Сешанба, 18 Декабрь 2018

Буюмларни сақлаш қоидалари

Кўпчилик ёз келиб, кунлар исишни бошлаши билан шкафда ортиқча жой эгаллаб тургун қишки кийимларини йиғиштириб, турли халта ёки қутиларга солади ва бошқа жойга сақлаш учун олиб қўяди. Бу кийимлар яхши сақланиши ва кейинги мавсумгача ўз сифатини йўқотмаслиги учун эса оддий қоидаларга риоя қилиш зарур.

 Аввал ювиб қуритилади

Сақлаб қўйишдан олдин барча кийимлар, албатта, тозаланади ва ювилади. Акс ҳолда, янги мавсумда ҳатто сезилмас доғлар ҳам билиниб қолади ва уларни ювиб кетказиб бўлмайди. Кийимларнинг енглари, чўнтаклари ва пастки қисмлари қораяди, оч рангли матоларнинг эса терига тегиб турувчи жойлари сарғаяди. Бош кийимларнинг ички тарафида ёғ тўпланади — бу куя ва бактерияларнинг кўпайиши учун энг яхши муҳит.

Курткалар кир ювиш машинаси ёки қўлда ҳарорати 30-40 даражадан юқори бўлмаган сувда суюқ ювиш воситаси билан ювилади. Чарм курткалар эса аввал совунли нам булутча ёрдамида, сўнг юмшоқ қуруқ латта билан артилади. Улар ялтираши учун глицеринга ботирилган пахмоқ мато билан артиш лозим.

Сақлаб қўйишдан олдин буюмларни яхшилаб қуритиш керак, акс ҳолда, ёқимсиз зах ҳиди ва ҳатто моғор пайдо бўлади.

Нозик ёндашув зарур

Мўйнали кийимлар юмшоқ чўткали чангютгичда тозаланади. Пишиқ мўйналарни бир оз янгилаш мумкин. Бунинг учун пўстинни тоза ва сал нам мато устига қўйиб, тукларига ёпишган чангни олиш учун уриб-уриб қоқинг, сўнг чўткада таранг. Агар кийим қаттиқ кирланган бўлса, маккажўхори унидан фойдаланинг. Озроқ унни қиздириб, мўйнанинг устига сепинг ва юнгига тескари томонга артинг, сўнг унни қарши томонга қаратиб сепинг.

Пўстинлар қоронғи, қуруқ ва кенг жойда, тўқ рангли жилдда, ёғоч кийимосгичда сақланади.

Ҳимоя

Табиатда куя қушларнинг уялари ва патли, юнгли инларда тухум қўяди. Кийимлар турадиган шкафларда ҳам у шундай жойларни излайди. Кийимлардаги тешикларни куянинг личинкалари еб тешади. Уларни куяга қарши воситалар билан йўқотиб бўлмайди. Кийимдаги куянинг тухумлари ва личинкаларидан фақат ювиш, яхшилаб қоқиш, шамоллатиш ва қуёшга ёйиш йўли билан қутулиш мумкин. Капалакларни лаванда, ёронгул, тамакининг қуритилган барглари ва гуллари, апельсин пўсти, шунингдек, лаванда, сандал, қалампирмунчоқ солинган махсус халтачалар, кедр маҳсулотлари, ҳапдори, суюқлик ва спрей кўринишидаги ҳашоратларга қарши воситалар ёрдамида ҳайдаш мумкин.

Сақлаш

Кийимларни полиэтилен халталар  ва қопларга солиб бўлмайди. сабаби, бу матоларга ҳаво кирмайди ва кийимлар наимиқиб, ҳидланиб қолади. Кийимларни сақлаш учун полотнодан тайёрланган қоплар ёки тешикли текстиль қутилар, қоғоз халталар, тўқилмаган материал, картон, спанбонддан тайёрланган жилдлар яхши. Пальтони кенг кийимосгичга осиб, жилдда сақлаш лозим.

Жундан тайёрланган кийимлар нам тортиши ва ҳаво ўтказувчанлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун толалар нафас олишига имкон бериш керак. Бунинг учун шкафда кийимлар орасида ҳаво айланиши учун 2-3 см жой қолдириш лозим.

Пойабзал

Пойабзални сақлаб қўйишдан олдин ювиш, қуритиш ва махсус воситалар билан ишлов бериш лозим. Патаклар булутча ва ювиш воситаси ёрдамида ювилади. Ёқимсиз ҳидлар шимиб олувчи ҳамда хушбўй ҳид берувчи халтачалар билан йўқотилади.

Пойабзал учун ион нурли электр қуритиш патоген микрофлорани қўшимча ўлдиради ва тер ҳидини йўқотади.

Пойабзаллар қоплар ёки қутиларда сақланади.

Ж.АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади.