Жума, 20 Сентябрь 2019

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги: “Йўл қўйилган камчиликлар энди такрорланмайди!”

Биз бирон муносабатга ойдинлик киритмоқчи бўлсак, албатта, статистиканинг энг сўнгги рақамларига мурожаат қиламиз. Ишсизлик борасида ҳам муҳим рақамларни беармон келтириб ўтишимиз мумкин. Бироқ тош келса кемириб, сув келса симириб ўтган ота-боболаримиздан қолган ҳикматлар ҳам талайгина: “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл!”, “Она юртинг — олтин бешигинг”, “Ўз уйинг — ўлан тўшагинг!”, “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан!”…

Тўғри, глобал дунё тинимсиз тебраниб, ҳушёрликка чорлаб турган бир пайтда қуруқ гапларингиз кимга керак, дерсиз… Лекин шу табаррук замин учун ҳар қанча бўлса-да, заҳмат чекишга, унинг равнақи йўлида бор ҳаётини, имконини бахшида этишга қодир инсонларнинг авлодларимиз биз!

 Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан  Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимини такомиллаштириш борасида берилган вазифалар ижроси, бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш борасида белгиланган чора-тадбирлар, бу борада аввал йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик бўйича қилинган ишлар” тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди.

10,4 минг кишига ишсизлик нафақаси тайинланди

Аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида 2017 йилда ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан 229,9 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 27,1 минг киши жамоат ишларига жалб этилди, 6,6 минг киши касбга ўқитилди ва қайта тайёрланди. 10,4 минг кишига ишсизлик нафақаси тайинланди.

Иш қидираётган фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида 2017 йилда 1218та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 59,3 мингга яқин иш берувчилар вакиллари ва 204,9 минг нафар иш қидираётган фуқаро иштирок этди. Ярмаркалар натижасига кўра, 52,2 минг нафар шахс ишга йўлланма олди ва 133 мингдан ортиқ фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар берилди.

Битирувчиларни ишга жойлашнинг янги механизми 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Қарор ўз мақсади билан аҳоли, айниқса, ёшлар, кам таъминланган оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, янги саноат корхоналари қурилиши, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳисобига янги доимий иш ўринларини ташкил этиш ва шу асосда аҳоли турмуш фаровонлиги ҳамда сифатини оширишга қаратилган.

Мазкур қарорга асосан, 2018 йилда республика ҳудудларида 346,7 мингдан ортиқ иш ўринлари туман (шаҳарлар) кесимида ташкил этилиши белгилаб берилди. Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари, вақтинчалик ва бир марталик ишлар, касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали ташкиллаштирилган тарзда чет элда ишга жойлаштириш ҳисобига 295,9 мингдан кўпроқ фуқаронинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг намунали янги механизми асосида иқтисодиёт комплекси таркибига кирувчи барча ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимларига жами 1410та коллеждаги 456,8 мингта битирувчи бириктирилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига 2017 йил учун 84 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2018 йил учун ушбу йўналишда ишларни янада ривожлантириш ва аҳоли даромадларининг ўсишига ҳисса қўшиш мақсадида 714 миллиард сўм ажратилди.

Янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2017 йилда 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Корея ва россия давлатларида ваколатхоналар очилади 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2017 йил давомида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Ўтган 2017 йилда 2613 нафар фуқаро Корея Республикасига юборилди. 2710 нафар номзод эса корейс тилидан тест синовидан ўтган ва улар номига иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси йўлланган.

Россиянинг 24та корхонаси билан тузилган шартномаларга асосан танловлардан ўтган 922 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия федерациясига юборилди.

Ўзбекистон фуқароларининг 17 нафари Японияга ташкиллаштирилган тартибда юборилиб, меҳнат фаолиятини амалга оширмоқдалар.

Россия, Корея, Япония, Польша билан ҳамкорликни кучайтириш, Қозоғистон Германия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон Султонлиги билан 2018 йилда ҳамкорлик ўрнатиш кўзда тутилган.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 2018 йилда Корея ва Россия давлатларида ваколатхоналарини очиш режалаштирилган.

