Душанба, 18 Ноябрь 2019

Балиқчилик — етти хазинанинг бири

Ислоҳотларнинг янги босқичи қандай кечмоқда?

Ота-боболаримиз азалдан балиқни ҳалол ва пок луқма сифатида эътироф этиб келишган. Шунингдек, бу озуқанинг ҳам жисмимизга, ҳам руҳиятимизга ўзгача қувват бағишлайдиган сирли хусусияти бор. Мутахассислар аквариумда сузиб юрган балиқни томоша қилганида нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам руҳиятида ижобий ўзгаришлар бўлишини бежиз таъкидлашмайди. Беғуборлик ва самимият кириб борган хонадонларда эса ҳамиша тинч-тотувлик ва аҳиллик ҳукмрон бўлади. Хўш, бугунги кунда аҳолининг балиққа ошиб бораётган талаб ва эҳтиёжлари қандай қондирилмоқда?

Халқаро пресс-клубда “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор муҳокамасига бағишланган “Балиқчилик етти хазинанинг бири ёхуд ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзусида сессия бўлиб ўтди. Бугунги кунда Ўзбекистон республикаси бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган мақсадли дастурлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси таъминланиб келинмоқда. Ички бозорни сифатли ва арзон нархда балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш масалалари ҳамда балиқ маҳсулотлари нархининг барқарор сақланиши халқаро пресс-клуб майдонида муҳокама мавзусига айланди.

Юқори сифатли оқсил демакдир…

“Ҳозирги кунда ҳукуматимиз томонидан сув маҳсулотларини етиштириш, балиқ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолига қўшимча даромад ишлаш имконини беришда юқори даромадли соҳа сифатида балиқчиликка катта аҳамият қаратилмоқда, — дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Руҳулла Қурбонов. — Бунда фермер ва балиқ овчилари, балиқ етиштирувчи, балиқ сотувчи, балиқ етказиб берувчи давлат, вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги департаменти хизматчилари қишлоқ хўжалиги фаолиятини диверсификация қилишдан ва сув маҳсулотларини етиштиришдан манфаатдор.

Мамлакатда балиқ етиштиришнинг устуворлиги озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаган ҳолда аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради. Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра Ўзбекистон учун балиқни истеъмол қилишнинг минимал меъёр миқдори бир йилда бир киши учун 12 килограммни ташкил қилади. Дунё бўйлаб бу кўрсаткич бир киши учун 16,6 килограммни ташкил этади. Мамлакатимизда  32 миллиондан ортиқ аҳолининг балиқ истеъмол қилиш меъёри эса 384 минг тоннани ташкил этади”.

 Тадбиркорга қандай солиқ имтиёзлари бор?

Ўзбекистон иқтисодиётида аграр сектори муҳим ўринни эгаллаганини инобатга олиб, қишлоқ хўжалик ташкилотлари,  шулар қаторида балиқ хўжаликлари муҳим имтиёзларга эришди. Шу қаторда “Ўзбекбалиқсаноат” ассоциацияси, “Балиқсаноат”  МЧЖ ва шулар таркибига кирган юридик шахсларга 2023 йилнинг 1 январига қадар даромад жиҳатидан ягона солиқ тўловини тўлашда солиқ имтиёзлари қўлланилади. Хусусан, “Ўзбекбалиқсаноат” ассоциацияси, “Балиқсаноат” МЧЖ ва унинг таркибига кирувчи юридик шахслар учун 2023 йилнинг 1 январигача балиқ маҳсулотларидан тушган  даромадга нисбатан имтиёзлар жорий қилинди. Шу билан биргаликда АТБ “Ипотекабанк” тарафидан соҳадаги лойиҳаларни ҳаммолиялаштириш, консалтинг, ахборот-таҳлилий ва маркетинг хизматларини кўрсатувчи дастурларга кўмаклашиш мақсадида янги сармоя компанияси тузилмоқда. Бундан ташқари, “Ипотекабанк”  АТ банки томонидан балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун зарур бўлган замонавий технологияларни харид қилишга имтиёзли, яъни 5 йил муддатга Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида имтиёзли кредитлар ажратиб борилади.

Дастурда Россия, Венгрия, Въетнам давлатлари билан балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ва янги кўлларда балиқ етиштириш бўйича йирик ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларининг тоғолди ҳудудларида форель, осётр каби турдаги балиқларни етиштириш бўйича ишлар ҳам олиб борилади.

 Қабул квоталари икки баравар ошади 

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг ўринбосари Шуҳрат Раҳматовнинг таъкидлашича, кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам мазкур қарорда алоҳида эътиборга олинган. 2018-2019 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида балиқчилик соҳасига бакалавр йўналишида қабул квоталари икки бараварга кўпайтириладиган бўлди. Тошкент давлат аграр университети эса келгуси ўқув йилидан 6 нафардан магистр тайёрлашни бошлайди. Арнасой қишлоқ хўжалик ва транспорт ҳамда Қуйичирчиқ агроиқтисодиёт  касб-ҳунар коллежларида эса балиқчилик соҳаси кадрларини қайта ўқитиш курслари очилади.

Инкубация цехлари ташкил этилади 

Қарорга асосан, Тошкент вилоятида Эркин иқтисодий зона ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади, фаолият йўналишлари нималардан иборат бўлади?

