Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Бўш ўриндиқ

Бола автобусга чиқди-ю, бўш ўриндиқларни кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Улар гўё “Ҳоҳлаганингни эгалла” деяётгандек, ўзларини кўз-кўз қилаётгандек эди.

Тушиш манзили энг охирги бекат бўлгани учун бола ойна томондаги бир ўриндиқли жойга қулай ўрнашиб олди. Йигирма дақиқалардан кейин автобус тиқилинч бўлиб кетди. Бола эса бепарво, ойнадан ташқарини томоша қилиб борарди. Кутилмаганда катта ёшлардаги аёл елкасига туртиб: “Ўзингдан катталарга жой бермайсанми?” деди чимирилиб. Унга бошқаси қўшилди: “Ёшгина, соппа-соғ бўлатуриб ўтириб олишади, катта ёшли, соғлиғи яхши бўлмаганлар эса тик туриши керак!..”

Автобусдагиларнинг нигоҳи болага қадалди.

“Майли, — деди у босиқлик билан. — Мен тураман. Лекин бу жойга ўрнимдан турғазганига афсусланмайдиган одам ўтиради”.

Ана энди ҳаммага гап топилди, тўрт томондан “тарбиясиз” болага дашномлар ёғдира кетишди. Бола эса маломатлар ёмғири остида ўриндиқ тагига эгилиб, иккита ҳасса олди, уларга суяниб ўрнидан турди…

Ҳамма ҳайратдан қотиб қолди. Катта ёшли аёл эса боланинг оёғини асабий тарзда туртганида, у ҳеч қандай эътибор бермагани сабабини энди тушунди.

Олағовур тинди. Автобус манзилига етгунча унинг ичида жимлик ҳукм сурди. Бола қийналса ҳам, тик туриб кетди. Ойна ёнидаги бир кишилик ўриндиқ кета-кетгунча бўш эди…

Нигора НЕЪМАТ қизи.