Якшанба, 26 Май 2019

Барча мухлисларининг ҳаётий устози эди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи, шоира Турсуной Содиқовани нафақат бутун Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам танийдиган, ҳурмат қиладиган, эъзозлайдиган инсонлар кўп. Турсуной опа ўқитувчи, шоира, маърифат ходимаси бўлиш билан бирга барча мухлисларининг ҳаётий устози ҳам эди.

Бугун устоз орамизда йўқ, у кишининг қабри узра эса лолақизғалдоқлар бош кўтарган. Она табиат ҳам опанинг сўнгги манзилини эрта баҳордан безаб қўйибди…

Турсуной опа бизга ўрта мактабда дарс берганлар. Мана, 40 йилдан ошдики, Турсуной Содиқовани ҳақиқий, асосий устозим деб биламан. У кишини ҳаётлигида кўрган, сабоқларини олган бахтли инсонлардан бири эканлигим — мен учун чинакам фахр. Чунки улар билан бир мартагина юзма-юз келишни орзулаганлар қанча эди…

Дарҳақиқат, опани кўриш, суҳбатини олиш учун келадиганлар кўп эди. Бир оқшом икки онахон ўғиллари билан Турсуной опанинг уйига келишибди.Улар опанинг янги чиққан китобини ўқигач, бир кўришишни ният қилиб, Қашқадарёдан келишган экан. Онахонлар опа билан суҳбатлашиб тўймабдилар. Вақт алламаҳал бўлгач, ўғиллари оналарини меҳмонхонага олиб кетмоқчи бўлишибди. Турсуной опа эса уларни қўймай, уйида олиб қолибди. Шунда меҳмонлар опанинг самимийлигига, меҳмондўстлигига, бағрикенглигига яна бир бора тан берибдилар. Опа эса “Мен оддийгина, сизлар каби бир аёл, Андижон фарзандиман”,  — деган эканлар…

Юртимизнинг ҳар хил вилоятларидан келган кўплаб мухлислари Турсуной опанинг меҳмони бўлганини кўп эшитганмиз. Уларнинг вафотидан кейин қабристонга бориб, опанинг ҳаққига дуо қилаётганлар сони ҳам беҳисоб. Чунки Турсуной опа ўз шеърияти, чиройли нутқлари, ўзбекона насиҳатлари билан кўплаб инсонларнинг кўнглида, юрагида ўзига мангу ҳайкал қўйиб кетдилар. Илоҳим, устознинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!

Жамила НЕЪМАТОВА.