Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Қайси маҳсулот қандай дармондорига бой? 

Одамлар баъзи маҳсулотларнинг соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беришини қадимдан сезишган. Гап уларнинг таркибидаги дармондориларда экани бизга маълум. Уларнинг қай бирлари ўта муҳим ва қандай маҳсулотларда мавжуд?

Тўқималарнинг ўсишига ёрдам беради 

А дармондориси — жигар, сут, тухум, тўқ сариқ мева ва сабзавотларда мавжуд.

Кундалик меъёри: 700 мкг.

А витамини (ретинол) организмда кўплаб вазифаларни бажаради: тўқималарнинг ўсиши ва тикланишига ёрдам беради, иммунитетни кўтаради, жинсий безлар фаолиятини меъёрлаштиради. У кўриш қобилияти ва суяклар, шунингдек, тери ва сочларнинг соғлом бўлиши учун зарур. Ретинол танқислигининг эрта белгиси — шабкўрлик. Бунда ғира-шира қоронғи пайтда ва хира хонада кўриш қобилиятининг ўткирлиги пасаяди.

Оқсил ва ёғ алмашинувига масъул  

В1 дармондориси — ёнғоқлар, қўнғир гуруч, кунгабоқар донлари, картошка, апельсин таркибида бор.

Кундалик меъёри: 1,1-1,5 мг.

В1 витамини (тиамин) углевод, оқсил ҳамда ёғ алмашинувида муҳим роль ўйнайди, мия фаолияти, хотира, диққатни яхшилашга ёрдам беради, кайфиятни яхшилайди, ўқиш қобилиятини оширади, суяклар, мушаклар ўсишини кучайтиради, иштаҳани яхшилайди, қариш жараёнини секинлаштиради. Бу дармондори етишмаслигида жаҳлдорлик, уйқусизлик пайдо бўлади, иштаҳа йўқолади. Иссиқ ҳарорат таъсирида В1 витамини бузилади, чой, каҳва ва спиртли ичимликлар унинг сўрилишига тўсқинлик қилади.

Гўзаллик витамини

В2 дармондориси — жигар, буйрак, тухум, қўзиқорин, бодом, творог, сут, хамиртуруш, маржумакда мавжуд.

Кундалик меъёри: 1,3 мг

В2 витамини (рибофлавин)ни кўпинча “гўзаллик витамини” деб аташади. Тери, сочлар ва тирноқларнинг соғлом ва гўзал бўлиши айнан шу дармондорига боғлиқ. Бундан ташқари, у иммунитетни мустаҳкамлайди, шикастланган тўқималарнинг тикланишини тезлаштиради. Бу дармондори етишмаслигида тери шўралайди, лабларнинг бурчакларида ярачалар пайдо бўлади.

Юрак фаолиятини яхшилайди  

В3 дармондориси — маржумак, ловия, картошка, сабзи, олма, писта, бодом, шампиньон қўзиқоринлари, сули ёрмаси таркибида бор.

Кундалик меъёри: 16 мг

В3 витамини (ниацин) “ёмон” холестерин ҳамда триглицеридлар даражасини пасайтиради (бу юрак хуружи хавфини анча камайтиради) ва юрак фаолиятини яхшилайди, гемоглобин ҳосил бўлишида иштирок этади. Бу дармондори танқислигида инсон чарчоқни ҳис қилади, уйқуси бузилади: тунда уйқусизлик безовта қилади, кундузи эса уйқу босади.

Асаб тизимини тартибга солади  — п

В9 дармондориси — яшил сабзавотлар, дуккаклилар, хамиртуруш, сабзи, ёнғоқлар, банан, тухум сариғида мавжуд.

Кундалик меъёри: 400 мкг

В9 витамини (фолий кислотаси) барча тўқималарнинг ўсиши, қон ҳамда иммун тизимларининг ривожланиши учун зарур. Фолий кислотаси асаб тизимининг қўзғалиши ва тормозланиши жараёнларини тартибга солади, зиқлик ҳолатларининг оқибатларини бартараф қилади. Унинг етишмаслиги организмнинг барча функцияларига зарар етказади.

Иштаҳани очишга ёрдам беради — п

В12 дармондориси — мол гўшти, қўй гўшти, курка гўшти, сут, пишлоқ, треска ва скумбрия балиғида бор.

