Душанба, 18 Ноябрь 2019

Болаларимиз янги вакцина билан эмланади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш учун янги вакцина тадбиқ этилиши”га бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари, соҳа мутахассислари, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар фонди, ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти вакиллари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.

“Ўзбекистон — полиомиелит вирусидан холи ҳудуд”

Республикамизда юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича мақсадга йўналтирилган тадбирларнинг босқичма-босқич амалга ошириб борилаётгани натижасида аҳоли ўртасида юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазият барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Жумладан, карантин ва ўта юқумли касалликлар, бундан ташқари, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар мобайнида қайд этилмади. Вирусли гепатитнинг В тури, қизамиқ, қизилча, кўк йўтал, тепки каби вакциналар орқали бошқариладиган юқумли касалликлар саноқли сонларда рўйхатга олинган.

Ўтган асрнинг 80-90-йилларида дунёнинг қатор мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам болалар орасида ўткир шол (полиомиелит) касаллиги қайд этилган. Маълумки, шол касаллиги асосан болалар орасида қайд этилади ва унинг асоратлари умрбод ногиронликка олиб келиши, айрим ҳолларда эса ўлим билан тугаши мумкин.

Республикада шол касаллигини бутунлай тугатиш мақсадида 90-йиллар мобайнида миллий эмлаш жадвали асосида болаларнинг бу касалликка қарши тўлақонли эмланиши йўлга қўйилиб, 10 йил мобайнида йилига икки маротабадан қўшимча равишда оммавий эмлаш кунлари ўтказилган. Натижада Ўзбекистонда 1996 йилдан бошлаб шол касаллиги қайд этилмаган. Республикада шол касаллигига қарши ўтказилган тадбирлар юқори баҳоланиб, 2002 йилда “Ўзбекистон полиомиелит вирусидан холи ҳудуд”лиги тўғрисида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификати олинди.

Миллий эмлаш дастурига киритилди

Республикада шол касаллиги бўйича мавжуд барқарор эпидемик вазиятни сақлаб туриш, бу касалликка мойил бўлган аҳоли гуруҳларида иммунитет талаб даражасида бўлишини таъминлаш ва касалликка мойил бўлган аҳолини эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида 2018 йилнинг 24-28 апрель кунлари республиканинг барча вилоятларида полиомиелит касаллигига қарши янги вакцинани қўллаш бўйича аҳоли орасида тарғибот ўтказилди. 4 ойлик болаларга қилинадиган инактивлаштирилган полиомиелит вакцинаси ушбу касалликнинг дунё миқёсида тугатилишига хизмат қилади. Эндиликда у Ўзбекистоннинг миллий эмлаш дастурига киритилди.

“Яна бир янги қадам қўйилди!” 

“ИПВнинг жорий этилиши мамлакатимизда полиомиелитга қарши кураш борасида эришилган салмоқли ўсиш натижасидир”, — дея таъкидлашди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари. — Бу дунёда ушбу даҳшатли касалликдан холи қилиш томон яна бир қадам қўйганимиздан ва ушбу вирусдан энг яхши ҳимояни таъминлаб бераётганимиздан далолат беради”.

Ҳозирга қадар бутун дунёда полиомиелитни бартараф этиш учун олиб борилаётган ҳаракатлар оғизга томчи орқали қилинадиган полиомиелит вакцинаси (ОПВ) ва инактивлаштирилган полиомиелит вакциналари (ИПВ) орқали амалга оширилмоқда. Мазкур амалиёт вируснинг бир инсондан бошқасига ўтишига йўл қўймаслик хислати туфайли дунёда полиомиелит билан касалланиш ҳолатларини 99 фоиздан зиёдга камайтиришга ёрдам берди. ОПВнинг бир нечта дозасига битта ИПВ дозасини қўшиш вирусни тўхтатиш ва болаларни ҳимоя қилишнинг энг самарали услубидир.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда миллий эмлаш календарига асосан болаларнинг 99 фоиздан зиёди ҳаёт учун хавф солувчи юқумли касалликларга қарши эмланган.

