Пайшанба, 15 Ноябрь 2018

Борт кузатувчисига ҳужум қилишди

Хунань провинциясининг Чанша шаҳридан CA1350 рейсини амалга оширган самолёт соат 11:00 да Пекин халқаро аэропортига қўниши керак эди. Бироқ парвоз вақтида йўловчилардан бири борт кузатувчисига таҳдид қилиб, уни гаровга олган. Самолёт экипажи хавфсизлик нуқтаи назаридан фавқулодда қўнишни амалга оширишга қарор қилган. Самолёт Хэнань провинциясидаги Чжэнчжоу халқаро аэропортига қўнган.

Гумондор Хунань провинциясининг 41 ёшли фуқароси бўлиб,  “дастлабки тергов маълумотларига кўра, парвоз вақтида руҳий касаллиги хуруж қилган. У сиёҳли ручка билан таҳдид қилиб, борт кузатувчини гаровга олган, натижада самолётни фавқулодда қўндиришга тўғри келган”, — дейилади полиция баёнотида.

Ҳаво кемаси қўнганидан сўнг барча йўловчилар самолёт бортини муваффақиятли тарк этишган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари самолёт бортида қолган гумонланувчини қўлга олишган.

Воқеа натижасида ҳеч ким жабрланмаган.