Жума, 14 Декабрь 2018

Боксчиларимиз Францияда тенгсиз бўлишди

Францияда А тоифасига кирувчи бокс бўйича халқаро турнир ўтказилди. Турнирда дунёнинг 24 давлатидан келган 150 нафарга яқин чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Унда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муваффақиятли иштирок этди.

Эътиборлиси, мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик 8 нафар боксчининг барчаси совриндорлар қаторидан жой олишди. Якунда 6та олтин, 1та кумуш ҳамда 1та бронза медалларини қўлга киритган терма жамоамиз вакиллари умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни қўлга киритишди.

Боксчиларимиз Абдулхай Шорахматов (56 кг), Шукур Раҳимов (60кг), Алиёр Норалиев (64кг), Фазлиддин Мелибоев (69 кг), Одилжон Аслонов (75кг), Сардор Ёрмуҳаммедов (91кг) шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Мадиёр Саидраҳимов кумуш, Улуғбек Мубинов эса бронза медаль билан тақдирланди.