Самарқандда 2017 йилда Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни мослаштириш ва ўқитиш маркази очилди. 2018 йилда худди шундай марказни Фарғона шаҳрида очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ақтўбе фожиасидан сўнг қандай янги режалар тузилди? 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳиддиновнинг таъкидлашича, Россия Президенти ҳузурида ташқи миграция масалалари бўйича комиссия тузилди. Бундай шарномани Россия билан ҳали ҳеч қайси давлат тузмаган экан. Ушбу шартномага кўра фуқароларимиз Россия фуқаролари билан тенг ҳуқуққа эга бўлади. Бир хил ойлик олиши билан бирга  тиббий хизматлар билан ҳам таъминланади. Уларнинг ижтимоий суғурталанишига ҳам эътибор қаратилади. Ҳатто Россияда ишлаб  туриб, Ўзбекистон байрамларида дам олиши мумкин бўлади.

Аксарият фуқароларимиз хорижга ишлаш учун кетишда хавфли йўлларни танлашлари натижасида турли муаммоларга дуч келмоқдалар. Бу борада ҳам янги мехнизм ишга тушмоқда. Темир йўли ва ҳаво йўли орқали борадиган ишчи — йўловчиларимизга чегирмалар қилинади. Энг муҳими, ана шу жараёнда катта автокомпания тузилади. Мақсадимиз — фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш.

14 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга нафақа тўланадими? 

Шу билан бир қаторда, аҳолининг  ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича 2017 йилда кам таъминланган 652 минг оилага ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинланди.

2017-2018 йилларда 14 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга нафақалар тўлаш ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш тарзида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга бюджет маблағларини кўпайтириш, уларни олувчилар контингентини эса 1,5 ва 2 баравар кенгайтириш режалаштирилган.

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси бўйича 2017 йил давомида Давлат  меҳнат ҳуқуқлари инспекторлари ва Давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари томонидан 12 мингдан зиёд корхона ва ташкилотларда текширувлар ўтказилди.

Инспекторлар томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган ҳамда қўпол камчилик ва хатоларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.

Жойлардаги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан 2017 йилда бандлик муносабатларига оид ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунлар юзасидан жами 2595та ҳуқуқий тарғибот тадбири амалга оширилган. 

“Ҳар бир уй хўжалигига кириб чиқамиз!” 

“Туманимиздаги бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилганимга 2 йил бўляпти. Ушбу марказ ходимлари фақат ишсиз фуқароларни рўйхатга олиш билан шуғулланишадими? Мендан ҳеч ким хабар олгани ҳам йўқ, бирон янгилик борми, деб борсам, ҳеч кимнинг иши бўлмайди…”

Таҳририятимизга қилинган ушбу шикоят қўнғироғи ҳақида айтганимизда, Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришни ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи Фахриддин Суюнов шундай жавоб берди:

“Айни пайтда катта дастурни амалга оширяпмиз. “Меҳнат бозорида диагноска” дастурига кўра бу йил 1 ва 2-кварталда Ўзбекистонда жойлашган ҳар бир уй хўжалигига кириб чиқамиз. Ва ҳар бир ишсиз фуқарони аниқлаб, уларни иш билан таъминлашга астойдил ҳаракат қиламиз. Бу йил ана шу жараёнда 25000 аҳолини қайта касбга тайёрлаш учун ўқитмоқчимиз. Жамоат ишлари механизмига 140 000 фуқарони жалб қиламиз. Керак бўлса, бу фуқароларни асбоб-ускуналар ва ижара шартномаси билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Шуни айтиб ўтишим керакки, ҳали хориж давлатларида ҳам йўлга қўйилмаган ушбу система  самарали натижаларни тақдим этади. Хусусий боғчалар қурилиши натижасида 10600 киши иш билан таъминланиши кўзда тутилган. 101000 иш ўрни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш эвазига, 26880та иш ўрни ҳунармандчиликни ривожлантириш эвазига яратиб берилади.

Мавсумий ишларга 295 000дан ортиқ аҳоли жалб қилинади. 28та бир марталик ишга жойлаштириш бюролари бор. Мардикор бозори ишлари ҳам янги талаблар асосида такомиллаштирилади”.

“Ҳар жойни қилма орзу…” 

Ҳозирги кунда мамлакатимиз улкан қурилишлар майдонига айланган десак, адашмаймиз. Фақатгина бир оз ҳушёр тортиб, мавжуд муаммоларни атрофдаги инсонлар билан биргаликда ҳал қилишимиз талаб этилади, холос. Закий ота-боболаримиз “Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарозу” , дея бежиз таъкидлашмаган. Биз ўзимиз излаган имконларни, энг аввало, туғилиб ўсган масканимиздан изласак, нафақат ўз манфаатимиз учун, балки Она юртимиз равнақи йўлида ҳам ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.