Пайшанба, 18 Yanvar 2018

Байрам ярмаркалари гавжумлашмоқда

Байрам ярмаркалари гавжумлашмоқда

Янги йил арафасида бозор қилишнинг ўзгача гашти бор. Болажонларнинг кўзини қувнатадиган ўйинчоқлару ширинликлардан тортиб оддийгина рўзғорга керакли масаллиқларни харид қилиш жараёнида ўзингиз ҳам бола бўлиб қоласиз. Айниқса, нархлар бир оз арзонлашиб қолган бўлса, кайфиятингиз янада кўтарилиб кетади.

Байрам шукуҳини ҳис қилиш учун Сирғали туманидаги Сирғали деҳқон бозорига бордик. Ва бозор учун масъул раҳбар ходимларни қизғин тайёргарлик жараёнида кўрдик. 

 Харидорлар миннатдор  бўлишмоқда

Мана, Янги йил байрами яқинлашгани боис, юртдошларимизнинг кайфияти ҳам кўтаринки. Ана шу кайфиятга ҳамоҳанг бўлиши учун бозоримиз қиёфасини ҳам ўзгартиришга ҳаракат қиляпиз. Шу мақсадда биргаликда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишини қатъий назорат қиляпмиз. Янги йил савдо ярмаркаси кундан-кун гавжумлашиб бормоқда. Бугунги кунда мазкур савдо ярмаркасидан 30дан ортиқ ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотлари ўрин олган. Мол гўшти 24 000 сўмдан,  қўй гўшти 25 000 сўмдан сотилмоқда. Кунига 800 килограммдан бир тоннагача гўшт харид қилинмоқда. Паррандачилик фабрикалари томонидан олиб келинган тухумлар донаси 400 сўмдан, товуқлар эса бир килограмми 15 000 сўмдан сотиляпти.   Бозоримизда сифатли балиқ сотилишига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Сазан (зоғорабалиқ) балиғи бир килограмми 15 000 сўмдан, оқ амур, дўнгпешана балиқлари эса 13 000 сўмдан сотилмоқда.

“Элга хизмат”, “Инсоф сари барака”, “Озиқ-овқат захираси” фирмалари томонидан картошканинг килограмми 3000 сўмдан, пиёзнинг килограмми эса 1500 сўмдан сотилмоқда.

Нақд пул таъминоти кўнгилдагидек!

Бозоримизга пластик карточкадаги пулни нақд пулга айлантириш, харидорларнинг савдосига кўмак бериш мақсадида махсус банкомат ҳам ўрнатилган. Мазкур банкомат эрталаб соат 8.00.дан кечки соат 20.00.гача фаолият кўрсатади.

Келгусида янги гўшт корпуслари ва сут-қатиқ савдоси учун янги расталар ажратилади. Сифат назоратига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Лаборатория ишига янги технологияларни жорий қилиш ниятимиз бор.

Турсун ШОМУРОДОВ,

Тошкент шаҳар Сирғали тумани

“Сирғали деҳқон бозори” акционерлик

жамиятининг директори ўринбосари.


Янги йил янги орзуларга эш бўлсин!

Байрам яқинлашгани сайин бозоримиз ўзгача чирой касб этиб бормоқда. Айниқса, бозор маъмурияти томонидан тозалик ишларига катта эътибор қаратилаётганидан жуда хурсандман. Авваллари ҳам бу бозор ўрнида бошқа бир кичикроқ бозорча мавжуд эди. Лекин маҳсулотларни анча қимматга сотиб олар эдик. Мана, ўзингиз кўринг, Хоразмнинг “Аланга” гуручи 3500 сўмдан сотилмоқда. “Лазер” гуручининг нархи эса 6500 сўмдан белгиланган. Ўсимлик ёғи 1 литри 9000 сўм,  шакар 4900 сўм, ун 2700 сўмдан сотилмоқда.

Бу қулайлик ва имкониятлар бизга кўтаринки кайфият бағишламоқда. Янги йил арафасида янги-янги орзуларга бериляпмиз. Илоҳим, фарзандларимиз ана шу муқаддас Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлиб вояга етишсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Муҳтарамхон РАҲМАТУЛЛАЕВА, уй бекаси.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.