Кундалик меъёри: 3 мкг

В12 витамини ҳужайралардаги ажралиш жараёнининг меъёрида кечиши ҳамда ДНК ҳосил бўлиши учун зарур. У тез янгиланувчи тўқималар — қон, иммун тизими, терининг ҳолатларига таъсир кўрсатади. Камқонликнинг олдини олади. Моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади, асаб тизимини соғлом сақлашга ёрдам беради, жаҳлдорликни пасайтиради ҳамда диққат ва хотирани яхшилайди. Болаларда ўсиш ҳамда иштаҳани очишга ёрдам беради.

Бу дармондори етишмаслигида кўп терлаш, нафас қисиши, кўриш қобилиятининг ёмонлашиши кузатилади.

Иммун тизимини мустаҳкамлайди

С дармондориси — цитрусли мевалар, наъматак, қизил қалампир, қорағат, пиёз, карам, картошкада мавжуд.

Кундалик меъёри: 60 мг

С витамини (аскорбин кислотаси) иммун тизимини мустаҳкамлайди, жароҳатларнинг битиш жараёнини тезлаштиради, қон ҳосил бўлиш жараёнини бошқаради, токсинларни чиқариб ташлайди, организмнинг қариш жараёнини секинлаштиради.

Иммунитетнинг пасайиши, умумий ҳолсизлик, иштаҳа бўлмаслиги, милкларнинг қонаши, тез-тез шамоллаш, бурун қонаши, оғиздан ёқимсиз ҳид келиши С дармондориси танқислигининг белгиларидир.

Кальций ҳамда фосфор даражасини сақлайди  

D дармондориси — балиқ ёғи, икра, балиқ, тухум сариғи, сут маҳсулотлари, жигар таркибида мавжуд.

Кундалик меъёри: 5-10 мкг

D витамини қондаги кальций ҳамда фосфор даражасини сақлайди. Кальций ва фосфор суякларнинг ўсиши ва уларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун зарур. D дармондориси қуёш нурлари таъсирида организмда мустақил ҳосил бўлишга қодир. Катталарда бу дармондори етишмаслигида мушаклар тонуси бузилади, уларнинг тортишиши, кариес, хавотир ҳисси безовта қилади.

Диққат: D дармондорисини эҳтиёткорлик билан шифокор тавсиясига кўра қабул қилиш керак!

Ультрабинафша нурлардан ҳимоялайди

Е дармондориси — ёнғоқлар, кунгабоқар донлари, нўхат, рябина, чаканда, наъматак, петрушкада бор.

Кундалик меъёри: 8 мг

Е витамини (токоферол) муҳим антиоксидант ҳисобланади. У ҳужайраларнинг қариш жараёнини секинлаштиради, уларнинг озиқланишини яхшилайди, терини ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. Айниқса у репродуктив тизим ҳамда ҳомиладорликнинг меъёрида кечиши учун муҳим. Мушакларнинг бўшлиги ва тез чарчаш токоферол етишмаслигининг ўзига хос белгиси ҳисобланади.

Миқдорнинг аҳамияти бор 

Бизга таниш бўлган “авитаминоз” атамаси аслида хато. Авитаминоз — бу организмда қайсидир дармондорининг умуман бўлмаслиги, аммо бундай бўлиши умуман мумкин эмас. Истеъмол қилаётган маҳсулотларимизда озми-кўпми, барча дармондорилар мавжуд. Гиповитаминоз — организмда витамин етишмаслиги, дейиш тўғрироқ бўлади.

Зарур миқдор:

Ёшга (инсоннинг ёши қанча катта бўлса, дармондори шунча кўп керак).

Тана вазнига (вазн қанча оғир бўлса, керакли дармондори миқдори ҳам шунча кўп бўлади).

Жисмоний юкламага (улар қанчалик фаол бўлса, дармондорилар шунча кўп сарфланади ва уларнинг ўрнини тўлдириш зарурияти ҳам ошади). Аммо “қанча кўп бўлса, шунча яхши” қоидаси бу ерда ўринсиз, чунки дармондориларнинг ҳаддан ташқари кўп миқдори гипервитаминозга олиб келади. Шу сабаб, витаминли комплексларни қабул қилишда эҳтиёт бўлинг. Бу кўпроқ ёғда эрувчан дармондорилар (А,D,Е)га тааллуқли. Улар ёғ тўқималари ва жигарда йиғилиб, ўтириб қолиш хусусиятига эга. Сувда эрувчан дармондорилар эса организмдан осон чиқарилади ва одатда айнан улар бизга етишмайди.

 

ДИЛОРОМ тайёрлади.