Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Ажралишни истамайман

Ота-онамнинг хоҳиш-истагига кўниб, турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим Акмал ака билан икки-уч ойча тотув яшадик. Кейин эрим негадир ўзгара бошлади.

У баъзан ярим кечагача уйга келмасди. Эримнинг хиёнат кўчасига кирганини сезиб турардим. Чунки кечаси қайтганида уст-бошидан турли лаб бўёқлари, нотаниш атир ҳидлари анқирди. Бу ҳақда ўзига бир неча бор гапирдим ҳам, аммо у мени қаттиқ жеркиб, ҳатто уришиб ташлади. Охири бу ҳақда онамга айтишга мажбур бўлдим. У киши “Қизим, сабрли бўл, фарзанд кўрсанг, инсофга кириб қолар” деб, мени юпатди.

Бир куни қайнанам ва Акмал акам “Онангни кўриб келамиз” деб, бизникига борадиган бўлишди. Онам бизни кўриб, роса хурсанд бўлиб кетди. Лекин… кутилмаганда қайнанам: “Қудажон, мана, фарзандларимиз оила қуришганигаям бир йилча бўлиб қолди, аммо негадир қизингиз ҳомиладор бўлмаяпти. Айтишларича, у туғмас экан” деди ва мени шу ерда қолдириб ўзлари кетишди.

Бу туҳматни эшитиб, карахт бўлиб қолдим. Шундан сўнг эрим  келиб, ажрим беришим кераклиги, мен билан яшамаслигини айтиб, бақир-чақир, дағдаға қилиб кетадиган одат чиқарди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди.

Икки йилча ўтиб, мени судга чақиришди. Акмалнинг даъво аризасидаги важларни эшитиб, туҳмат балоси нақадар даҳшатли эканлигини тушуниб кетдим. Уларнинг судга ёзишларича, гўё мен бир дунё буюмларини сўроқсиз уйдан олиб кетиб қолган эмишман. Устига устак, онамни муросага келтириш учун келган эрим ва қайнанамни қувиб солганмишман…. Бундай ёлғонларни эшитиб, ёқамни ушладим.

Ҳозир икки йўл орасидаман. Аслида эрим билан никоҳимизнинг бекор бўлишига арзирли ҳеч қандай сабаб ва важ йўқ. Эримнинг яқинлари тўйдан олдин бир йилча уйимизга тинмай совчи юборишган эди. Энди эса биз сабабсиз ёмонга айландик. Онам бечора ҳам: “Мен сени бахтсиз қилдим, нега шошилдим?” дея куну тун пушаймон…

Сабр қилсак, фарзандли ҳам бўлармиз. Балки икковимиз ҳам даволанишимиз керакдир. Аммо қайнанам: “Менинг ўғлим соппа-соғ, айб фақат сизда”, дейишдан нарига ўтмаяпти. Мен эса судда ажрашишга норози эканимни қатъий айтдим. Ахир ажрашсам, одамлар нима дейди?

Суддагилар бизга бир қарорга келиш учун муҳлат берди. Мен эндигина бошлаган ҳаётимни ташлаб, аросатни танлаш ниятида эмасман. Эрим эса мен билан бирга яшашга кўнмаяпти. Бу вазиятни қандай юмшатишни билмай, бошим қотган…

Анора,

Андижон вилояти.

 Нигора АЛИШЕР қизи тайёрлади