Сешанба, 18 Декабрь 2018

Ажойиб кино (Ҳажвия)

“Қандай яшашни биладиганлар бунча кўп? Бахтли яшаётганлар эса камчилик”, деган гапнинг мағзини чақиш ниятидаги Санобар опа қўшниси Тамиллахоннинг эшигини тақиллатди.

Уни табассум билан кутиб олган Тамиллахон дастурхон тузаётиб, қўшиб қўйди:

— Мазза қилиб бирга сериал кўрамиз. Биз ҳам бир маданий дам олайлик. Ана, бошланди!

“Нақадар бахтиёрман!” — Изабелнинг  кўзлари чақнаб айтган бу сўзлар Тамиллахоннинг энсасини қотирди. Шу пайт экрандаги Эдмундо: “О, Изабель! Сени бахтиёр кўриш — мен учун бахт. Ҳамиша бахтиёр юришинг учун нима қилай, айт?” — деди.

— Ана савол-у, мана савол! Бизнинг эрлар: “Чакагинг ўчиши учун нима қилишим керак?”дан бошқа саволни билмайди-а, опа? — деб Тамилла бошини  чайқаб турганида, Эдмундо: “Менга бўлган муҳаббатингни қадрлайман. Севгимни жавобсиз қолдирмаганинг учун эҳтиромим ифодаси сифатида арзимас совғамни қабул эт”, — деб Изабелнинг елкасига мўйнали пальтони ёпди.

— Қандай бахтли аёллар бор-а бу дунёда?!  Мен бечора,  битта пальтони  саккиз йилдан бери кияман, — деди Санобар опа.

Сериалдаги Изабель қувончдан сўз тополмай, чеҳрасида ҳайрат ва табассум акс этганча, жим турарди. Буни кўрган Тамилла:

— Тили танглайига ёпишиб қолганми?! — деди.

— Фалон пулли пальто бўлса?! — уни тасдиқлади Санобар опа. — “Эдмундо ака, ўзим ўргилай сиздан, барака топинг. Пальто обериб, мени иззат қилган бўлсангиз, кармонингизга ғойибдан барака берсин”, демайсанми, бечора хурсанд бўлмайдими?! Мўйна пальтони кийволи-и-иб, безрайиб туришини қаранг!

Эдмундо шўрлик бу сукутдан хавотирга тушдими: “Бахтим, юр, бутикка борамиз”, — деди.

— Нима, бозордан олса, тешиб чиқарканми?! — энсаси қотди Тамилланинг ва улар тушган автомобиль бутик қаршисида тўхтаганида, эшикдаги “Ёпиқ” деб ёзилган тахтачани кўриб, қувончини яширолмай:

— Ажаб бўпти! — деб юборди.

— Ҳақиқат бор! — қўшиб қўйди Санобар опа.

Улар  бутик очилгунига қадар автомобиль эҳтиёт қисмлари сотиладиган дўконга боришди. Эдмундо узатмалар қутиси, радиатор, инжектор, тасмаларни бир-бир кўздан кечириб чиқди.

— Нима бало, машинаси эски эканми? — деди бундан ўзича хулоса чиқарган Санобар опа. — Фалон сўмга пальто олиб бергандан кўра машинангга қарамайсанми?

Сериал қаҳрамонлари ташқарига чиқишганда, бутик очилганини кўрган икки қўшни бараварига:

— Яна харажат! Эдмундонинг шўри қурсин!.. — дейишди.

Изабель қувониб кетди. Дўкон янги урфдаги кийим-кечак, сумка-пойабзал билан лиқ тўла эди. Изабель либосларни бирма-бир кийиб кўра бошлади. Эдмундонинг: “Кийиб кўришни бас қил. Ҳаммасини оламиз! Сенга ёққан ҳамма нарсани оламиз!” — деган гапидан Санобар опанинг ҳафсаласи пир бўлди:

— Мен бозорга отлансам-чи, эржоним: “Кўп пул сарфлама!” деб тайинлагани-тайинлаган.

— Хафа бўлманг, опа. Ўзи шу: бахт кимда — сочи паҳмоқда!

Икковлон қўллари харидларга тўлиб, дўкондан чиқишганида, Изабель муҳаббат тўла кўзларини Эдмундога тикиб:  “Азизим, сен дунёдаги энг ажойиб инсонсан”, — деди. Эдмундонинг: “Қорним бир оз очиққандай, балки тамадди қилармиз?” — деган гапига жавобан Тамиллахон:

— Уйга келиб, тўртта тухум қовуриб еса, ўлиб қоладими? — деб жавоб қайтарди.

Эдмундо Изабелни ресторанга таклиф қилганида, эри ҳар сафар бозорга борганларида олиб берадиган иккита сомса эсига тушган Санобар опанинг кайфияти тушди.

Тамадди тугаганида, Эдмундо Изабелнинг қўлига митти қутичани тутқазди. “О, Эдмундо! Қандай ажойиб! Бриллиант кўзли сирға орзу қилиб юрганимни қаёқдан билдинг? Ташаккур, азизим, ташаккур!” — деган жойида пичоқ бориб суякка тақалди.

— Бўлди, қўшни, у ёғини кўрмай қўя қолайлик, бўлмаса, қон босимим кўтарилиб кетади, — деди Санобар опа.

— Тўхтанг, опа, зўр жойига келдик, — деди. Экранда “Орадан бир ҳафта ўтиб” деган ёзув пайдо бўлди-ю, Изабель Эдмундога ғазаб билан тикилиб: “Сен совға қилган сирғани заргарга кўрсатдим, қалбаки экан”, — деди.

— Ажаб бўпти, хўп бўпти! — яйраб кетди қўшнижонлар.

“Бўлиши мумкин эмас”, — ўзини оқламоқчи бўлди  Эдмундо.

“Сен ёлғончисан. Мени тинч қўй. Мен Диегога турмушга чиқишга розилик бердим”.

“Нима? Нима дединг?”

“Мен Диегони танладим!..”

Изабель қарорини айтиб улгурмади. Эдмундо чўнтагидан тўппонча чиқарди-ю, уни отиб ташлади.

— Воййй… Вой, шўрим!..

— Санобар опа, ўзимизнинг эрларимиз яхши-е… Ёмон яшамаяпмиз… — деди Тамилла.

— Бахтлимиз денг, ўргилай, бахтлимиз! — деди унга табассум билан Санобар опа.

Дилдора НАЗАРОВА.