“Ўзбекистон 2002 йилда полиомиелитдан холи ҳудуд мақомига эришган бўлса-да, миллий иммунизация календарига янги вакцинанинг киритилиши мазкур касалликнинг қайтадан пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш ва ҳеч бир бола фалаж бўлмаслигини таъминлаш томон қўйилган муҳим қадамдир, — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман. — Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур вакцинанинг таъминотини йўлга қўйгани, ота-оналарни фарзандлари иммунизация календарига асосан эмланишларини таъминлашга чорлаётганидан мамнунмиз”.

“Мунтазам иммунизация жадвалига ИПВнинг бир дозаси қўшилиши Ўзбекистондаги болаларни полиомиелит туфайли юзага келадиган умр бўйи фалаж бўлиб қолиш эҳтимолидан ҳимоя қилишнинг энг яхши услуби ва айни чоғда бутун дунёни полиомиелитдан озод қилиш томон қўйилган муҳим қадамдир”, —деб таъкидлади БССТнинг расмий вакили ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Лиан Куппенс.

Ёрдам шаклларини қўллашмоқда

ИПВнинг кенг қамровли жорий этилиши полиомиелитни глобал миқёсда бартараф этиш режасининг бир қисми бўлиб, айни чоғда дунёдаги барча болалар вакциналардан фойдаланиш имконига эга бўлишлари учун иммунизация тизимларини кучайтириш орқали эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ҳамдир.

ЮНИСЕФ ва БССТ ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳукуматига Миллий иммунизация дастурини кучайтириш ва барқарорлигини таъминлашда амалий ва консультатив ёрдам шаклларини қўллашмоқда. Бу янги вакциналарни жорий қилиш, вакциналарни бошқаришни такомиллаштириш ҳамда эмлашни амалга оширувчи мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш каби тадбирларни ўз ичига олади. Техник кўмак, шунингдек, мунтазам иммунизация учун вакциналар харид қилишда ҳамда вакциналарни тегишли шароитда хавфсиз сақлаб турувчи “совуқ занжирли” иншоотларни такомиллаштиришда кўмаклашишни ҳам ўз ичига олган.

Ўқув семинарлари ўтказилди

Полиомиелитга қарши миллий эмлаш кунлари давомида хавфсиз эмлашни ташкил этиш ва ўтказиш, бундан ташқари шол касаллиги бўйича ҳушёрликни ошириш мақсадида касалликнинг клиникаси, ташҳисоти, даволаш ва профилактикаси мавзусида республиканинг барча маъмурий ҳудудларида тиббиёт ходимлари учун семинарлар ўтказилди.

Республика бўйича эмлаш бригадалари ва эмлаш пунктлари ташкил этилди. Миллий эмлаш кунларини ўтказишда махсус тайёргарликдан ўтказилган 12805дан ортиқ тиббиёт ходимлари жумладан, 5минг 500дан ортиқ врачлар, 7 минг 200 нафар эмлаш ва патронаж ҳамшиларалари мактабгача таълим-тарбия муассасалари ҳамда Меҳрибонлик уйларининг ходимлари иштирок этдилар. Эмлаш ҳафталигининг тўлақонли ва талаб даражасида ташкил этилишини таъминлаш учун нафақат тиббиёт муассасалари, балки ташкилотлар, идоралар, оммавий ахборот воситалари, маҳалла фуқаролари йиғинлари, кенг жамоатчилик ва ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши зарурлиги тушунтирилди.

Инъекция йўли билан амалга оширилади

Полиомиелит касаллигига қарши республикага олиб келинган вакцинанинг хавфсизлиги Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус сертифакати билан кафолатланган бўлиб, эмлаш инъекция йўли билан амалга оширилади.

Ота-оналар 4 ойликкача бўлган фарзандларини ўзлари яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига миллий эмлаш кунларида олиб чиқиб эмлатишлари керак бўлади. Ушбу тадбирнинг тўлақонли ўтказилишини таъминлаш орқали болаларимизни шол касаллигидан асраб қоламиз.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА тайёрлади.