Жума, 14 Декабрь 2018

Баҳодир ЖАЛОЛОВ: “Аҳиллигимиз ўзбек боксини жаҳонга танитди”

Бокс бўйича 5 карра Ўзбекистон чемпиони, Жаҳон кубоги соҳиби, 2016 йилги Рио Олимпиадаси байроқдори ва иштирокчиси, Жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони ва кумуш медал соҳиби Баҳодир Жалолов “Ҳар доим олдинга қараб интил” деган шиор билан халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган спортчилардан. Айни пайтда у профессионал боксда ўзини синаб кўришга қарор қилди.

 — Бокс спорт турига болалигингиздан қизиққанмисиз?

— Болалигим ўзим туғилган Сурхондарё вилояти, Саросиё туманида ўтган. Спортга беш ёшимдан қизиққанман. Дастлаб футбол билан шуғулланганман. Маҳалладаги болалар билан футбол ўйнаб катта бўлганмиз. Бу қизиқишимни кўрган раҳматли дадам мени футбол мактабига олиб борди. Уч йил турли футбол мусобақаларда ҳам қатнашдим. Аммо бир куни дадам “Сен футболчи бўлиб, мени қандай ҳимоя қиласан? Бунинг учун боксчи бўлишинг керак!” деб, бокс билан шуғулланишга чорлади. Шундан сўнг 2008 йили Чирчиқ Олимпиа заҳиралари коллежига ҳужжат топшириб, шу спорт тури билан шуғулланишни бошладим.

— Сизни Баҳодир Жалолов бўлиб танилишингизга ҳисса қўшган, бокдаги ютуқларга эришишингизда меҳнати сингган устозларингиз кимлар?

Эришган ютуқларимга ҳисса қўшган устозларим Рустам Саидов ва Тўлқин Қиличев бўладилар. Чирчиқ Олимпиа заҳиралари коллежига ўқишга келганимда, боксда “ноль” эдим. Коллежга асосан ўзлари танлаган спорт соҳасида анча малакага эга бўлган, мусобақаларда қатнашган спортчилар қабул қилинаркан. Мен танлаган бокс йўналишига 13та талаба қабул қилинган бўлса, курсдошларим орасида фақат менинг тажрибам йўқ эди. Ўшанда мени ҳеч ким боксчи бўлади, деб ўйламасди. Мана, ҳозир шу даражага етиб, турли мусобақаларда унвонлар олдим. Бунинг учун устозларимга миннатдорчилик билдираман!

— Дунёдаги ҳамма оналар меҳрибон. Айниқса, болажон ўзбек халқининг оналари меҳрда тенгсиз. Фарзанди касал бўлса, то тузалмагунча ҳаловат топмайди. Сизнинг ойингиз ўғлини рингдаги жангларини кузатиб борадими?

— Йўқ, онам жангларимни жонли эфирда кўролмайди. Менимча, ҳамма оналар шундай, фарзанди зарбалар қабул қилаётганига уларнинг юраги дош бермаса керак. Лекин жангларимни, ғалабаларимни такрорий ҳолатда кўриб турадилар.

— Сизни қачон профессионал боксда кўрамиз?

— Айни пайтда Швецария, Америка, Германия каби бир қатор давлатларнинг промоутерлик компанияларидан таклифлар тушяпти. Биз уларни кўриб, ўрганиб чиқишимиз керак. Шу боис, декабрда Швецарияга учиб кетаман. Келган таклифлар орасида маъқул бўлганларини танлаб, шартнома имзолаймиз. Шу орқали профессионал боксга ўтишни режалаштириб турибман. Худо хоҳласа, профессионал бокда ҳам юртимиз байроғини юқорига кўтаришни ният қилганман.

— Олдинда Токио-2020 Олимпиадаси турибди. Унда бу мусобақа нима бўлади?

Профессионал боксчилар учун 10та жанг ўтказгунга қадар Олимпиадада иштирок этишга рухсат берилган. Шу боис, шартномалар имзолаганда, федерациямиз билан бу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиб, Осиё, халқаро ва олимпиада мусобақаларида ҳам иштирок этиш ниятим бор.

— Маълумки, бир қанча спорт турларида, айниқса, футболда “келишилган” ўйинлар, афсуски, учраб туради. Айтинг-чи,  боксда ҳам “келишилган” жанглар бўладими?

Менимча, бу салбий ҳолат ҳамма спорт турида учраса керак. Боксда келишилган жанглар бўлмаслиги учун боксчининг ўзи ҳаммасини рингда ҳал этиш лозим, деб ўйлайман. Масалан, 3 раунд давом этадиган жангда ҳакамлар “келишилган” ҳолатда баллни бошқа боксчига бериши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун, юқорида айтганимдек, рақибни иложи борича нокаут қилиб, ҳакамларга бу борада имкон бермаслик керак, яъни барчасини жангнинг ўзида якунлаб қўя қолиш лозим.