Ушбу саволга “Ўзбекбалиқсаноат” раисининг биринчи  ўринбосари Руҳулла Қурбонов шундай жавоб берди:

“Эркин иқтисодий зона ташкил этилиши бежиз эмас. Ушбу иқтисодий зонада биз балиқларни кўпайтиришни ташкил этишимиз керак. Агар биз балиқларни меъёридан сал ортиқроқ кўпайтирмайдиган бўлсак, кўзланган мақсадга эришолмаймиз. Ҳосилдорлигимиз паст бўлади.

Қолаверса, инкубация цехларини ташкил қилиш лозим. Замонавий талабга жавоб берадиган инкубация цехлари ташкил қилинсагина биз балиқ личинкаларини балиқчилик хўжаликларига етказиб бера оламиз. Шунингдек, Эркин иқтисодий зонада ташкил этилмоқчи бўлган балиқчилик фермер хўжаликларига инвестиция киритилиши ҳамда балиқчилик хўжаликларига ем етказиш бўйича замонавий асбоб-ускуналар ўрнатиш лозим. Ва, энг муҳими, аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондиришимиз керак. Келгусида ўзимизнинг маҳсулот кўпайганидан кейин яқин мамлакатларимизга экспорт масаласини ҳам ҳал қилишимиз лозим.

Бундан ташқари, балиқ етиштиришда инновацион технологияни қўллаш лозим. Балиқ етиштиришда ёпиқ айланма тизим ва интенсив усул тизими бор. Эркин иқтисодий зонада барчаси амалга оширилиши кўзда тутилган”.

Қора ва қизил икралар олиниши кўпаймоқда 

Бугунги кунда дунё бозорида 1 кг қора икра 5 минг долларга баҳоланмоқда. Бугунги кунда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам юртимиз шароитида балиқдан қора икра олишга эришдилар. Ана шундай тадбиркорлардан бири Ўткир Даминов ўз тажрибалари ҳақида шундай деди:

“Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, балиқчиликда самарали натижа йиллар давомида бўлади. Айни пайтда биз хонбалиқдан қора икра оляпмиз. Бу натижага эришиш учун йиллар давомида ҳаракат қилдик. Қизил икрани уч йил олдин ола бошлаганмиз. Мен бемалол айтишим мумкинки, бизнинг икрамиз сифати жиҳатидан бошқа мамлакатларникидан қолишмайди. Мен ҳозирги пайтда Бўстонлиқ туманидаги товоқсой қишлоғида фарель, лосось ва осётр балиғини етиштиряпман. Авваллари бу балиқларни Ўзбекистонда етиштириш мумкин эмас, дейишарди. Мана, эндиликда Ўзбекистон шароитида осётр балиғини етиштириб, қора икра олиш мумкинлигини исботладик.

Шу ўринда ёшларга айтиб ўтмоқчиманки, Ўзбекистон шароитида балиқнинг ҳамма турларини етиштирса бўлади. Фақат балиқ турини муҳитга қараб танлаш керак. Масалан, Жиззах, Сурхондарё  ва Қашқадарё каби тоғли ҳудудлардан келиб, биздан тажриба ўрганишмоқда. Муздек тоғ сувида фарель ва лосось балиқлари  тез катта бўлади.

Балиқ дунё барометри ҳисобланади. Шу боис, ҳамиша унга бўлган қизиқиш кучли. Одамлар келиб етиштирган балиқларимиздан истеъмол қилишса, уларнинг пулларига эмас, соғлиқларига ҳисса қўшганимга хурсанд бўлиб кетаман. Оиламизда ҳам тез-тез балиқ истеъмол қиламиз. Онам ҳозир 94 ёшдалар. Фарзандларим ҳам соғлом бўлиб вояга етишмоқда.

Балиқ хўжалиги пок заминни талаб қилади, бир-икки йилда кутилган натижага эришиш мушкул. Кучли витаминларни ва балиқ ейдиган ўтни ўз вақтида бериш керак. Астойдил ҳаракат қилган тадбиркор, албатта, меҳнатининг роҳатини кўради. Шу пайтгача балиқ боқиб камбағал бўлган тадбиркорни билмайман. Шунинг учун Президентимиз томонидан яратиб берилган шароитлардан фойдаланиб, астойдил ишлаш керак. Мен бошида Финландиядан озуқа олиб келиб, балиқларимни катта қилганман. Ўша пайтда бу озуқа 3-4 евро турарди. Энг қийини, бу озуқани чегарадан олиб ўтишнинг имкони йўқ эди. Мана, ҳозир қарор асосида тадбиркорларга барча имкониятлар яратиб берилмоқда”.

Таомномамиз ўзгариши аниқ! 

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, мол ёки қўй гўштини ҳазм қилиш учун 4 соат вақт керак бўлар экан. Балиқ гўшти эса бир соатда ҳазм бўлиши аниқланган. Демак, эндиликда таомномамизни ҳам ўзгартиришга тўғри келади. Ҳафтада бир кунни эмас, балки уч кунни балиқ куни деб эълон қилсак, соғлиғимиз ҳам кўнгилдагидек бўлади. Қолаверса, балиқ нархи қўй ёки мол гўшти нархидан анчагина арзон эканлиги ҳам мақсадга мувофиқдир. Келгусида  тадбиркорларимизнинг ғайратлари туфайли дўкон ва бозор пештахталарида балиқлар кўпайиб боргани сайин нархлар янада арзонлашиб кетса, ажаб эмас!

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.