Жума, 20 Aprel 2018

Бунёд каби шижоат билан…

Кинорежиссёр Ҳабибулла Файзиев   яратган “Семурғ“ бадиий фильми   ўз даврида ўзбек  болалар киносини бойитишга хизмат қилганди. Бугунги кунда эса ҳаммамиз, халқ оғзаки ижоди киноталқинининг ажойиб намунаси бўлган бу фильм,  ўзбек киноси тарихининг классик асарлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Афсуски, бу киноасар томошабинларга манзур бўлишига ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ артисти Наби Раҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Бадалова, Ҳикмат Латипов, Тамара Шокирова сингари кўплаб севимли актёрларимиз бугунги кунда орамизда йўқ. Энди, улар қаторига 2017 йилнинг 13 июнида   вафот этган истеъдодли актёр, Ҳабибулла Каримов ҳам қўшилди.  У “Оталар сўзи ақлнинг кўзи” кўрсатувидаги бири-бирига ўхшамаган турли характердаги роллари, “Баҳор қайтмайди” видеофильмидаги  Кабир ва “Семурғ” фильмидаги Бунёд роли билан томошабинлар ёдида қолган. Зеро, беҳуда ўтмаган умр, уни қадрлаган инсонлар қалбида яшашда давом этаверади…

Ўз ролларини йиғлаб кўрардилар…

 Жамшид Каримов, актёрнинг фарзанди:

Отам “Семурғ” фильмини аввал қандай томоша қилганларига ҳеч эътибор бермаган эканман-у, лекин умрларининг охирида доим кўзлари тўла ёш билан томоша қилганларини кўп кузатдим. Лекин “нега йиғлаяпсиз?” деб сўрашга ҳеч жазм қилолмадим. Умри поёнига етаётган  одам учун, ўзини ёш, жасур, кучга тўлган, барваста кўринишда кўриш шунчалар оғирмикан? Ёки ўтган кунларни эслаб, кўнгил юмшармикан, билмадим. Бу ҳолат, мен учун сирлигича қолди. “Осмондаги болалар” фильминиям мазза қилиб, йиғлаб кўрардилар. Бунинг сабабини суриштирганимда: “Болалигим эсимга тушиб кетди, биз ҳам шунақа юрардик…” деб жавоб берганлар…

1946 йилнинг 6 июлида Тошкентнинг “Чақар” маҳалласида туғилганман, деб болалик чоғлари ҳақида кўп гапириб берардилар.  “Болалигим жуда яхши ўтган, шўх бола бўлганман”, дердилар. Оталари Бекмирза бувамиз Тамарахонимнинг шахсий ошпазлари бўлиб, кўплаб санъаткорлар билан мулоқотда бўлганлари учун ҳам ўғиллари актёр бўлишини хоҳлаган эканлар. “Ҳабибулла, ўқишини ўқисин…”, деб бувим иш буюришларигаям қўймас эканлар. Дадамнинг ўзлариям мактабдаги саҳна кўринишларида иштирок этишдан завқланиб, ҳамма бош ролларни ўзлари ўйнагилари келавераркан. Буни кўрган адабиёт ўқитувчилари: “Ҳабибулла, сендан яхши санъаткор чиқади” деб мақтаб қўяркан. Ана шу қизиқишлар туфайли отам мактабни битириб, актёрлик касбини эгаллашга аҳд қилган эканлар. Болаликдан “Ёш томошабинлар театри”да ишлайдиган отамнинг спектакль матнларини ёдлаб,  ойнада турли қиёфаларга кириб, образ чиқаришга ҳаракат қилишларини кўриб катта бўлганман.