— “Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради” деган гап бор. Бу фикрга қўшиласизми?

— Мен бу фикрга қўшилмайман. Сабаби, ўз уйингизда жанг қилиш, аксинча. қийин бўлади, масъулият ортади. Сизни қўллаб турган мухлислар олдида фақат ғалаба қилишингиз зарурлигини ҳис этиб рингга чиқасиз. Бу эса янаям кўпроқ куч ва масъулият талаб қилади.

— Боксдаги ноҳақликлар ҳақида нима дея оласиз?

— Истаймизми, йўқми, ғолибни ҳакамларнинг қарори аниқлайди. Шу йилнинг август ойида Германияда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида ҳам, афсуски, кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар учради. Жумладан, мусобақа финалида рингга кўтарилган боксчиларимиз — Ҳасанбой Дўстматов, Исроил Мадримов соф ғалаба қилган эди, фикримча. Аммо, юқорида айтганимдек, ҳакамлар қарорига қўшилмай иложимиз йўқ. Боксчиларимиз эса бундан тўғри хулоса чиқариб, ўз устида янам кўпроқ ишлаб, кейинги жангларда ҳакамларга иш қолдирмасликка ҳаракат қилишади, деб ўйлайман.

— Фаолиятингизда энг оғир кечган жангни эслай оласизми, ўша жанг кимга қарши бўлган?

Илк марта 2013 йилда катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида иштирок этганман ва ўшанда учта жанг ўтказиб, учаласида ҳам рақибларимни нокаутга учратиб, чемпион бўлганман. Бу катта мусобақадаги илк жангим бўлгани боис, масъулиятли ва қийин жангларимдан бўлган. Чунки тажрибам бу вақтда кам эди. Аммо, шунга қарамай, чемпион бўлдим. 2014 йилда ҳам бу мусобақада ўз вазн тоифамда олтин медални қўлга киритганман. Бунинг учун устозларимга катта раҳмат айтаман.

2013 йилда олтин медални қўлга киритган спортчи 2015 йилда Жаҳон мусобақаси кубогига иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритарди. Шунинг учун ҳам ўша йили олтин медални қўлга киритиш учун кўп тер тўкишимга тўғри келди. Ва якунда бу вазифани уддалагач, 2015 йилда Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этдим. Мусобақа финалида россиялик рақибимни мағлуб этиб, унда ҳам олтин медаль соҳиби бўлдим.

 

— Болалигидан футболга қизиққан Баҳодир Жалолов қайси футбол жамоасига ва футболчига мухлислик қилади?

— Тўғри айтдингиз, футболга меҳрим болалигимдан бошланган. Ўзимнинг акам, куёвим Ойбек Қиличев ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақасида қатнашган, Осиё чемпиони бўлган. Терма жамоада ҳам бир қанча ўйинларда майдонга тушган. Ҳозир Наманган клубида ўйнайди. Шу инсонга ҳавас қиламан.

Жаҳон футболидан “Реал Мадрид” жамоаси мухлисиман. Футболчилардан эса Златан Ибрагимович ўйинлари ёқади.

— Ўзбек халқида меҳмондорчилик кўп. Яқинлар, дўсту биродарлар меҳмонга таклиф қилганида, нозу неъматлар тановулида ўзингизни чегаралайсизми ёки вазнни ушлашнинг бирор айёрона йўли борми?

— Тўғри, боксда вазн муҳим аҳамиятга эга. Аммо менда ҳозир бу борада муаммо йўқ. Чунки мен 91 килограммдан юқори вазнга эга боксчилар билан жанг қиламан. Бу вазн тоифасида рингга кўтариладиган боксчиларнинг кўплари 120-125 кг оғирлик босади. Мен ҳозир 105 кг оғирликка эгалигимни инобатга олсак, ёқоридаги вазнга эга рақиблар билан жанг қилишим учун 5-10 кг вазн тўплашим керак ҳали. Аммо 75 килограммгача вазнда жанг ўтказадиган боксчилар ўз вазнлари меъёрини сақлаб туриши лозим бўлади. Шунинг учун улар овқатланиш режимига алоҳида аҳамият беришади.

— Авваллари дунё бокси деганда кўпроқ АҚШ, Колумбия, Россия каби давлатларнинг номи тилга олинарди. Бугун ўзбек бокси ҳам  улар қаторида яққол етакчи ўрин олди. Керак бўлса, ўзбек боксчилари номини эшитган ҳар қандай давлат боксчилари чўчиб тушадиган бўлишди. Ўзбек боксининг бу даражада чиқишига нималарни сабаб деб ўйлайсиз?

