Чоршанба, 21 Fevral 2018

Беҳаё лавҳалар кескин чораларга сабаб бўлди

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига порнографик маҳсулотларни олиб кирганлик учун ҳуқуқбузар жиноий жавобгарликгача бўлган жазога тортилиши мумкинлиги ҳақида божхона органлари томонидан кўп гапирилган. Аммо божхона масканлари орқали ҳаракатланаётган фуқароларнинг хотира ташувчи мосламаларида беҳаё материалларнинг ҳанузгача учраб туриши ачинарлидир.

2017 йилда Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан вояга етмаган шахс тасвирланган порнографик мазмундаги материалларнинг аниқланиши билан боғлиқ ўнлаб қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. “Санкт-Петербург – Урганч” йўналишида парвоз этган ҳазорасплик Д.А.Маҳмудов белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли “Samsung” қўл телефони хотирасида 16 дона порнографик мазмундаги видеолавҳаларда вояга етмаган шахслар тасвирланган видеолар ҳам борлиги аниқланди. Ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 130-моддаси (Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) билан жиноий иш қўзғатилиб, суд томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баробари миқдорида, яъни 2 млн 246 минг 625 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, “Москва–Урганч” йўналишида учиб келган Тўрткўл тумани “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Қурбонбоевнинг қўл юклари йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, унинг “Samsung GALAXY J3” қўл телефонига ўрнатилган хотира мосламасида 38 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа сақланаётгани, уларнин айримларида вояга етмаган шахслар тасвирланганлиги ушбу фуқарога нисбатан кескин чоралар кўрилишига сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

М.ҚУРБАННИЁЗОВ,

“Урганч аэропорт” чегара божхона  пости ҳодими