Бола тарбиясига эътиборли одам эдилар. Оилада тўрт фарзандмиз. Бир қиз ва уч ўғилни  фақат рост гапиришга ўргатганлар. “Оғир бўлсаям ширин ёлғонни танлама, ўша ҳақиқатинг учун  хафа бўлган одам ҳам бир кун келиб, сенга албатта раҳмат, дейди…” деган гаплари қулоғимизда қолган. Ўзлариям ҳеч қачон бировнинг ҳақига ҳиёнат қилмаган инсон эдилар. Ўзларига ёмон бўлиши ҳисобига бўлсаям, бировга яхши бўлишига ҳаракат қилардилар. Биз фарзандлар актёр бўлиб, адамнинг ишларини давом эттирмадик. Лекин  ўғлим Шаҳриёр санъат соҳасига қизиқяпти. “Марварид” гуруҳига қатнашиб, бугунги кунда бир нечта фильм ва клиплардаям суратга тушганидан хурсандман. Ҳозирча, “Мен актёр Ҳабибулла Каримовнинг неварасиман!” деб айтишига рухсат йўқ. Аммо бир кун келиб: “Санъат йўлига киришингизга ким сабабчи бўлган?” деган саволга: “Бувам Ҳабибулла Каримов актёр бўлганлар!” деб  фахр билан айта оладиган санъаткор бўлишига умид қилаяпмиз. Отажонимни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Ноҳақликни ёмон кўрарди

 Ҳайитали Низомиддинов, актёр:

Ҳабибулла “Семурғ” фильмида Бунёд ролини ўйнаб, тилга тушган пайтларда “Ёш томошабинлар театри”да бирга ишлардик. Яхши драматик актёр бўлиши билан бир қаторда, режиссёрликка ҳам қобилияти бор эди. Бундан ташқари ёзишгаям лаёқати борлигидан  театримиздаги “Ижодкор” деган деворий газетага ҳам муҳаррирлик қилиб, мақолалар ёзиб юрарди. Ишдан кейин қолиб ўзимиз спектакллар қўярдик. Кейин “Биз ёшлар тайёрладик”, деб раҳбарларга топширардик. Арча атрофидаги байрамларга, бирор актёрнинг юбилейига ёзилган сценарийларимизга Ҳабибулла режиссёрлик қиларди.

Ҳаддан ташқари ҳақиқатпарвар эди, ноҳақликни ёмон кўрарди. Ҳақиқат учун вақтини  аямай курашарди! Шу феъли туфайли, озорлар кўрди. Иғволарга учради, унвонлардан олиб ташланди. Асаббузарлик, сиқилишлар ҳеч қачон изсиз кетмайди, инсульт, инфаркт касалликларига олиб келди. Кўп қийинчиликлар кўрди. болалари ёнига киргунича соғлиғини йўқотиб бўлди.  Шу сабабли театрдан кетиб, Ўзбекистон телевидениесида программа режиссёри лавозимида ишлади.  Ҳабибулла Каримовнинг  “Ой бориб, омон қайт”, “Семурғ” “Алпомиш”, “Марғиёна” фильмларидаги роллари катта ёки  кичик бўлишига қарамай, залворли, томошабиннинг ёдида қоладиган  роллар бўлди. Бунга сабаб, унинг ўз ишига бўлган жиддий муносабатида, ҳар бир образнинг мағзини чақиб, ўйнашга ҳаракат қилганида, деб биламан…

Бунёд роли уни халққа танитди

 Тоҳир Миралиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Ҳабибулла  “Ёш томошабинлар театри”га  санъатга бўлган катта қизиқиши, меҳнатга чанқоқлик, томошабинга бор вужудини бериб хизмат қилишдек эзгу ниятлар билан жуда ёш кириб келганди. Актёрлик маҳоратини кўрсатди, ўзига топширилган ролларни эсда қоларли даражада ижро этиб, эътибор қозонди. Ижод бор жойда, албатта, мақтов, танқидлар бўлади. Биров мақтовни кўпроқ гапириб, кўнгилга тегишдан эҳтиёт бўлишни маъқул кўрса, Ҳабибулла Каримов ҳамма нарсани шартта, тўғрисини айтиб қўя қоларди. Яхши биламизки, танқид ҳамиша керак, у ривожланишга ҳисса қўшади, лекин афсуски, уни ҳаммаям кўтаролмайди-да. Танқидий гап айтган одамга нисбатан, албатта  муносабат ўзгаради. Ҳабибулланинг гапи доим беғубор бўларди, кўнглида кири  йўқ инсон эди. Бировни кўролмаслик ёки  аламзадалик, деган нарсалар феъл-атворида йўқ  эди.  Гавда, қиёфа чиройли, образлар ярашарди.