Бундай натижаларга эришишимизга боксчиларимизнинг бирдамлиги, аҳиллигини алоҳида қайд этган бўлардим. Қандай халқаро мусобақалар бўлмасин, терма жамоада 10 нафар боксчи борсак, барчамиз устозларимизнинг айтган гапларига амал қилиб, биргаликда шуғулланамиз, биргаликда овқатланамиз, жангларимизда бир жамоа бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, камчиликларимизни ҳам биргаликда муҳокама қиламиз. Бизнинг бу аҳиллигимизга Риодаги мусобақада ҳам, жаҳон чемпионатида ҳам Россия, Қозоғистон каби кўплаб давлатлар вакиллари ҳавас қилишди. Чунки уларда биз каби аҳиллик йўқ эди. Баъзи давлатларнинг боксчилари “юлдузлик” касалига чалиниб бўлган, баъзида мураббийларига ҳам унчалик этибор бермай, ўз билганича иш тутарди. Менимча, бизнинг бир оила вакилларидек аҳил бўлиб ишлашимиз мана шу ютуқларни қўлга киритишимизда муҳим аҳамиятга эга бўлди, деб ўйлайман.

Яна алоҳида шуни айтиб ўтишим керакки, юртимизда ҳукуматимиз томонидан биз спортчиларга яратилаётган шарт-шароитлар, эътибор бу борада алоҳида ўринга эга. Бизга шундай имкониятлар яратиб бераётган давлатимизга катта раҳмат айтамиз!

— Ҳаваскор боксда, хусусан, Ўзбекистонда терма жамоа таркибига қўшилиш қийин. Маълумки, терма жамоада асосан 10та вазн тоифасида боксчилар танланади. Аммо бу вазн тоифасида курашадиган кучли боксчилар бизда кўп. Сиз ўз вазн тоифангизда бу рақобат ичида ўрнингизни йўқотиб қўйишдан чўчимайсизми?

Мақтанишга йўйманг-у, менинг вазн тоифамда жанг қиладиган боксчи ҳозир Ўзбекистонда деярли йўқ. Борлари билан қийналмасдан жанг ўтказа оламан. Шунинг учун ҳам профессионал боксга ўтиб, Европа, Америкадаги кучлироқ рақиблар билан жанглар ўтказиб, олдинда турган Олимпиада ва халқаро мусобақаларда тажриба оттирмоқчиман.

— Терма жамоа сафига қўшилолмаган кўп боксчилар профессионал боксга ўтиб кетяпти. Бу қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?

— Ўзбекистонда биринчи рақамли боксчи бўлганлар Осиё, жаҳон чемпионатлари, Олимпиада мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Иккинчи, учинчи рақамли боксчилар бундай нуфузли турнирларда иштирок эта олмайди. Улар фақат кичик турнирларга қатнаша олади. Шунинг учун иккинчи, учинчи рақамли боксчи бўлиб юргандан кўра, профессионал боксда иштирок этиб, юртимиз байроғини баланд кўтарган яхши, деб ўйлайман.

— Ўзбек ҳаваскор ва профессионал боксчиларидан кимларнинг салоҳиятини, жангларини юқори баҳолайсиз?

— Бизда барча боксчиларимиз яхши спорт формасига эга. Авваллари Руслан Чагаевни алоҳида эътироф этар эдим. Ҳозир Чагаев боксдаги фаолиятини якунлаган. Эндиликда бу борада Фазлиддин Ғоибназаров, Қудратилла Абдуқаҳҳоров, Санжар Раҳмонов каби боксчиларимиз яхши натижаларга эришмоқда. Фазлиддин Ғоибназаров Олимпиада чемпиони бўлса, Санжар Раҳмонов Осиё чемпиони ҳисобланади. Қудратулла Абдуқаҳҳоров професссионал боксда бирор марта мағлубиятга учрамаган. Шу йили у кумуш камар ютди. Унинг олтини Пакяода бўлса, бронзаси яна бир кучли боксчи Амирхонда. WBC рейтинггида ҳозир Қудратилла 5-ўринни эгаллаб турибди. Бу жуда катта натижа. Юртимиз учун фахр ҳисобланади.

— Боксда сиз ҳавас қиладиган инсон ким?

— Боксда мен ҳавас қиладиган спортчи — Владимир Кличко. У Олимпиада ва жаҳон чемпиони бўлган, профессионал боксда ўз камарини 13 йил ҳимоя қилган. Бу натижани ҳали бирон-бир боксчи қайд этмаган.

– Дўстларингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз…

Бирга ўсган, мен билан бирга шуғулланган Исроил Мадримов, Муроджон Аҳмадалиев, Маҳмуд Гаипов, Алмардон Достонов каби яқин дўстларим кўп. Яна бир дўстим — Акмал Ҳасанов бокс бўйича 2 карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. Ҳозир мурраббий сифатида фаолият юритади. Уларга ҳам келгусида омад тилаб қоламан.

Комилжон АСЛОНОВ суҳбатлашди.