Жума, 14 Декабрь 2018

Буюк “асар”ларнинг сабабчилари

“Жаннат — оналар оёғи остида” дейишади. Ҳақиқатан, оналар фарзанди учун жон фидо этиб, уни камолга етказиш учун не машаққатлар чекишмайди. Бу дунёда ОНАдан устун ва мўтабар инсон йўқ. Ҳаётимизнинг ҳар бир тонгида уларнинг дуолари, меҳри бизга ҳамиша далда бўлишини, улкан ютуқларга чорлаб туришини англаймиз.

Байрам арафасида халқимизга танилган бир гуруҳ актёрларнинг оналари ҳақида маълумотлар олишга қизиқдик. Боиси, ижодкорларнинг ҳар бир ютуғида албатта, волидаларининг хизматлари борлиги аниқ…

Уйда оддий фарзандман

Онамнинг исми — Шарофатхон, у киши уй бекасилар.

Биз оилада етти фарзанд бўлганмиз, эгизагим Фотима оламдан бевақт кўз юмган.

Санъатга кириб келишимга отам қаршилик қилсалар-да, аммо онам розилик ва дуо берганлар. Ўқиш мақсадида Тошкентга келиш учун уйдан чиқиб кетмоқчи бўлганимда, айнан онам менга тўғри йўл кўрсатиб, орзуларимни отамга ётиғи билан тушунтирганлар. Мана, шу кунгача ролларимни яхши кўриб, дуо қилиб турибдилар.

Вақти-вақти билан АҚШга даволангани бориб турадилар. Кўча-кўйда, ҳатто Америкада одамлар таниб суратга тушишса, хурсанд бўлиб кетадилар. “Сен кўчада машҳур актриса бўлсанг ҳам, мен учун оддий қизимсан”, деб кўп айтганлар. Доим ташвишларимни уларга билдирмасликка ҳаракат қиламан.

Келаётган байрам барча оналаримизга, аёлларимизга муборак бўлсин! Биринчи ўринда аёлларимиз аёллик бахтини ҳис этиб, ўзларини яхши кўриб яшашларини, эркаклар олдида қадр-қимматини йўқотмасликларини тилаб қоламан!

Зуҳра СОЛИЕВА, актриса.

Олий мақомдаги юрт тарбиячилари

Онам — менинг меҳрибоним, ҳаммаслагим, бу йил апрель ойида муборак олтмиш ёшни қарши оладилар. Касби тикувчи бўлган, ҳозир нафақада ўтирадилар. Ҳамиша қўлларидан китоб, газета тушмайди. “Ҳаммаслагим” дейишимга сабаб, мендан аввал сценарийларни ўқиб чиқадилар. Фақат менинг ролимни эмас, бутун фильмни таҳлил қилиб берадилар. Агар салбий фикр билдирсалар, бу фильмга таклифни рад этаман.

Кинога кириб келишимда онамнинг ҳиссалари катта. Болалигимдан акробатика, дзюдо каби спорт турлари билан шуғулланишим, кейинчалик санъат йўлидан кетишимга сабабчи бўлганлар.

Репертуаримдаги образларнинг кўпчилиги салбий роллар бўлгани учун йиғлаб кўрадилар. Баъзи пайтлари “Шунақа ёмон бўлиб кетдингми?” деб куйиниб қўйганлар.

Ҳаётдаги энг катта мақсадим, худо хоҳласа, онамни муборак Ҳаж сафарига жўнатиш. Ҳозир ўзлари ҳам тайёргарлик кўрмоқдалар.

Фарзанд тарбияси, камолотида оналар олий ўринда туришади. Ватан равнақи, юрт тинчлиги йўлида эса мана шу тарбиянинг роли ниҳоятда муҳим. Келаётган байрам муносабати билан юрт тарбиячиларини чин қалбдан табриклайман. Уларга дунёдаги энг эзгу тилакларни тилайман!

Лазиз МУСАЕВ, актёр.

Доим илҳом беришдан чарчашмасин!

Онам — Мадина Исломова, ўн етти ёшларидан “Ўзбекистон” нашриётида ишлаб, ўтган йили ўша жойдан нафақага чиқдилар. Дадам билан ҳам нашриётда кўришишган экан. Оилада уч фарзандмиз — икки опам ва мен. Ота-онам ҳаммамизни уйли-жойли қилганлар.

Онамнинг ўзларида санъатга қизиқиш бўлиб, мактаб вақтидан қўшиқлар куйлаганлар. Сўнгги қўнғироқ байрамида устозлар онамни консерваторияга таклиф қилишган, аммо тақдир чархпалаги бошқа томонга айланди. Мен санъат институтига кирмоқчи бўлганимни айтганимда, “Сен депутат ё дипломат бўлишингни истайман, лекин санъатга қизиқсанг, майли, ҳаракатингни қил”, деб маслаҳат берганлар.