Бирмунча муддат театримизда ишлаган  режиссёр Ҳабибулла Файзиевнинг унга меҳри тушиб, ўзи ишлаган “Семурғ” фильмидаги Бунёд ролига таклиф қилди. Ҳабибулла синовдан муваффақиятли ўтиб, ролини яхши ўйнади.  Бу фильм Ҳабибулла Каримовни кинотомошабинларга танитди. Ўша пайтларда газеталарда, “Кино” журналида  фильм ҳақида, унинг ижодкорлари ҳақида  кўплаб мақолалар ёзилди. Телевидение, радиода, юртимизнинг турли жойларида  кўплаб ижодий учрашувлар бўлиб ўтгани эсимда. Кетма-кет келган касаллик дўстимизни енгиб қўйди, у 69 ёшида орамиздан кетди. Жигаримиздай эди, унга бўлган ҳурматимиз, меҳримиз бўлакча эди. Қаторимизда юрса бўларди…

Омад кўп нарсани ҳал қиларкан…

 Баҳодир Нишонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Театрга янги ишга келган пайтим, “Ёш томошабинлар театри”нинг бош режиссёри Мирзакарим Бобоев  “Оловли қалблар” спектаклини саҳналаштираётганди. Унга режиссёр ассистенти қилиб Ҳабибулла Каримов тайинланган ва мен ҳам бу асарда ўзимнинг биринчи катта ролимни ўйнашим керак  эди. Шунда кўрдимки, Ҳабибулла ака, репетициялар жараёнида бош ролни ижро этаётгани, спектаклнинг режиссёр ассистенти эканлигига қарамай, режиссёрга турли фикрлар билдириб, йўл қўйилаётган баъзи камчиликларни очиқ-ойдин айта олди. Ўшанда у учун раҳбарнинг жаҳли чиқиши, бу ўзига зарар бўлиши мумкинлиги эмас, “Томошабин яхши спектакль кўриши керак!” деган фикр муҳим эканлигини  ҳис этиб, қойил қолгандим. Мирзакарим ака аввалига хафа бўлиб, лекин орадан уч-тўрт кун ўтганидан кейин ҳаммасини тушуниб, Ҳабибулла ака айтган камчиликлар тузатилганининг гувоҳи бўлганман. Бу спектакль мен учун ҳам катта синов эди, биринчи катта ролим бўлганига  қаттиқ ҳаяжон босаётганини сезган Ҳабибулла ака, секингина ёнимга келиб, “Сен ишдан кейин қолгин…”, деб айтиб кетганди. Ўша ролим кўнгилдагидай чиққунича, ишдан кейин кичкина саҳнада анчагина вақт биргаликда ишлаган кунларимизни унутолмайман. Ваҳоланки, унга режиссёр шундай қилгин, деб топшириқ бергани йўқ ёки мен илтимос қилган эмасман. Ана шундай оддий инсоний фазилатларга бой эди, бу одам!  Шу боисдан ҳам мен уни театр сирларини ўргатган устозим, деб биламан. Ёшларга, айниқса, меҳрибон эди. Ноҳақ ишдан бўшатилаётган одамнинг ҳимоясига ҳаммадан биринчи  Ҳабибулла ака отиларди.  Феълида қизиққонлик бор  эди, мабодо шу туфайли бирор кимсани ҳафа қилиб қўйган бўлса, кечирим сўрашдан уялмасди. Ўшандаям, “Ўйлаб қарасам, мендан ўтибди…”, деб тўғрисини айтиб, узр сўрарди. Ҳабибулла акани эслаганимда: “Актёрлик касбида омад кўп нарсани ҳал этаркан-да” деган хаёлга бораман. Катта-катта ролларга лойиқ истеъдодлари бор эди…  Жойлари жаннатларда бўлсин!

Туҳфа НАЗАРОВА.