Пайшанба, 14 Ноябрь 2019

Буйракларингиз соғломми?

Буйраклар — одам организмининг энг муҳим аъзолари. Улар кўкрак қафаси тагида жойлашган бўлиб, заҳарли моддаларнинг чиқиб кетишига жавобгар. Буйраклар ҳар куни 10дан 140литргача қонни фильтрлайди.

Буйраклар танадан чиқиндиларни чиқариб ташлайди, суякларни соғлом асрайди, электролитларни тенглаштиради, қон босимини меъёрига келтиради ва қизил қон таначалари сонини оширади.  Агар сизда қуйидаги белгилар бўлса, дарров буйрагингизни текширтиринг.

Огоҳлантирувчи аломатлар 

Шиш

Агар буйраклар фаолияти қийинлашган бўлса, организмдан ортиқча суюқликни чиқариб ташлашга улгурмайди, бу эса юз, оёқ-қўл ва бўғимларнинг шишишига олиб келади.

Пешобдаги ўзгариш

Илк ва энг кенг тарқалган аломатлар:

  • – пешобда кўпик бўлиши;
  • – ранги тўқ бўлиши;
  • – кам ва оз миқдордалиги;
  • – тунда ҳожатга чиқиш истаги;
  • – пешоб ажаралаётганда босимни ҳис қилиш;
  • – кичик ҳожатга чиққанда қийналиш.
  • – пешобнинг оч рангда бўлиши, тез-тез ва кўп ажралиши.

Теридаги тошмалар

Буйрак етишмовчилиги чиқиндиларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўлиши, бу эса тери қичишиши ва тошма тошишига олиб келиши мумкин. Қонда чиқиндилар тўпланганда, тери қуруқ ва носоғлом кўриниш касб этади. Бу муаммолар крем ва малҳамлар воситасида ҳал бўлмайди, чунки муаммонинг илдизи — буйракларнинг носоғломлилигида.

Ҳорғинлик

Соғлом буйраклар ЭПО (эритропоэтин) гормонини ишлаб чиқаради. Бу гормон организмга зарур кислородни етказиб берадиган қизил қон таначалари сонини оширади. Агар уларнинг сони кам бўлса, бу ҳорғинликка, шунингдек, мия ва мушаклар фаолиятида бузилишга олиб келади. Худди шу белгилар кучли анемиядан дарак бериши мумкин.

Нафас қисиши

Бу — кўпинча буйракнинг касаллигидан дарак берувчи аломат. Ўпкаларда заҳарли моддаларнинг йиғилиши қизил қон таначалари қисқаришига олиб келади, бу эса қондаги кислородни камайтиради.

Металл таъми

Қонда зарарли моддаларнинг йиғилиши таом таъмини ўзгартириб, оғиздан ёқимсиз ҳид келишига сабаб бўлади. Иштаҳа бўлмаслиги ва таомнинг ноодатий таъми буйрак етишмовчилигидан дарак беради.

Паришонлик ва бош айланиши

Буйрак етишмовчилиги кучли камқонлик сингари мияга кислород етиб келишини қисқартиради, бу хотира бузилишига, паришонликка, бош айланиши ва беҳузурликка олиб келади.

Белдаги оғриқлар

Бу энг сезиларли аломат. Белдаги оғриқ буйракда муаммо борлигидан дарак беради. Бу фақат буйрак етишмовчилиги эмас, балки инфекция ёки буйракдаги тош аломати ҳамдир.

Бу аломатларга беэътибор бўлманг! Буйраклар фаолиятини меъёрида сақлаш учун антиоксидантлар, минерал ва витаминларга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг.

Севара АЗИЗ тайёрлади.