Онам жуда яхши танқидчи, десам бўлади. Доим фикрини очиқ айтадилар. Кетма-кет комедик фильмларда суратга тушганимда, “Ҳадеб комедияда ўйнайверма, Жавлон Шодмоновга ўхшаб қоласан. Жиддий ролларни ҳам ўйна, актёр кўп қиррали бўлиши керак, акс ҳолда, халқ сени фақат комик актёр сифатида қабул қилиб қолади”, деган гапларини доим ёдда тутаман.

Насиб қилса, ота-онамни биргаликда Умра сафарига жўнатмоқчимиз. Улар шундай роҳатланиб яшаш ёшига етишди, десам адашмайман. Худодан уларга фақат яхши ниятларни сўрайман.

Тарихга назар солсак, энг буюк асарлар аёллар шарофати билан, улардан илҳомланиб яратилган. Тилагим, аёллар мана шундай илҳомлантириб яшашдан, буюк асарларнинг бошида туришдан чарчашмасин. Чин маънодаги ҳайратланарли, барча оламшумул воқеалар аёллар иштирокида бўлади. Жамиятимиз ривожида уларнинг иштироки сўнмасин. Биз — эркаклар, доим уларга қалқон бўлиб яшайлик!

Суръат ИСЛОМОВ, актёр ва бошловчи.

Танқидлари ҳам юмшоқ бўлади

Онажоним — Зулфияхон опа, 52 ёшдалар. Педагогика соҳаси бўйича институтни тамомлаганлар, ҳозир уй бекасилар.

Волидамнинг истаги ва саъй-ҳаракатлари билан санъатга кириб келдим. Менга ҳомиладорлик пайтларидаёқ “Агар қизим бўлса, раққоса бўларди”, деган эканлар. Тақдир тақозоси билан менда ҳам рақсга, умуман, санъатга катта қизиқиш уйғонди. Хореография коллежини битириб, ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олдим.

Оналар танқид қилсалар ҳам, барибир юмшоқ гапиришади. Кўп фильмларни танқид қилсалар-да, менинг ижроларимни, айниқса, театрдаги ролларимни мақтайдилар. Улардаги ҳаётий тажрибани ҳурмат қилган ҳолда, кинога бўлган таклифларни онам билан маслаҳатлашаман. Отам ҳам бу ишда кўмакларини аямайдилар.

Яқинлашиб келаётган байрамга онам учун сюрприз тайёрлаяпман. Нималиги ҳозирча сир бўлиб қолади.

8 Март байрами барча аёлларга муборак бўлсин. Сиҳат-саломатлик, гўзаллик, бахт, уларни ҳеч қачон тарк этмасин!

Хуршида АРАБШОЕВА, актриса.

Сирли туҳфам маъқул келади, деган умиддаман…

Онам — Офтобойим, тиббиёт ходимаси бўлганлар. Уйимизда жуда кўп китоблар бўлиб, онам мутолаадан бош кўтармай ўтирганларини кўп кўрганман. Мендаги иқтидор ҳам онамдан ўтган, десам адашмайман. Мени маданият коллежига ўзлари олиб келдилар.

“Опа-сингиллар” телесериалидаги ролим — гиёҳванд Сардор уларга ёқмаган. “Ўлим, касаллик бўлган персонажларни бошқа ўйнама”, деб танбеҳ берганлар.

Байрамга онамга сирли туҳфа тайёрлаб қўйганман, уларга албатта ёқади, деб ўйлайман.

Фарзандни дунёга келтириб, катта қилгунча оналар саноқсиз эзгу ниятлар билан яшайдилар. Илоҳим, уларнинг мана шу ниятлари ушалсин, болалари, невараларининг роҳатини, камолини кўришсин. Байрам ҳамма аёлларимиз қутлуғ бўлсин!

Азизбек ҚУРБОНОВ, актёр.

 Баҳор фаслининг илк шодиёнаси — аёллар байрами арафасида сиз ҳам муҳтарам волидангиз, меҳрибон ёрингиз ва опа-сингилларингизни байрам билан табриклашни унутманг. Аёлнинг кўнгли шу қадар нозикки, уни озгина эътиборсизлик руҳан чўктириши мумкин. Аммо бир оғиз ширин сўз ёки чиройли гул билан унинг кўнгли тоғдек кўтарилади. Шундай экан, хонадонингиздаги меҳр булоғи бўлган барча аёлларнинг кўнглини олишга шошилинг, байрам баҳона елдек ўтиб бораётган кунларингизни яна бир қувонч билан бойитинг! Чунки фақат театр ёки кинода эмас, ҳаёт саҳнасида ҳаммамизга буюк инсон роли топширилганини унутмайлик!

Камолиддин ЭГАМБЕРДИЕВ ва

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ ёзиб олди.