро Пресс-клуб (ХПК) нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди.    Халқаро Пресс-клуб раислигига ЎзМУнинг журналистика факультети кафедра мудири Шерзод Қудратхўжаев сайланди.

Халқаро Пресс-клуб ижтимоий мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, ислоҳотлар кўламини тезкор ва сифатли ёритишдаги интерактив майдонга айланди.

***

Юксак мукофотлар билан тақдирланишди

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида Президент фармонига кўра юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси”, “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” каби унвонлар ҳамда бир қатор орден ва медаллар билан мукофотландилар.

Шунингдек, бир гуруҳ давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимлари, ҳуқуқни муҳоқаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимлари ҳам байрам арафасида давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишди.

***

Ўзбекистон Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди.

***

25-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида анъанавий “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтди.

***

5 сентябрдан Ўзбекистон банкларида валюта эркин сотила бошланди.

***

Халқимизнинг севимли палови Гиннесснинг рекордлар китобига кирди. Пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида 7360 килограмм палов тайёрланди.

 ***

Давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди.

***

24 декабрь куни “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига мувофиқ Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди.

Мурожаатномада 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топди.

Давлатимиз раҳбари таклифи билан янги – 2018 йилга мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилди.

***

Президент олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича йиллик ҳисоб берди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида 2017 йил 21та олий даражадаги ташриф амалга оширилгани, 60дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилот раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилганини таъкидлади.

“400дан зиёд битим ва келишувга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоя шартномалари имзоланди.

Қабул қилинган ҳужжат ва келишувларни ўз вақтида тўлиқ бажариш мақсадида 40та “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда амалга оширилмоқда”, дея маълумот берди президент.

***

Жорий йилда Ўзбекистонда 12та эркин иқтисодий ва 45та саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилди.

***

Пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида “Tоshkent Сity” халқаро ишбилармонлик маркази барпо этиш лойиҳаси ишга туширилди.

 ***

Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси амалга оширила бошланди. Шаҳар ва қишлоқларда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қурилиши бошланди. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида жорий йилда 420 минг квадрат метр кўпқаватли уй-жой фонди фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир.

***

2017 йилда 21та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди. Қабул қилинган ҳужжат ва келишувларни ўз вақтида тўлиқ бажариш мақсадида 40та “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилмоқда.

***

Жорий йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилди. 12та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди, 320таси реконструкция қилинди, 152та мактаб капитал таъмирланди. Шунингдек, 107та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195та боғча капитал таъмирланди.

***

Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари ишини янада фаоллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

 ***

 Юртимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1100 дан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишларнинг амалдаги тасдиғи бўлди.

 ***

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида Президент Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тарихда илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш, жумладан, турли ҳолатларда жиноят содир этган, қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлган ва тўғри йўлга кирган, турар-жойи ҳамда жазони ўташ муассасаларида ижобий тавсиф олган 956 шахсни жазони ўташ колонияларидан озод қилиш тўғрисида фармон имзоланди.